КЕНГ КЎЛАМЛИ ИСЛОҲОТЛАР — ЭЛУ ЮРТИМИЗ ФАРОВОНЛИГИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛИДИР

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 30 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида бўлгани сингари Сурхон воҳасида ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси юксалиб бораётир. Бир пайтлар фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланган воҳада бугун саноатнинг бир неча тури изчил ривожланаётир. Замонавий илғор технологиялар билан жиҳозланган корхоналар ишга туширилмоқда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тараққий этмоқда.
Бундай улкан ўзгариш ва янгиланишларни вилоятда эришилаётган ютуқлар мисолида яққол кўриш мумкин. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 8,4 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 7,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,4, қурилиш-пудрат ишлари 11,5 фоизни ташкил этди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланиши натижасида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 57,4 фоизга етди. Хусусий секторда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, соҳага кўплаб имтиёз ва преференциялар берилаётгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланишини таъминламоқда. Шу йилнинг биринчи чорагида вилоятда беш юзга яқин кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Тижорат банклари томонидан хусусий секторга 180 миллиард сўмга яқин кредит маблағлари ажратилди.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамигача 241 янги лойиҳани фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Термиз туманидаги “Жануб қуёши” масъулияти чекланган жамиятида 4,2 миллиард сўмлик инвестициялар ҳисобига йилига 1,2 минг тонна сут маҳсулотларини қайта ишлаш орқали қуруқ сут, пишлоқ, бринза ва йогурт ишлаб чиқариш ўзлаштирилаётган бўлса, “Gold Dried Fruits” корхонасида уч миллион долларлик инвестициялар ҳисобига 30 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ва замонавий омборхона лойиҳаси ишга туширилади.
Ислом Каримов вилоятга сафарини Термиз шаҳрида миллий ва замонавий меъморлик услублари асосида барпо этилган Хотира майдони билан танишишдан бошлади.
Президентимизнинг 2015 йил 22 майдаги “2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бунёд этилган майдонда ўтганларни хотирлаш, ёши улуғ инсонларни эъзозлаб, ҳурмат бажо келтириш учун барча шарт-шароит яратилган. Мазкур майдон икки гектарни эгаллаган. Бу ерда Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилган. Турли манзарали дарахт ва анвойи гуллар билан бурканган майдонда замонавий архитектура ва меъморлик анъаналарини мужассам этган кенг айвон барпо этилиб, алюминийдан тайёрланган махсус китоблар ўрнатилган. Ушбу китобларга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган сурхондарёликларнинг исм-фамилияси зарҳал ҳарфлар билан ёзилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур майдоннинг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Бундай муқаддас масканларни кўпайтириш, асраб-авайлаш борасида амалга ошираётган ишларимиз аждодларимиз хотирасига чексиз эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир, деди Ислом Каримов. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимиз йўлида жонини қурбон қилган ота-боболаримиз билан ғурурланиш, уларнинг муборак номларини доимо ёдда тутиш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир.
Юртбошимиз ушбу майдонни янада обод, кўркам ва файзли қилиш учун маҳаллий иқлим шароитига мос ранг-баранг дарахтлар, анвойи гулларни кўпроқ экиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Вилоятда лола дарахтини кўпайтириш учун замонавий питомник ташкил этиш юзасидан тавсиялар берди. Бундай ноёб дарахтлар ҳавони тозалаб, мўътадил ҳароратни сақлашини алоҳида таъкидлади.
– Анвойи гуллар ва ранг-баранг дарахтларга бурканган бу майдонни ёшу кекса зиёрат қилмоқда, аждодларимиз руҳига эҳтиром кўрсатиладиган ва турли тадбирлар ўтказиладиган обод гўшага айланди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси ўринбосари Орзиқул Соатов. – Бугунги тинч, осойишта, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, оилаларни мустаҳкамлаш, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда бу масканнинг тарбиявий аҳамияти ғоят муҳимдир.
Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг муносиб турмуш кечириши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқаришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Термиз шаҳрида бунёд этилаётган муҳташам санъат саройи ҳам бунинг ёрқин ифодасидир.
Қурилиш ишларини бугунги замон талабларига мос ҳолда олиб бориш керак. Бу жараёнда аввало лойиҳани пухта ишлаш, салоҳиятли пудратчи ташкилотларни танлаш, замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш даркор. Энг муҳими, бундай салобатли иншоотларга замонавий қурилиш материалларини ишлатиш, дизайни мослигига алоҳида аҳамият қаратиш зарур. Биз қураётган бундай бинолардан наинки бугунги, балки келгуси авлодлар ҳам завқ олсин, асрлар давомида эслаб, ўзгача ғурур билан яшасин, деди Ислом Каримов.
Бугунги кунда вилоятда 12 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Жорий йилда воҳа фермерлари 98 минг гектар майдонда бошоқли дон етиштириб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди. Ҳозиргача ғаллакорлар ҳосилдорликни гектарига 54 центнерга етказди. Пахта майдонларида ҳам барча агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқасида мўл-кўл мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Маҳаллий бозордан ортиқ қисми хорижга экспорт қилинмоқда. Шу йилнинг ўтган даврида вилоят соҳибкорлари 27,3 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилди.
Давлатимиз раҳбари Термиз туманидаги “Янгиариқ пахтакори” фермер хўжалиги даласида бўлиб, вилоят фаоллари ва фермерлари билан суҳбатлашди.
Президентимиз учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, истиқболли навларни экиб, ҳосилдорликни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кучайиб бораётган бир пайтда мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Сурхондарё замини учун бу йил жуда омадли келди, деди Президентимиз. Бу омад вилоят фермер ва деҳқонларининг 670 минг тонналик улкан хирмон бунёд этиб, мамлакатимизда биринчи бўлиб ғалла топшириш бўйича шартнома мажбуриятини бажаргани, турли соҳаларда улкан марраларни забт этаётгани, мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига муносиб туҳфалар тайёрлаётганида яққол намоён бўлмоқда.
Мазкур фермер хўжалиги аъзолари 23,5 гектар майдонда ғалла экиб, мўл ҳосил тўплади. Тажрибали фермер Ибодулла Давлатов шартномавий режани ортиғи билан бажарди.
– Фермерлик ҳаракати обод ва фаровон ҳаётимизнинг бош омилига айланди, – дейди “Янгиариқ пахтакори” фермер хўжалиги раҳбари Ибодулла Давлатов. – Буни ҳаётимиз тубдан ўзгариб, фаровон турмуш кечираётганимиздан яққол ҳис этмоқдамиз. Уй-жой қураяпмиз, машина олаяпмиз, фарзандларимизнинг орзу-ҳавасини кўраяпмиз. Бундай эътибордан руҳланиб, далага меҳр қўйиб меҳнат қилаяпмиз. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга интилаяпмиз. Масалан, ғалладан бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, такрорий экин экдик. Бу йилги ерёнғоқ ва мошнинг маълум қисмини хорижга экспорт қилиш учун шартнома туздик. Биз, сурхондарёлик деҳқонлар учун етиштирган озиқ-овқат маҳсулотларимизнинг бир қисмини Фарғона водийси аҳолисига арзон, қулай транспорт орқали етказиш муаммо бўлиб келган. Куни кеча Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ишга туширилиши билан бу муаммо барҳам топди, биз учун янги имкониятлар яратилди. Бундай бетимсол, тарихий иншоотлар қурилишининг ташаббускори ва раҳнамоси бўлган Президентимиздан чексиз миннатдормиз.
Хўжалик далаларида бошоқли дон ўрим-йиғими билан бирга ғўзага ишлов бериш ҳам қизғин давом этмоқда. ўўза ниҳоллари икки марта озиқлантирилиб, суғорилди. Барча дала юмушлари агротехник тадбирлар асосида олиб борилмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси, яъни Сизнинг, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич, раислигингизда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юбилей саммитини катта ҳаяжон ва ўзгача ғурур билан кузатдик, – деди тажрибали фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Исохон Баҳромов. – Ушбу мажлисда ташкилотнинг нуфузини ошириш, Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТ аъзолигига қабул қилиш бўйича тарихий қарорнинг имзолангани Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини янада юксалтирди. Саммит кунлари Тошкент – тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик шаҳри сифатида яна бир бор эътироф этилди. Бундан бутун мамлакатимиз халқи қатори Сурхондарё вилояти аҳолисининг ҳам қалби фахру ифтихор туйғуси билан тўлиб тошди. Буларнинг барчаси мустақиллигимизнинг шарофатидан. Шу боис истиқлолимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз керак.
Ислом Каримов Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилди.
Президентимиз Ҳаким ат-Термизий мажмуасини таъмирлаш юзасидан тегишли тавсиялар берди. Бунда воҳанинг ўзига хос анъаналари, замонавий меъморлик усулларидан фойдаланиш кераклигини қайд этди.
Куннинг иккинчи ярмида Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.
Мустақиллик йилларида Қашқадарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти мисли кўрилмаган даражада юксалди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Шўртан газ-кимё мажмуаси, “Муборакнефтгаз” унитар шўъба корхонаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон иссиқлик электр станцияси каби замонавий саноат корхоналари барпо этилди. “Ҳисорнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” каби йирик қўшма корхоналар ташкил қилинди.
Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми изчил ошмоқда. 2015 йилда бу кўрсаткич 5,4 фоиз, жорий йилнинг биринчи чорагида 5,6 фоиз ўсди.
