«Ўқирман» танқидчи ёки замонавий адабиётимиз синчиси

/
Адабиёт ёш ўтган сари қаримайди. Уни истеъдодсизлик, дидсизлик, савиясизлик ва бадбинлик қаритади. Адабиёт ёшга қараб яшармайди, уни истеъдодлар, асарлар яшартиради. Истеъдод ва асарларни эса хайрихоҳлик яшартиради. Хайрихоҳлик бор экан, адабиёт ҳамиша янги асарлар ва истеъдодлар билан бойийверади.
Мен ўттиз йилдан бери ана шундай адабиётнинг эртасига чин дилдан хайрихоҳ бўлган одамни биламан. Бу — Қозоқбой Йўлдош.

Колхоз фермасида ишлаган йиллари отам Тожи деган чўпонни “Худо берган синчи, отнинг қанақалигини бир кўз ташлаб билади-қўяди,” дерди. Отбоқар уни фермага тез-тез чақирар, уч-тўрт ойлик қулунларни кўрсатиб, “син” оларди. Бир марта ўзим ҳам гувоҳ бўлганман: Тожи чўпон қулунларга узоқдан тикилиб турган, қадам босишини кузатган, кейин тойчоқнинг кўкрагига бошини қўйиб, унинг “ичига қулоқ солган”, тишларини кўрган, яғринини қаричлаб ўлчаган, ёлини, энгагини кўздан кечирган, охири “Бу тойчоқ зотдор-у, лекин касали бор, Замон духтурни чақир, кўриб қўйсин”, “Бу қулун кўриниши савлатли бўлгани билан пўкак, кўпкарига қўшиб бўлмайди”, “Бу тойчоқ жуда ювош от бўлади, раисга айт, ўзига олиб қолсин!” деганди. Менга у қулун қорнига қулоғини қўйганча кўзларини юмиб турган паллада жониворнинг бутун ички аъзоларини — юрагидан тортиб, ичак-чавоғигача бирма-бир кўздан кечиргандай туюлганди. Отамнинг айтишича, аслида ҳам шундай экан: синчи отларнинг ичини ҳам, келажагини ҳам кўриб тураркан. Тожи чўпон айтган қулунлар айнан у башорат қилгандай отлар бўлиб етишганда, ҳайратга тушиб, синчи бўлгим келиб қолган. “Синчилик” — туғма истеъдод эканини, бундай маҳоратга ўқиб-ўрганиб, орзу қилиб эришиб бўлмаслигини кейинчалик, ақлимни танигач англаб етдим.
Ўша болалик хотираларининг таъсири бўлса керак, истеъдоднинг, адабиётнинг “ичи”ни биладиган танқидчилар менга Тожи синчини эслатади.
Хоҳ истеъдод бўлсин, хоҳ асар бўлсин, Сўз санъатида пайдо бўлган адабий-бадиий даъвонинг “ичак-чавоғи”гача синчиклаб “кўра олиш”, зоти-зурриёти, нимага яраши ёки ярамаслиги, қанча ва қаергача югура олишини билиш, “юрак уриши”ни “эшита олиш — адабий жараёнга ташхис қўйиши билан танқидчилар синчиларга ўхшаб кетади. Афсуски, барча соҳада бўлгани каби адабиётнинг ҳам худо берган “синчи”лариям ёки ўзларини “синчиман” деб юрганлариям етарли.
30-40 йилдан зиёд ўзбек адабиётига синчилик қилиб келаётган, ўзининг савқи табиий “синчи” эканини аллақачон исботлаб бўлган Қозоқбой Йўлдош етмишга кириб қопти.
