САМАРАЛИ МУЗОКАРАЛАР

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 23 июнь куни Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашувлар ўтказди.
Ислом Каримов Владимир Путин билан мулоқот чоғида ушбу учрашув Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мантиқий давоми, мамлакатларимиз стратегик шерикликни ривожлантириш йўлидан бораётганининг яққол намоёни эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. 2015 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,4 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Ёқилғи-энергетика соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» нефть-газ компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда.
Учрашувда 2016 йил апрель ойида Москвада ўтган олий даражадаги музокаралар якунлари ўзаро ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани қайд этилди.
Президентлар Ўзбекистон – Россия муносабатларига доир кенг кўламли масалалар, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Владимир Путин Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида амалга оширилган ишларга юксак баҳо берди. ШҲТ саммити асносида бўладиган музокаралар барча соҳаларда минтақавий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ислом Каримов Туркманистон Президенти билан суҳбатда унинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорликнинг яна бир ифодаси эканини қайд этди. Бу давлатларимиз минтақада ва халқаро миқёсда бир-бирининг нуфузини ошириш ҳамда позициясини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаб келаётганини намоён этишини таъкидлади.
Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари юқори суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Олий даражадаги мулоқотлар мунтазамлик касб этган.
2015 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 320 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Мамлакатимиздан Туркманистонга автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарлар экспорт қилинмоқда. Туркманистондан юртимизга нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Транспорт ва транзит соҳаси иқтисодий алоқаларнинг стратегик йўналишларидан. Ўтган йили Ўзбекистон ташқи савдо юкларини Туркманистон орқали ташиш ҳажми 43 фоиз ўсгани бунинг яққол далилидир.
Учрашувда ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ШҲТ саммитига таклифи учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик изҳор этди. Туркманистон Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларини азалий дўстлик ва қўшничилик ришталари, маданият ва анъаналар уйғунлиги боғлаб туриши таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб, ўзаро савдо айланмаси муттасил ўсиб бормоқда. 2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 17,6 фоиз ошди.
Учрашувда мамлакатларимизда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Имомали Раҳмон Тожикистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлашини, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлганини таъкидлади. Мазмунли учрашув учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.
Ислом Каримов Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан суҳбатда ушбу учрашув олий даражадаги сиёсий мулоқотларнинг мантиқий давоми, эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг истиқболларини белгилаб олиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Ҳиндистон билан алоқаларга алоҳида аҳамият қаратади. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Кейинги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш 2 баробар ўсган. 2015 йилда бу кўрсаткич қарийб 320 миллион долларни ташкил этган. Мамлакатимизда Ҳиндистон капитали иштирокида тузилган 100 дан зиёд корхона, ушбу мамлакатнинг 15 фирма ва компанияси ваколатхоналари фаолият юритмоқда.
Инвестициявий ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Мамлакатимизда рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида «Минда Групп» компанияси билан ҳамкорликда енгил автомобиллар учун спидометр, тахометр ва турли электрон қурилмалар ишлаб чиқарилмоқда. «Новафарм», «Ультра Ҳелс Кеар», «Велл Мед Фарм» каби корхоналарда кенг турдаги фармацевтика маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Давлатларимиз минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Президентимиз Ўзбекистон Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо давлат бўлишга интилишини қўллаб-қувватлашини, бу ташкилотнинг нуфузини янада ошириши ҳамда минтақа халқлари тинчлиги ва фаровонлигига хизмат қилишини қайд этди.
Нарендра Моди самимий учрашув учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
ЎзА  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Барчамизга маълумки, хар қандай мамлакатнинг ижтимоий тараққиётига таъсир қилувчи, демократик характерини кўрсатувчи кўплаб ҳолатлар бўлиб, уларнин...
01 янв 1970
Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда.
01 янв 1970
Ватан. Бу қутлуғ сўз замирига жо бўлган моҳиятни тўлалигича тушуниш, англаб етиш учун инсоннинг маънавий камолоти жуда юксак даражада бўлмоғи лозим...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб парламент конференцияси бўлиб ўтди....