Президентимизнинг 2013 йил 2 августдаги “2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори вилоят ривожини янги босқичга кўтарди. Мазкур қарор билан тасдиқланган дастурга асосан 598 лойиҳа амалга оширилиб, янги корхоналар ташкил этилди, 11 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг 2700 йиллиги муносабати билан вилоят янада гўзал ва обод масканга айланди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайтирилди. Янги йўл ва кўприклар, кўп қаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилди. Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод кўчалари кенгайтирилиб, атрофи ободонлаштирилди.
Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 56 километрлик ҳалқа йўли қурилмоқда. Унинг темир йўл ва дарёлар билан кесишадиган жойларида 6 замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар бунёд этилмоқда. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди.
Президентимиз капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этган Қарши темир йўл вокзалига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 5 январдаги қарорига асосан амалга оширилган “Мароқанд-Қарши темир йўл участкасини электрлаштириш” лойиҳаси мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир. Қарорга мувофиқ қарийб 141 километрлик Мароқанд —Қарши участкаси тўлиқ электрлаштирилди. Поездлар ҳаракатини бошқарадиган замонавий тизим йўлга қўйилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида – 2015 йил 22 август куни юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди Қарши шаҳрига илк қатновини амалга оширди.
Президентимиз вокзал биносини кўздан кечирар экан, уни янада кўркамлаштириш, бино пештоқини Қашқадарё тарихига оид нақшлар билан безатиш, йўловчиларга замонавий қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Юртбошимиз “Насаф” марказий стадионини бориб кўрди.
16 минг томошабинга мўлжалланган ушбу стадион халқаро талабларга жавоб беради. Бу ерда мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалар ўтказилиши мумкин.
Ислом Каримов стадионни реконструкция қилиш, спортчилар ва томошабинлар учун қулайликларни янада ошириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Президентимиз Қарши шаҳрининг Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида бунёд этилган курантни кўздан кечирди.
Қарийб 30 метрлик курант оқ мармар билан қопланган, миллий колорит билан безатилган. Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулайлик ва хавфсизлик яратиш мақсадида улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Мамлакатимиздаги аксарият шаҳарлар қадимий, айни вақтда замонавийдир. Ҳар бир шаҳарнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир шаҳарда бошқа жойда учрамайдиган, алоҳида ажралиб турадиган майдонлар бўлиши керак. Бундай курант ва унинг атрофидаги майдон Қарши шаҳрининг ўзига хослигини ифодалайди, деди Ислом Каримов. Йўл ва иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуришда шаҳарнинг келгуси тараққиётини инобатга олиш зарур.
Давлатимиз раҳбари Мустақиллик кўчаси бўйидаги хиёбонга ташриф буюрди.
Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг дам олиши учун имконият яратиш, майдонда мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида бу ерда улкан фавворалар бунёд этилди. Турли шакл ва катталикдаги фавворалар шаҳарга салқинлик бағишлайди, тунда ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланади. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, Қарши шаҳрида 50 та фаввора қурилиши режалаштирилган, бугунги кунда уларнинг 28 таси ишлаб турибди.
Президентимиз шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун яратилган қулайликларни тобора ошириш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Ислом Каримов ўтган йили Қашқадарёга ташрифи чоғида Амир Темур тарихий кўпригини таъмирлаш, дарё атрофини дам олиш масканига айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган.
Ўтган вақт давомида бу ерда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Амир Темур кўприги замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди. Қашқадарё дарёсида учта тўғон қурилди. 51 катамаран, 2 туристик катер келтирилди. Қирғоқ бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди. Болалар учун замонавий аттракционлар ўрнатилди. 14 коттеж, 4 кафе-бар, болалар майдончалари, 4 сунъий қопламали спорт майдончаси барпо этилди. 24 гектар майдон кўкаламзорлаштирилиб, 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилди.
Президентимиз ушбу кўприк ва хиёбон билан танишди.
Собиқ тузум даврида Қашқадарё вилояти қолоқ ҳудудлардан эди. Одамлар ҳар томонлама эзилган, ҳаётдан норози бўлиб яшарди. Ўша пайтда вилоят раҳбари сифатида уларнинг дардини кўп эшитганман, “қачон бу замон ўзгаради, қачон кўксимизга шамол тегади”, деб куюнганларни кўп кўрганман. Мана, ўша орзу қилинган кунлар келди. Мустақиллик шарофати, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама обод бўлиб бормоқда, одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Бугунги замонавий шароитлар биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз деган эзгу мақсадимизнинг амалий ифодасидир, деди Юртбошимиз.
Давлатимиз раҳбари қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун бунданда кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича зарур тавсиялар берди.
Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига сафари давом этмоқда.
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
Анвар САМАДОВ,
Ўлмас БАРОТОВ,
ЎзА махсус мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Cайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси сифатида намоён бўлади....
01 янв 1970
Умумхалқ муҳокамалари асосида қабул қилинган ушбу дастуриламал ҳужжат шу кунларда кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 18 январь куни Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева бошчилигидаги деле...
01 янв 1970
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди....