ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ ТРАНСПОРТ СОҲАСИДА МИНТАҚАВИЙ ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

/
Тошкентда 20 сентябрь куни “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзуида халқаро конференция бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур йирик халқаро конференция нафақат минтақа мамлакатлари, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Унда иштирок этиш учун мамлакатимизга Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Венцай Жанг, БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Хон Чжу Хам, МДҲга аъзо мамлакатлар Темир йўл транспорти кенгаши раиси – «Россия темир йўллари» ОАЖ бош директори Олег Белозёров, МДҲ Ҳукуматлараро йўлсозлар кенгаши раиси Жамшидбек Калилов, Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи раиси Раду Динеску, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси бош директори Роберт Шварцман, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Франция, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Россия, Беларусь, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби жами 37 давлатдан 300 нафар иштирокчи, 25 халқаро ташкилот, молия институтлари ва етакчи транспорт компаниялари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро конференция иштирокчиларига қутловини Бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидан Марказий Осиёни яхлит минтақа сифатида ривожлантириш, хусусан, унинг транспорт-транзит салоҳиятини тараққий эттиришга эътибор қаратди. Бунда транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва транзит юк ташиш ҳажмини ошириш борасида олиб борилган мулоқотлар ва амалий ҳаракатлар алоҳида эътиборга молик.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорлик” резолюциясини қабул қилди. Ушбу ҳужжатда транспорт инфратузилмаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш, янги автомобиль ва темир йўллар, авиақатновларни очиш орқали барча транспорт турларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон минтақа мамлакатларининг транспорт-транзит салоҳиятини бирлаштириш орқали Марказий Осиёнинг геостратегик аҳамиятини ошириш сиёсатини юритиб келмоқда.
“Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзусида ўтаётган халқаро конференция Марказий Осиёда мавжуд транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янгиларини шакллантириш масалаларини муҳокама қилиш, умумий ёндашув ва якдил қарашларни ишлаб чиқиш, истиқболдаги режаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
– Ушбу конференция ўта долзарб масалаларга қаратилгани ва ўз вақтида ташкил қилингани билан муҳим аҳамиятга эга, – деди Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар. – Ўзбекистон минтақани ўзаро савдо жиҳатдан боғлаб турадиган геостратегик ҳудудда жойлашган. Денгиз йўлларига чиқиш имкониятлари чекланган Марказий Осиё давлатлари ривожида транспорт тизими муҳим аҳамиятга эга. ИТБ ушбу ҳудудда логистика, йўл инфратузилмасини халқаро стандартларга мос равишда тараққий эттириш, ҳаво ва темир йўллар тизимини модернизациялаш, кўрсатиладиган хизматлар турини ошириш бўйича тажриба алмашувини ташкил қилишда фаол иштирок этиб келмоқда. Минтақа давлатлари транзит бўйича тарифларнинг юқорилиги, денгиз йўлларига чиқишни қийинлаштирадиган тўсиқлар мавжудлиги каби муаммоларга дуч келмоқда. Буни ҳал этиш учун транзит йўлаклари тизимларининг трансмиллий бошқарувини жорий қилиш зарур. Шу маънода Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари транспорт-транзит салоҳиятини янада оширишга қаратилган ишланмаларини, иқтисодий йўлаклар бўйича истиқболли ечимларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Ўтган давр мобайнида Марказий Осиё ва унга қўшни мамлакатларнинг жаҳон бозорларига чиқиш ва юк ташувларини амалга оширишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга жорий қилинди.
Мазкур конференция ҳам ана шундай интилишлар сирасидан.
Ушбу нуфузли анжуманнинг мамлакатимизда ўтказилаётгани бежиз эмас. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган бу диёрдан йирик халқаро бозорларни ўзаро бирлаштирувчи энг қисқа йўналишлар ўтган. Шу тариқа ривож топган савдо алоқалари турли миллатлар, динлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқот учун қулай шароит яратган. Бундай ҳамкорлик алоқалари учун улкан имкониятлар мавжудлиги ушбу конференцияда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Бутун дунёдан келган сиёсатчилар, нуфузли экспертлар халқлар ўртасидаги уйғун тараққиётни таъминлайдиган транспорт йўлакларини шакллантириш йўлида бирлашди.
– Марказий ва ўарбий Осиёдаги 11 давлатдан 8 таси тўғридан-тўғри денгиз йўлига чиқиш имкониятига эга эмас, – деди Осиё тараққиёт банки вице-президенти Венцай Жанг. – Бу минтақада транспорт-коммуникация тармоқларини жадал тараққий эттиришни тақозо қилади. Ушбу конференция фаолиятимиз доирасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликка оид лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишга ундайди.
Халқаро конференция иши шўъба мажлисларида давом эттирилди. Уларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг табригида билдирилган фикрлар ва олға сурилган ташаббуслар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти тизимларида ахборот технологиялари, рақамли маркетинг хизматларини жорий этиш билан боғлиқ масалалар кенг муҳокама қилинди.
Минтақамиз мамлакатларининг транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш, транспорт ва логистика соҳаларида янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, мултимодаль ташувларни жорий этиш, бунинг учун узоқ муддатли ва кўп томонлама ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди.
Анжуман иштирокчилари Марказий Осиё давлатларининг автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортини ривожлантириш йўлидаги ҳамкорлигини ижобий баҳолаб, бунда давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар шериклиги муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Транспорт ва транзит соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда мана шундай анжуманлар муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Анжуманда коммюнике ва қатор протоколлар имзоланди.
Халқаро конференция иштирокчилари 21 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлади.
Улуғбек ШОНАЗАРОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Александр Шлик дўстона қабул учун ташаккур билдирди ва партияга сайловда муваффақият тилади....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди....
01 янв 1970
Тинчлик, эрк ва озодлик учун жангга кирган халқимизнинг буюк ўғлонлари кўрсатган жасоратлар бизга тарихдан маълум....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам шу йил 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига...