Мустақил юртнинг муаззам майдони

/
Бундан 25 йил муқаддам – 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган
Куни кеча қалбларимизни ларзага солган оғир жудоликдан ўзимга кела олмадим. Кўнглим ҳувиллаб қолди. Бир илинж истаб мамлакатимизнинг бош майдони – Мустақиллик майдонига бордим. Майдондаги ҳар бир деталга синчиклаб разм соламан. Давлатимиз раҳбарининг “Биздан обод ва озод Ватан қолсин!” деган эзгу мақсадлари ижобати кўз ўнгимда гавдаланади.
Дарҳақиқат, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда олиб борилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари мана шу майдондан бошланган десак, хато бўлмайди.
...Эзгулик аркаси қаршисидаман. Тинчлик, осойишталик, хотиржамлик дарвозаси сифатида қад ростлаган бу иншоот халқимизнинг ғурури каби юксак. Парвозга шайланаётган турналар халқимизнинг буюк орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш йўлидаги юксак интилишлари, қатъияти ва иродаси, оқ лайлаклар эса тинч ва осуда ҳаётимиз, фаровонлик ва қут-барака тимсолларидир. Арканинг баланд ва мустаҳкам устунлари мамлакатимиз ривожи учун пойдевор бўлаётган бақувват таянчлар ифодасидир. Бу остонадан ўтадиган ҳар бир инсон муқаддас даргоҳга қадам қўяётганини ҳис қилади. Майдон ҳамиша яшнаб, барқ уриб турадиган кўкаламзорлари, етти иқлимдан келтирилган анвойи гулу буталари, манзарали дарахтлари билан кўзни қувонтиради.
Президентимиз Ислом Каримов 2005 йил 28 декабрда Мустақиллик майдонида янги барпо этилган монумент пойига илк бор гулчамбар қўйган эди. Майдонда мустақиллигимизнинг дастлабки йилида қад ростлаган Мустақиллик ва эзгулик монументи олдида фарзандини бағрига босиб, унга ишонч билан термулиб турган Бахтиёр она ҳайкали бунёд этилди. Бундан мақсад халқимизнинг орзу-интилишларини теран ифода этиш, ёшларимизнинг маънавий оламини эзгу ғоялар асосида шакллантириш ва камол топтиришдан иборатдир. Монумент ўз меъморий ечими, ғоявий-бадиий мазмуни билан Ўзбекистон танлаган йўл – Мустақиллик йўлининг таъсирчан ифодасига, асрий қадриятларимизнинг яққол намоёнига айланди.
Икки қатор қилиб экилган ям-яшил арчалар орасидаги йўлаклар Бахтиёр она ҳайкали томон олиб боради. Ҳайкал пойида бош эгаман. Бахтиёр она – она Ватан рамзи. Бу буюк тушунчанинг айнан она сиймоси орқали ифодаланиши, мамлакатимиз бош майдонида Бахтиёр она ҳайкалининг барпо этилиши онага, аёл зотига ҳурмат-эҳтиром нақадар юксак эканидан далолат. Чунки инсоннинг маънавияти ва дунёқарашини шакллантирадиган мезонлар она бағрида, оила муҳитида куртак ёзади. Онани ардоқлаш, меҳр-муҳаббатига яраша эъзоз ва эътибор кўрсатиш Юртбошимизнинг диққат марказидаги масалалардан эди.
Сал нарида невараси билан нуроний отахон кўринади. Отахон ҳар бир иншоот ҳақида батафсил гапириб бермоқда: “Бу Ер шари тасвири. Унинг марказида Ўзбекистон харитаси жой олган, у Мустақиллик ва эзгулик монументи деб аталади...”.
Отахон тўхтаб атрофга назар солди. Неварасининг бошини силаб сўзида давом этди: “Илгари бу жойлар “Қизил майдон” деб юритилган. Ёзнинг жазирамасида оловдек қизиб ётган бетондан иборат маскан энди ўйлаб кўрсам ўша тузумнинг кичкина намунаси бўлган экан”.
Дарҳақиқат, ҳар бир жой номига муносиб бўлади. Мустақиллик майдонининг кўрки ва тароватидан юртимиздаги ободликнинг нафаси келиб турибди.
Умумхалқ байрамлари ва тантанали маросимларда, спортчиларимизни халқаро мусобақаларга кузатиш чоғида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументини зиёрат қилиш яхши анъанага айланган. Мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий давлатлар раҳбарлари, турли даражадаги делегациялар вакиллари ҳам давлатимизга бўлган ҳурматини ушбу монумент пойига гул қўйиш орқали ифода этади.
Қуёш порлаб, майин эсаётган шабада дилларни тетиклаштиради, майсалар оҳиста тебранади, майдондаги ям-яшил арчалар, турфа гуллар кўзни қувонтиради. Юрагимдаги ажиб сокинликни, унинг замиридаги тинчлик ва осойишталикни янада теранроқ ҳис этгандек бўламан.
Қуёш нурида жилоланувчи фавворалар кўнгилга мусаффолик бахш этди. Фавворалар нафақат тинч ва осойишта ҳаётимиз, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг ёрқин ифодасидир. Фавворалар ансамбли меъморий услуби ва кўлами жиҳатидан атрофидаги маъмурий биноларга кўркамлик бағишлайди. Ҳароратни мўътадиллаштириб, атрофга салқинлик бахш этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси бинолари, Хотира хиёбони, “Туркистон” саройи, маъмурий бино, Маърифат маркази мажмуаси, “Пойтахт” бизнес маркази, Тасвирий санъат галереяси, Ёшлар ижод саройи каби замонавий комплекслар Мустақиллик майдонининг умумий манзарасини тўлдириб, унинг ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.
Мотамсаро она ҳайкали томон юраман. Онанинг қиёфаси кишини маъюс торттиради. Бу она қиёфасида Иккинчи жаҳон урушига кетган 1,5 миллион эр йигитнинг қайғуси мужассам. Ўша йиллари йиғлайвериб, кўз ёшлари қуриган меҳрибон она фарзандидан, аёллар суянчиғидан, опалар укасидан, сингиллар акасидан ажралганининг тимсоли бу.
Хотира хиёбонидаги зарҳал “китоб”ларда номлари қайд этилган ярим миллион аскарнинг руҳи мусаффо осмонимиз узра учиб юргани аниқ. Улар мотамсаро онага “Дард чекма она, энди фарзандларинг уруш деган балога йўлиқмагай” деяётгандек гўё.
Ўриндиқда қўлларини дуога очиб ўтирган онахонга кўзим тушди. Беихтиёр мен ҳам юзимга фотиҳа тортдим. Салом бериб, ёнига ўтирдим.
— Отамнинг қабри қаердалигини билмайман, — деб гап бошлади ўзини Муҳрима Шотурсунова деб таништирган онахон. — Уруш йиллари беш ёшда эдим. Отамнинг дийдорини аниқ эслайман. Кейин аскарлик пайтида тушган суратларини юборган. У даврларда инсоннинг қадри ҳам йўқ экан-да. Қаерда вафот этган, қандай вафот этган, дафн қилинганми-йўқми, буниси қоронғу. Отамни соғинганда шу ерга келиб, ҳаққига дуо қилиб тураман.
Онахон ўрнидан қўзғалар экан чуқур нафас олиб, “Номингдан айланай тинчлик! Тинчлик бор жойда ҳаловат бўлади, тўйлар бўлади, тинчлик бор жойда уйлар қурилади. Тинчликни асраш, қадрига етиш керак”, деди.
Мустақиллик майдонидан чиқарканман отасининг қўлидан ушлаб боғчадан, онасининг ёнида мактабдан қайтаётган, футбол майдонида шодон тўп тепаётган, анҳорда чўмилаётган, спорт анжоми ё чолғу асбобини елкалаб олган болаларни кўриб, дилим яйрайди. Юртбошимизнинг эзгу ишларини ёшлар, қолаверса, шу болажонлар давом эттиражак.
Абу Бакир ЎРОЗОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон замини дунё тамаддуни ва илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. ...
01 янв 1970
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди....
01 янв 1970
Фарзандлар камоли, уларнинг бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг улуғ орзусидир....
01 янв 1970
Мажлис аввалида йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо кел...