Халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида

/
Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати нафақат дунёда ва минтақамизда кечаётган жараёнларга тўғри муносабат билдириш, балки ички ривожланиш вазифаларини ҳал этишнинг самарали воситаси сифатида ҳам шаклланаётганини кузатишимиз мумкин. Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келадиган ана шундай кўп томонлама изчил ва фаол ташқи сиёсатни амалга ошириш — давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш ва халқ турмушини яхшилашнинг зарур шарти ва ғоят муҳим воситаси ҳисобланади.
Жорий йилнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Бунинг учун халқаро ташкилотлар, халқаро минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан хусусан, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида қайд этилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимизнинг ҳаётий муҳим манфаатлари ушбу минтақадаги бизга қўшни мамлакатлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг яқинда қўшни Туркманистонга ташрифи жорий йилнинг 6-7 март кунлари давлат ташрифи доирасида ўтган олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасида биродарлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув ва музокараларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Бугун Ўзбекистон ва Туркманистон жамоатчилиги мазкур ташриф жуда самарали бўлганлигини, у ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосидаги шерикликка янги суръат бахш этиши ва истиқболда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш йўлида кенг имкониятлар очишини алоҳида таъкидлашмоқда.
Маълумки, халқимиз туркман халқи билан азалдан ёнма-ён, аҳил-иноқ яшаб келган, бир дарёдан сув ичган, қуда-андачилик ришталарини боғлаган, савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган.
Ушбу азалий дўстлик мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги кун ривожига ҳам муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон – Туркманистон алоқалари 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома асосида изчил тараққий этмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётган давлатлар ҳисобланишади. Ҳар иккала мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа кўплаб халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳам изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар давомида мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Айниқса, ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва металлургия саноати, сув хўжалиги иншоотларидан фойдаланиш, сайёҳлик каби йўналишлардаги ҳамкорлик устувор аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Маълумки, Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинмоқда. Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги, уни кенгайтириш учун иқтисодиёт тармоқларидаги имкониятларни яна бир бор таҳлил этиш зарурлиги Президентимизнинг ташрифи давомида алоҳида таъкидланди. Музокаралар давомида ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатларимиз минтақавий интеграцияни ривожлантириш Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, изчил тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар давомида мамлакатларимизнинг қўшни Афғонистонда фақат сиёсий йўл билан барқарорлик ўрнатилиши мумкинлиги борасидаги фикри ҳам муштарак эканлиги яна бир бор тасдиқланди. Шу билан бирга, терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Умуман, Президентимизнинг Туркманистонга бу галги ташрифи ҳам жуда самарали ўтганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Буни музокаралар якунида икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасида имзоланган қатор ҳужжатлар ҳам яққол тасдиқлади. Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан Сейитназар Сейди номидаги Туркманистон давлат педагогика институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Тошкент ва Ашхобод шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатиш тўғрисидаги битимлар, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва Туркманистон давлат спорт қўмитаси ўртасида ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг иштирок этишини ташкил қилиш ва ҳамкорлик тўғрисидаги баённома, “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси билан “Туркманнебит” давлат концерни ўртасида ўзаро англашув меморандуми, “Ўзбекэнерго” АЖ билан Туркманистон Энергетика вазирлиги ўртасида электроэнергия транзити соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси билан “Туркмен-ҳова-ёллари” хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум каби ҳужжатларнинг имзоланганлиги музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини кўрсатади. Эришилган келишувлар истиқболда Ўзбекистон — Туркманистон ҳамкорлигига янги суръат бахш этиб, уни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Шу ўринда мамлакатимиз ташқи сиёсатида юз берган муҳим жараёнлардан яна бири – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига қилган ташрифига ҳам алоҳида тўхталиш зарур.
Мазкур ташриф давомида Саудия Подшоҳи ва Валиаҳди билан музокаралар бўлиб ўтди ва мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Президентимиз Саудия Арабистони пойтахти — Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди.
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти, шунингдек, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари қатнашган ушбу муҳим Саммит экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриш, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.
Таъкидлаш жоизки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш» деб номланган бешинчи йўналиш доирасида юртимизда миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, бу борада Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепциясини ҳамда Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ўзбек халқига хос, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган миллатлараро ва динлараро бағрикенглик бошқа мамлакатлар ва халқлар учун намуна сифатида қабул қилиниши мумкин. Қадимдан Ватанимиз ҳудуди бўйлаб Буюк ипак йўли ўтган бўлиб, у Шарқ ва ўарбни ўзаро боғлаб турган ва миллатлараро мулоқотнинг ривожланиши ҳамда аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва бағрикенглик ғоялари қарор топишида мустаҳкам замин яратган.
Ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизда миллатлараро аҳиллик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Саммит доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор давлат раҳбарлари билан, хусусан, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф ўани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлуд Човушўғли билан учрашиб, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашганлиги мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлигини чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Президентимиз Ар-Риёдга ташрифи давомида Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажар билан ҳам учрашди. Учрашувда Ўзбекистон билан ИТБ ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кенг муҳокама қилинди.
Ҳозирда Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда 1,4 миллиард долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бироқ учрашувда ҳамкорликни янада тараққий эттириш, уни янги босқичга кўтариш учун ҳали ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлиги алоҳида қайд этилди ва ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида инсоният тараққиётига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Туркманистон ва Саудия Арабистонига ташрифлари мамлакатимиз ташқи сиёсатида янги саҳифа очди ва унинг халқаро алоқаларини янада кенгайтириш йўлида янги уфқларни белгилаб берди. Мазкур ташрифлар давомида эришилган аҳдлашувлар, қатор стратегик масалалар бўйича олиб борилган фикр-алмашув ва мулоқотлар мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини чуқурлаштириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, пировардида эса юртимизни янада тараққий эттириб, дунёдаги ривожланган давлатлар сафига олиб чиқиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...
01 янв 1970
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ёши улуғ фуқароларнинг, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда....
01 янв 1970
Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айлан...
01 янв 1970
Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати ички ривожланиш вазифаларини ҳал этишнинг самарали воситаси сифатида шаклланаётганини кузатишимиз мумкин. ...