Суд мажлиси онлайн трансляцияси ошкоралик ва шаффофликни таъминлайди

/
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янги расмий веб-сайти ҳамда ундаги фуқаролар ва юридик шахслар учун янги интерактив хизматлар тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда БМТ резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, Америка Қўшма Штатлари, Ҳиндистон давлатларининг элчилари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Мак Грегор, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, “Минтақавий диалог” халқаро нодавлат ташкилоти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича республика Миллий маркази, Адвокатлар палатаси вакиллари ҳамда мамлакатимиздаги ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Судлар давлат ҳокимиятининг муҳим бўғини сифатида жамият манфаатларига хизмат қилиши, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаши, очиқ ва шаффоф бўлиши лозим. Президентимизнинг 2017 йил 30 августдаги қарори билан тасдиқланган “2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича Дастур” юртимизда судлар фаолиятини такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Дастурга мувофиқ, суд иши самарадорлигини оширадиган, суд жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайдиган, суд иштирокчилари учун қатор қулайликлар яратилиши юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
— Ўтган икки йил давомида Ўзбекистон суд тизимида кенг кўламли, том маънода тарихий ўзгаришлар амалга оширилди, фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш орқали уларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамлар ташланди, — деди Олий суд раиси Козимжон Камилов. — Айниқса, Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан тизимимизда доимий ишловчи — суд мажлисларининг онлайн трансляциясининг дунёда биринчи марта жорий этилиши бу — реал вақт режимида Олий суднинг веб-сайти орқали суд мажлисларини тўғридан-тўғри кузатиш имкониятидир.
Олий суднинг янги веб-сайти ва ундаги интерактив хизматлардан фойдаланувчилар жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар ҳақида маълумотлар олиш имконига эга бўлдилар. Веб-сайтда судлар фаолиятига доир статистик маълумотлар, ҳал этиладиган низолар, судларга мурожаат қилиш тартиби, мурожаат қилинганда ундириладиган давлат божи ставкалари ва реквизитлари тўғрисида батафсил маълумот олиш имконияти мавжуд бўлади. Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларга сайтдан фойдаланиш қулай бўлиши учун интерактив хизматлар тизимлаштирилган тартибда жойлаштирилган.
Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг интерактив хизматлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Маълумки, Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида фуқаролик ишлари бўйича барча судларда кенг жорий этилган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали судларга электрон мурожаат қилиш билан бирга, суд мажлисларининг жадвали, ўтказиладиган вақти ҳақида электрон хабардор бўлиши, барча суд қарорлари билан танишишлари мумкин.
Шуниси аҳамиятлики, тақдимотда кўрсатилган “Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш намуналари” суд тизимидаги янгилик бўлиб, бунда фуқаролар судларга мурожаат қилишда ҳужжатларнинг тайёр намуналаридан фойдаланиш имконига эга бўлишади. Айни пайтда веб-сайтда даъво аризалари, илтимоснома ва аризалар, шунингдек, шикоятларнинг ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги 500 га яқин намуналари жойлаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, тақдимотда Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, барча суд қарорларини Олий суд веб-сайтида тизимли равишда эълон қилиш амалга жорий этилмоқда. Эндиликда фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан барча суд қарорлари веб-сайтда эълон қилиб борилади.
Шунингдек, судлар фаолиятига марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси, ижро варақаларининг электрон юборилиши ва суд ишларининг судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимланиши ҳам татбиқ этилган.
— Бугун том маънода тарихий кун. Чунки фуқароларнинг судларга нисбатан ишончини ошириш, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида олдинга қараб катта қадам қўйилди, — деди БМТнинг резидент-координатори ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер. — Ҳаммамиз тақдимотда гувоҳ бўлганимиздек, Ўзбекистонда илк маротаба суд мажлисларини онлайн транцляция қилиш жараёни амалда йўлга қўйилди. Бу, албатта, мамлакатнинг Жаҳон банкининг ҳар йилги “Бизнесни юритиш-2018” (Doing Business-2018) ва Барқарор ривожланиш мақсадлари каби инвесторлар эътиборини тортадиган халқаро кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Биз Ўзбекистоннинг суд соҳасидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган барча ташаббус ва ислоҳотларини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда бу борадаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга тайёрмиз.
Бугунги кунда ушбу тизим синов тариқасида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудлари бўлган Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларидаги 12 та судга ўрнатилган ва ишга туширилган. Дарҳақиқат, тадбир иштирокчилари Олий суднинг веб-сайти орқали ушбу вилоятларда ўтказилаётган суд мажлисларини тўғридан-тўғри кузатишга муваффақ бўлишди.
Жорий йилнинг охирига қадар мамлакатимиздаги яна 22 та судни, 2019 йилда эса 100 дан ортиқ судларни онлайн трансляция тизимига ўтказиш режалаштирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, www.sud.uz, www.oliysud.uz ва www.supcourt.uz манзилларида жойлашган ушбу сайт ва ундаги интерактив хизматлар замонавий технологияларнинг сўнгги ютуқ ва имкониятларидан кенг фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган.
Саодат РАҲИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яратилган ҳуқуқий асослар мамлакатда ННТларнинг эркин ва барқарор ривожланишига олиб келди....
01 янв 1970
Самарқанд шаҳрида БМТ шафеълигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференцияси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди....
01 янв 1970
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ташқи дунё билан нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли муноса...