Ҳамкорлик ва барқарорлик йўлида муштарак мақсадлар

/
Шу йилнинг 19-20 февраль кунлари пойтахтимизда Симпозиумлар саройида дунё миқёсидаги йирик анжуман — “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” деб аталган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамкорлигида ўтказилган бу анжуманда Америка Қўшма Штатлари, Афғонистон, Буюк Британия, Бельгия, Германия, Ҳиндистон, Исроил, Испания, Қозоғистон, Канада, Миср, Хитой, Жаунбий Корея, Қувайт, Озарбайжон, Қирғизистон, Малайзия, Нидерландия, Покистон, Польша, Россия, Туркия, Финландия, Швеция, Франция, Япония, Туркманистон, Тожикистон, Венгрия каби жаҳоннинг кўплаб давлатларидан жамоат арбоблари, Стратегик тадқиқотлар институтлари ва марказларининг 100 дан зиёд мутахассислари, олимлари, социал тадқиқотчилари иштирок этдилар. Шунингдек, конференцияда Европа Иттифоқи, Жаҳон савдо ташкилоти, Америка давлатлари ташкилоти, Арктика маслаҳатлашув кенгаши минтақавий тузилмаси, Жаҳон банки, Европа инвестицион банки, Осиё тараққиёт банки, Европарламент ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.
Ушбу халқаро анжуманнинг айнан Ўзбекистонда, Тошкентда ўтказилиши бежиз эмас. Бунинг бир неча сабаблари бор. Аввало, кейинги икки йилдан ошиқ вақт ичида Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан мамлакатимиз ҳаётида, хусусан, унинг ташқи сиёсатида жуда катта ўзгаришлар юзага келди. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги давлатлар — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон билан аҳил қўшничилик, ҳамкорлик, ҳамдўстлик алоқаларини ўрнатди. Бу ишларни амалга оширишда етакчилик қилди, ҳамкорликлар ташаббускорига айланди. Натижада ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича манфаатли ечимлар топилди, дўстона ва савдо алоқалари кучайди, транспорт қатновлари йўлга қўйилди, Давлат чегараларини демаркация ва демилитация қилиш бўйича мулоқотлар фаоллашди. Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасида янгидан ўзаро муштараклик юзага келди.
Айни пайтда, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро анжуман ўтказилди. Анжуман ҳужжатлари натижасида БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июндаги ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди. Бу Марказий Осиё регионида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон бошлаб берган улуғвор ишнинг халқаро миқёсдаги эътирофи эди.
Шу билан бирга, Марказий Осиё регионида бошланган ўзаро ҳамкорликлар шу минтақа доирасида чегараланиб қолмаётир. Минтақа ва ундаги давлатлар билан дунё мамлакатлари ўртасида ҳам турли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари юзага келмоқда. Бошқача айтганда, Марказий Осиё дунёга, дунё эса Марказий Осиёга бағрини очмоқда. Шу сабабли бугунги кунда минтақада ҳамкорликларнинг ўзига хос жиҳатларини, ютуқ ва муаммоларини, янги имкониятларини, унинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини жиддий таҳлил ва тарғиб қилиш ҳаётий заруратга айланди.
Икки кун давом этган халқаро конференцияда ана шу масалалар икки йўналишда кўриб чиқилди. Биринчи йўналиш Марказий Осиёдаги давлатларнинг минтақавий ўзаро ҳамкорлигининг янгича тараққиёт омилларига бағишланди. Бунда минтақадаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари хусусида шўъба йиғилишларида сўз юритилди. Уларда савдо, иқтисодий, транспорт-коммуникация, хавфсизлик, сув, экология, энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Таълим, фан йўналишларидаги ҳамкорликлар юзасидан турли фикрлар алмашилди, янги ташаббуслар муҳокама қилинди. Марказий Осиёда савдо-иқтисодий соҳасидаги ҳамкорликни янада яхшилаш минтақада тижорат ишларини кенгайтиришга, божхона ва чегара тартиб-қоидаларини енгиллаштиришга бевосита боғлиқ эканлиги қайд қилинди. Анжуман қатнашчилари региондаги мамлакатлар раҳбарларининг ишонч руҳидаги янгича маслаҳатлашувларини ижобий баҳолаб, транспорт, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Халқаро конференциядаги иккинчи йўналиш “Минтақаларнинг янгича тараққиёт омилларини халқаро миқёсда англаш: Марказий Осиё бошқа регионлардаги мамлакатлар билан ўзаро истиқболли ҳамкорликлар” масаласига бағишланди. Бугун дунё жиддий ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Тинчликни сақлаш, халқлар, давлатлар ўртасида ҳамкорликларни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарб бўлиб турибди. Шу маънода кўп асрлар давомида Яқин Шарқ, Жанубий ва Кичик Осиёни, Арабистонни, Европани бир-бирига боғлаб келган, маданиятлар чорраҳасидаги Марказий Осиё бугун ҳам тинчлик, ҳамкорлик минтақасига айланмоқда. Бу эса дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан минтақа ўртасида ҳамкорликларни юзага келтирмоқда. Форум қатнашчилари Марказий Осиё хавфсизлиги дунё хавфсизлигининг ажралмас қисми эканлигини, бу минтақадаги давлатлар халқаро ҳамда бошқа регионлардаги ташкилотлар ва мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаётганини алоҳида таъкидладилар.
Халқаро анжуман мавзусининг айнан шу номда белгиланиши ҳам бежиз эмас. Маълумки, Марказий Осиё минерал ресурсларга, энергия манбаларига, ишчи кучларига, табиий бойликларга бой маскан. Бу дунё миқёсида ҳамкорлик учун янги имкониятларни яратади. Шу билан бирга, минтақа учун халқаро терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ таҳдидлар ҳам мавжуд. Кўп йиллардан бери Афғонистонда давом этиб келаётган уруш, низолар даврнинг энг оғир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. Марказий Осиёнинг бир бўлаги бўлган Афғонистонда тинчликка эришиш минтақанинг кейинги тараққиётини белгилашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ёхуд Орол денгизи билан боғлиқ фожеалар минтақага экологик таҳдидни юзага келтираётгани сир эмас. Шунинг учун анжуманда ана шу масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман, Марказий Осиё давлатлари Стратегик тадқиқотлар марказлари раҳбарлари, вазирликлар вакиллари маърузаларида конференциянинг халқаро аҳамияти ва дунё ҳамжамияти тарихида тутган ўрни хусусида фикр билдирдилар.
Тошкент ўз тарихида жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлган. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан Тошкент шаҳрига “Тинчлик элчиси” деган фахрий унвон берилган эди. Эндиликда бу азим шаҳар дунёда тинчлик элчиси бўлиш билан бирга ана шундай халқаро анжуманларни ўтказувчи, дўстлик ва иқтисодий ҳамкорликларни барқарор этувчи шаҳарга ҳам айланмоқда.
Камол МУҲАММАД ЁҚУБ,
“Adolat” мухбири

Сўз — Халқаро конференция иштирокчиларига
Наталья Герман,
БМТ Бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари:

— Кейинги икки йилдан ошиқ вақт ичида Марказий Осиёда икки ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқалари кучайди. Минтақага алоқадор турли соҳаларга оид масалалар, кўп йиллардан бери ҳал қилинмай ётган муаммолар ечимини топмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар жабҳадаги ташаббускорлик фаолияти эътиборга молик. 2017 йилда Самарқандда, 2018 йилда Тошкентда, бу йил эса яна Тошкентда ўтган халқаро конференциялар Марказий Осиёда дўстлик ва иқтисодий соҳада ҳамкорликларни кучайтиришга катта эътибор берилаётганини кўрсатади. Маълумки, бу регионда терроризм ва экстремизм таҳдиди долзарб муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Бу таҳдидни эса эндиликда барқарорлашаётган минтақавий ҳамкорликларни кучайтириш ёрдамида бартараф этиш мумкин. Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва бу ташкилотнинг минтақавий марказимиз Марказий Осиёда тинчликни, ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга ошираётган ишларни ҳамиша қўллаб-қувватлайди.
Петер Буриан,
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили:

— Марказий Осиё мамлакатлари жуғрофий жиҳатдан бир-бирига яқин. Уларнинг тараққиёт йўллари ҳам ўзаро ҳамоҳанг, маданиятлари ягона маконда таркиб топган. Бу ерда истиқомат қилувчи халқларни умумий маънавий-ахлоқий қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар, олис ўтмиш тарих ва келажак йўллари бирлаштириб туради. Уларнинг тили, дини, яшаш тарзлари бир. Улар гўё бир отанинг турли фарзандларидай таассурот қолдиради. Яна бир муҳим жиҳат, Буюк Ипак йўли чорраҳаларида жойлашган бу минтақа халқлари минглаб йиллар давомида турли мамлакатларнинг савдо ва иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга, маданиятлар ўртасида ҳамкорликларни амалга оширишга, турфа тиллар ва динлар мулоқотига, тамаддунига хизмат қилган. Менинг назаримда, Марказий Осиёда бугунги кунда тикланаётган ҳамкорликлар ушбу маконнинг ўша қадим даврлардаги қудратини, илм-фандаги, маданиятдаги нуфузини ҳам намоён этади. Европа Иттифоқи эса бундай улуғвор ишлар учун ёрдамини ҳам, маблағини ҳам аямайди.
Фавзия Арал Ҳабибий,
Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг
Марказий Осиё бўйича махсус вакили офиси мутахассиси:

— “Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми ҳисобланади. Бу ерда уруш ва низолар тўхтатилиши керак. Бунинг учун барча давлатлар билан Афғонистон ўртасида тинчлик, ҳамкорлик музокаралари олиб борилиши зарур. Бу мамлакатга ва халққа барча жабҳаларда амалий ёрдам кўрсатиш лозим”. 2018 йилнинг март ойида ушбу сўзлар айтилган Афғонистон бўйича ўтказилган юқори даражадаги Тошкент конференциясини жуда яхши эслайман. Ўша конференция якуни бўйича қабул қилинган “Тошкент декларацияси” Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида ўзига хос дастур эканлигидан хурсандман. Бу ишларнинг барчаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентига мингдан-минг раҳмат айтмоқчиман. Булардан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонга қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ёшларга таълим бериш ва яна бошқа соҳаларда биринчилардан бўлиб амалий ёрдам берди ва бермоқда. Бунинг учун ҳам миннатдормиз. Ана шундай муносабатлар туфайли бугун Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми сифатида эътироф этилмоқда. Афғонистондаги урушни бартараф қилмасдан туриб, нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда тинчликни барқарор қилиш мумкин эмаслигини халқаро ҳамжамият чуқур англаб етди. Ушбу конференция ана шу фикрни яққол исботлади. Бундан ташқари, Буюк Ипак йўлининг бир бўлаги бўлган Ҳиндистондан то Туркияга қадар ўтадиган халқаро йўлнинг, Марказий Осиёни денгизлар, океан билан боғлайдиган ҳамкорлик йўлининг барпо этилиши учун ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши зарур. Дўстлик қудрати уруш устидан ғолиб чиқишига ишонаман.
Федерик Старр,
Америка ташқи сиёсий кенгаши ҳузуридаги,
Марказий Осиё ва Кавказ институтининг раҳбари:

— Бугунги кунда дунё аҳолисининг 60 фоизи Осиё қитъасида яшамоқда. Ана шу 60 фоиз аҳолининг ярмини 29 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу қитъанинг қоқ марказида эса Марказий Осиё деб аталган регионни ташкил этувчи давлатлар жойлашган. Эндиликда ана шу давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жонланиш юзага келмоқда. Бундай жонланишнинг, янгиланишнинг юзага келиши табиий эди. Чунки бугун ҳаётдан тўла баҳра олишни истаган ёшлар, айниқса, дунё илм-фани, ҳаёт тарзидан хабардор бўлган зиёлилар эскича, ўз қобиғига ўзи ўралиб яшашни истамай қўйган эдилар. Бундай пайтда ҳар қандай мамлакат учун очиқлик, яъни бошқа давлатлар, биринчи навбатда, яқин қўшнилар билан ҳамкорлик, борди-келдиларни мустаҳкамлаш, узоқ хорижий ўлкалар билан дўстона алоқаларни тиклаш, шу тариқа мамлакатни юксак тараққиёт йўлига олиб чиқиш, халқнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳаётий заруратга айланади. Ўзбекистон Президенти бу ҳаётий заруратни тўғри англади ва республикада кўплаб ислоҳотларни амалга оширди. Бу ислоҳотлар нафақат Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда, балки халқаро миқёсда ўзига хос янгиланишларни бошлаб берди. Бу конференция ана шу янгиланишларга, янгиланишлар туфайли юзага келган имкониятлар ва муаммоларга бағишланди. Шунинг учун мен бу анжуманни ва Марказий Осиёдаги бугунги ҳолатни “Дунёни янгича англаш йўли”, деб атаган бўлардим.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган семинар-тренингни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг бир гуруҳ фаоллари Олий ...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясининг самарали ва кенг миқёсда амалга оширилаётгани саноатнинг етакчи тармоқларини жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда....
01 янв 1970
Бинобарин, мамлакатимизда истиқлол йилларида демократик сайловлар асосида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими ша...