Қозоқбой Йўлдошни ўтган асрнинг 80-йиллари охиридан бери биламан. Бу адабиётшунос менда адабиёт майдонида тўсатдан пайдо бўлган эртакдаги алпдек таассурот қолдирган. Чунки биз ТошДУда ўқиб юрганимизда савлатидан от ҳуркадиган машҳур адабиётшунослар сабоқ берар, ҳар бир чиқиши қизғин баҳсларга сабаб бўладиган бу валломатлар орасида Сирдарёда яшаб, ризқини қишлоқ одамлари ичида териб юрган, кейин бирдан шаҳарга келиб, жайдари фикрлари билан адабий жараёнда ўз ўрни борлигини “даъво” қилаётган Қозоқбой Йўлдошга нон қолмагандай эди. Аммо адабиётнинг бағри кенг экан: Қозоқбой ака бор-йўғи иккита-учта мақоласи билан пойтахт адабий муҳитини “забт” этди. Адашмасам, ўша мақолалардан биттаси Рауф Парфи ва ёш шоирлар ижоди ҳақида эди. Кейинчалик акани Рауф Парфининг даврасида, хусусан, машҳур “Офиси”да тез-тез учрата бошладим. Бу табиий эди: Рауф Парфи 80-йиллар охири, 90-йиллар бошида адабий талотўмнинг марказида турар, бадиий дид ва савия ана шу давранинг хоҳиш-иродасига қараб белгиланар ва ўлчанарди. Илк танишганимизда, суну сумбатига қараб, Қозоқбой Йўлдошни адабиётга энди кириб келаётган ёш танқидчилардан бўлса керак деб ўйлаганман. Кейин билсам, ака Сирдарё пединститутида ишларкан, 70-йиллардан бошлаб адабиётшунослик ва педагогикага оид мақолалари билан мунтазам қатнашиб келаркан. Мана шунга ҳам 33 йил бўлибди.
Тўғрисини айтсам, Қозоқбой аканинг етмишга кирганига одамнинг ишонгиси келмайди, бу кўнгил кўтарма гап эмас, ҳурматли адабиётшуносимизнинг, гарчи бу ҳам ҳақиқат бўлса-да, сун-сумбати ёш кўрингани учун ҳам эмас. Балки ёзганлари, дунёқараши, адабиёт ҳақидаги фикрлари, умуман, адабиётга бўлган муносабати, энг муҳими, юқорида айтганимиздек, хайрихоҳлиги навқирон сақланиб қолаётгани учун. Айнан шу фазилатларига кўра шахсан менга Қозоқбой Йўлдош ўзим мансуб авлодга тенгдошдай туюлади. Яна шунга аминманки, биздан ўн-ўн беш ёш кичик авлод вакиллари ҳам акани ўзларига тенгдошдай тасаввур қилишади. Чунки аканинг ёзганлари бугун адабиёт остонасида турганлардан тортиб, унинг тўрида ястаниб ўтириб олганларгача хос ва мос, адабиёт саҳнасида турган барча авлоднинг, баланд-пастнинг бадиий таҳлилга — “синчиликка” бўлган эҳтиёжларини қондириб, қаноатлантириб келяпти.
Ҳар бир авлод вакили Қозоқбой ака билан бемалол адабиёт ҳақида ўз тенгдошидай фикрлашиши, мунозара қилиши, қарши мулоҳаза билдириши, фикрига қўшилмаслиги, ҳатто инкор қилиши мумкин. Шахсан мен ҳам аканинг кўплаб мулоҳазаларига қўшилмайман. Ҳамма гап шундаки, ака бундан асло хафа бўлмайди, иззат нафси “оғримайди”, аксинча, ўзидан ёшларнинг бу хил мунозарапарастлигидан завқи келиб, яйраб кетади. Айнан шу “яйраб кетиши” — унинг истеъдодларга туғма хайрихоҳлигидан дарак. Қозоқбой Йўлдош билан адабиёт ҳақида, ҳатто у кишининг ёзганлари ҳақида ҳам бемалол баҳсга киришиш мумкин, шундай пайтларда аканинг ёши ҳам, профессорлиги ҳам, ўзидан кейин адабиёт эшигини қоққан авлодларга нисбатан анча “кўп йиртган кўйлаклари” ҳам ёдига тушмайди, бундай пайтда адабиётдан, баҳс мавзусидан бошқа нарсани ўйламайди. Бу хислат акани барча авлоднинг тенгдоши, фикрдоши қилиб қўяди.
Шундай, истеъдоднинг, адабиётнинг ўз қонунияти бор: ижодкорни йиллар қарита олмайди, уни фақат дид ва савия қаритиши мумкин. Агар савиясида “кексалик”, “қаримсиқлик” уфуриб турса, эндигина адабиётга кириб келганлар ҳам аллақачон қариб қолган бўлади. Дид ва фикр истеъдодни яшартириб туради, унинг танасини қаритса ҳам ўзини, руҳини қаритмайди.
Шу ўринда ўзбек адабиётшуносларининг, умуман, ёзувчи-шоирларининг ҳам бир масалага — дунё адабиётининг “модернизм”, “постмодернизм” оқимига муносабатини эслаб ўтишга эҳтиёж бордай. Бунга ҳам Қозоқбой Йўлдошнинг фикрлари сабабчи. Гап шундаки, айнан шу масала, яъни “модернизмга” муносабат ҳам яна бир марта адабий муҳитнинг ёшини аниқлашда бир “барометр” бўлди, дейиш мумкин. Бу масалага ёндашувларига, муносабатларига, таҳлилларига қараб, адабиётшуносларимизнинг, адибу шоирларимизнинг “адабий ёшини” аниқ тасаввур қилиш мумкин бўлиб қолди. Алмисоқдан қолган важлар, шўро мафкураси иси келиб турган рўкачлар, моҳиятни англамасдан қилинган мушоҳадалар, Сўз санъатидаги экспериментлардан чўчиш, оқимлардан ҳадиксираш — муҳитнинг “ёшини” саралаб қўйди. Бошқача айтганда, адабиётдаги ёш йиллар билан эмас, фикр ва дид билан ўлчаниши яна бир марта исбот қилинди.
Ана шу мунозараларда, менинг назаримда, Қозоқбой Йўлдош янаям навқирон қиёфага кирди. Эътиборлиси шундаки, аканинг айнан юқоридаги мавзу атрофида баҳс-мунозара авжига чиққан палла чоп этилган ”Модернизм: илдиз, моҳият ва белгилар”, “Постмодернизм: моҳият, илдизлар ва белгилар” номли мақолалари ҳурматли танқидчимизнинг дунё адабиёти миқёсидаги “синчи” эканини кўрсатди. Тўғрисини айтсам, шахсан мен аканинг иккита мақоласидаги бу икки оқим ҳақидаги айрим фикрлар ва қарашлар, хулосаларга қўшилмайман, лекин мақола бу икки оқимнинг моҳиятига етиб ёзилганининг ўзи ҳурматга сазовор. Гап шундаки, дунё адабиётидаги ҳар қандай оқим, йўналиш, “...изм”лар — бу ижодкорнинг шунчаки зерикиб кетганидан ёки “ўзига хослигини билдириш” учун қилинган изланишлар йиғиндиси эмас. Дунё адабиётидаги ҳар қандай “изм”, ҳар қандай усул ва услублар ўз даври тафаккур тарзининг, шу даврда яшаган авлоднинг истак-хоҳишлари, ўзини ўраб турган воқеликка муносабати инъикосидир. Ҳатто социалистик реализм ҳам. Социалистик реализм — бу дунёни коммунистик англаш ва тушуниш ҳосиласи. Социализм жамият сифатида ўлди, аммо бу услуб тарафдорлари ҳали ҳам жаҳон адабиётида мавжуд. Улар ҳали-ҳануз бу услубни изчил ҳимоя қилиб келяпти. Умуман, дунёни, ҳаётни, давр силсиласини мушоҳада қилиш, англаш, унга муносабатда бўлиш акс-садоси бўлиб, санъатда ҳам, адабиётда ҳам кўплаб оқимлар, “изм”лар пайдо бўлган ва бўлаверади. Адабиётдаги янгиланишлар, аввало, жамият тафаккурининг эҳтиёжи маҳсули эканини тан олсаккина, оқимларнинг адабиётдаги ўрнига тўғри баҳо бера оламиз. Модернизм ҳам, постмодернизм ҳам бу ХХ аср тафаккур тарзининг, хоҳиш-истакларининг, дунёга, одамга, оламга муносабатининг амалиётда, санъатда, хусусан, адабиётда намоён бўлишидир. Қозоқбой Йўлдош юқоридаги икки мақоласида адабиётдаги услуб ва оқимлар пайдо бўлиши, яшаб қолиши ёки инкор этилишини ана шу асослардан келиб чиқиб, таҳлил қиладики, бу билан, биринчидан, оқимларнинг моҳиятини кўра олади, иккинчидан, айнан шу масалада алмисоқдан қолган мулоҳазалар атрофида ўралашиб қолганларга нисбатан бадиий ташхисни тўғри қўяди, яъни дид ва Сўз санъатига муносабат борасида ижтимоий Фикрни яшартиради.
Дунё адабиётшунослигида “Танқидчи — ўзи ўқиган китобни бошқаларни ҳам ўқишга мажбурлай олган энг жўшқин ўқувчи” деган гап юради. Агар шу фикрдан келиб чиқадиган бўлсак, Қозоқбой Йўлдош давримизнинг энг кўп китоб ўқиган ўқувчиси, ўзининг ибораси билан айтганда, “ўқирман”и бўлиб чиқади. Табиатида мавжудлигидан бўлса керак, Қозоқбой Йўлдош ҳамма нарсадан, табиийки, сўздан ҳам, аввало, самимият ва жайдарилик излайди. Айнан шу хислати мақолалар ва таҳлилларидаги адабий концепциясига ҳам, ҳаётий фалсафасига ҳам хос. Ўзи тўғри деб билган фикрни юзинг-кўзинг демай бетингга шартта айтаверади, бадииятга амал-мартабасига қараб “ташхис” қўймайди. Айнан шу туфайли ака ҳам ёшлар учун, ҳам бугун адабиётда суяги қотганлар, умуман, “қотиб қолганлар” учун ҳам бирдай қадрли: бугунги кунда адабий муҳитда ҳар бир авлод “Қозоқбой Йўлдош қандай фикрда экан?!” деб юрак ҳовучлаб туриши — бор гап. Ана шунинг ўзиёқ аканинг адабиётда, адабиётшуносликда ўрни, мақоми қай даражада эканини билдириб туради. Аканинг яна бир “жайдарилиги” бор — ўзига ёққан асарни бошқа ҳеч кимга ёқмаса ҳам ўрлик билан ҳимоя қилаверади: минг уринганингиз билан барибир фикридан қайтаролмайсиз, инчунин, шу фикрга келишига мустаҳкам асос, мантиқ ҳам топа олади. Тўғри, баҳс қилишга, мунозарага, қарши фикр билдиришга қарши бўлмайди, ҳатто бунга имконият ҳам яратади. Аммо асло ўзи тўғри деб билган фикрдан Қозоқбой акани қайтариб бўлмайди. Бу ўрлиги битта нарсадан — бугунги кунда адабий танқид учун русумга кирган гуруҳбозлик, даврабозлик, мафкурабозлик, жўрабозлик, амалбозлик юзасидан эмас, балки англаб, ҳис қилиб, ақл ва идрок, мантиқ ва виждон тарозисидан ўтказиб, Сўзнинг муқаддаслигини англаб, кейин шу тўхтамга — шу фикрга келганини билдиради. Хуллас, “ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич” деганларидай, ака “ошини” адабиёт кўчасида ёшу қарига кўринарли қилиб, “ичади”. Айнан шунинг учун ҳам бугунги адабий танқидни, адабий жараённинг паст-баландини Қозоқбой Йўлдош муносабатисиз, бу олимнинг “ташхисисиз”, “синчилигисиз” тўлақонли тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги адабий жараёнга хос барча нарса, барча йўналишлар, барча жанрлар, барча адабий “касаллик”лар, касаллик “синдромлари”, умуман, бугунги замонавий адабиётга нима хос бўлса, ҳаммасини Қозоқбой Йўлдош таҳлилларидан топиш мумкин. Олимимиз постмодернизмдан тортиб, мумтоз адабиёт намуналаригача фикр билдира оладиган даражада билим доираси кенг адабиётшунослардан саналади ва неча ёшга киришидан қатъи назар, навқирон “синчи”, навқирон “ўқирман” бўлиб қолаверади.
Назар ЭШОНҚУЛ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кўчмас мулк ижараси шартномасини нотариал идорада тасдиқлаш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозим бўлади?...
01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда ташқи сиёсат юритишнинг муҳим принцип...
01 янв 1970
Дарҳақиқат, Шомаҳмудовлар оиласи бизнинг тарихий тимсолларимиздан биридир.
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили