Долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

/
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.
Парламент аъзолари ўз ишларини янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошладилар.
Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг янги таҳрирда қабул қилиниши ҳозирги даврга қадар қонунчилик даражасида тўлиқ равишда тартибга солинмаган ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш механизмларини қонун билан белгилаш заруратига боғлиқ эканлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таъсирчанлигини оширишга ва қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этишга қаратилганлиги қайд этиб ўтилди. Қонун лойиҳаси биологик хилма-хилликнинг ажралмас қисми сифатида ёввойи ҳайвонлар генофонди комплекс равишда муҳофаза қилинишини таъминлашни назарда тутади.
Қонун лойиҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатиб қўйилмоқда ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш юзасидан уларнинг вазифалари белгилаб берилмоқда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирок этишига тааллуқли нормаларни мустаҳкамлаб қўйилган.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида давлат бошқарувининг, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида унинг амалий муҳокама қилинишини ташкил этишга катта эътибор қаратилди. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида етакчи мутахассислар, олимлар, тегишли соҳалар амалиётчилари, фуқаролик институтлари вакилларидан иборат бўлган, Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида ташкил этилган эксперт гуруҳлари аъзолари фаол иштирок этдилар. Бу эса қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди. Оммавий ахборот воситаларида қонун лойиҳасининг муҳокамаси ташкил этилди, муҳокама натижасида унинг моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик эътиборига етказилди.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасининг Демократик кучлар блоки ва мухолифатдаги фракциялари йиғилишларида ҳам бўлиб ўтди, йиғилишлар якунларига кўра, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан уларнинг нуқтаи назари шакллантирилди.
– Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида нормаларни амалга оширишни таъминлашга қаратилган қоидалар имкон қадар батафсил баён этилгани ҳамда ҳаволаки нормалар сони камайтирилганлиги биз учун аҳамиятлидир, – дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси А.Маҳматмуродов. – Яъни, ушбу жараёнда фракциямиз томонидан илгари сурилган бир қатор таклифлар инобатга олинди.
Умуман, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири унинг нормаларини янгидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган. Қонун лойиҳасида ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш турлари ва усулларини аниқлаштириш, ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар бериш чоғида рухсат этиш тартиб-таомилларини мукаммаллаштириш, ушбу соҳада мониторинг ва назорат ўтказиш назарда тутилган.
Муҳокама давомида депутатлар кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асосга айланишини таъкидлаб ўтдилар. Кўриб чиқиш якунларига кўра, ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Сўнгра бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Лойиҳа айрим қонун ҳужжатларини “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун нормаларига мувофиқлаштиришга қаратилган бўлиб, парламент назоратининг айрим шаклларини амалга ошириш нормалари ва тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.
Мунозаралар якунига кўра, депутатлар ушбу қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар ва биринчи ўқишда қабул қилдилар. Келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмитага топширилди.
Депутатлар мажлисда кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам тарихий, дея эътироф этилаётган мазкур учрашув кейинги 16 йил мобайнида илк марта юз берди....
01 янв 1970
 Бугунги кунда республикамизнинг қайси гўшасида бўлмайлик, халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига юксак масъулият билан тай...
01 янв 1970
Бундан 25 йил муқаддам – 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган...
01 янв 1970
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасининг Демократик кучлар блоки ва мухолифатдаги фракциялари йиғилишларида ҳам бўлиб ўтди....