Аниқланган муаммонинг ечимини ҳам топайлик

/
Бугун биз янгиланаётган даврда яшаяпмиз. Халқимиз буни сезиб, ҳис қилиб турибди. Шиддат билан, юксак суръат билан ўтаётган кунларимиз турли-туман, кенг кўламли, баъзан ҳатто ақлимизни шошириб қўядиган даражада воқеа-ҳодисаларга, янгиликларга, ўзгаришларга бой бўлмоқда. Неча йиллар давомида дилимиз тўрида сақлаб келинган орзулар, ўй-истаклар бугун тилимизга чиқмоқда, воқеликка айланмоқда. Ҳар қандай жамият учун кўзга суртишга арзийдиган шиор, яъни “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя кундалик воқеликка айланмоқда. Неча йиллар от устида ўтирган раҳбарлар бугун эгардан тушиб атрофга қарамоқда, меҳнаткаш элимизнинг дардини тингламоқда, унинг муаммоларини ечишга имкон даражасида ҳаракат қилмоқда. Неча йиллар лоқайдлик, бефарқлик қобиғига ўралиб олган раҳбарлар бугун юртимиз фуқароларининг, демак, мамлакатимизнинг энг катта бойлиги бўлган халқимизнинг турмуш тарзи билан танишмоқда, бу борада йўл қўйилган катта-кичик иллатларни бартараф этишга уринмоқда.
Азалдан ҳаммамизга аён ҳақиқат: Адолат бор жойда қут-барака бўлади, самара бўлади. Адолат бор жойда тараққиёт бўлади. Адолат ҳамиша қонун устуворлигида намоён бўлади.
Биз мана шу абадий ҳақиқат ҳаётимизда воқеликка айланаётган кунларда яшамоқдамиз. Бундай давр ҳаётимизга янгича маъно-мазмун олиб кириш билан бир қаторда ҳар биримиздан масъулият ҳам талаб қилади. Яъни виждони бор, иймонли одам бу жараёнда лоқайд томошабин бўлиб ёки қарсак чалиб ўтирмайди. Бундай одам мазкур жараёнда фаол иштирок этади, янгиланишлар аталмиш улкан бинога ҳеч бўлмаганда бир дона ғишт қўяди. Ҳаётнинг ўзи, халқнинг ўзи биздан фаолликни талаб қилмоқда. Бошқа йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳар бир мамлакатнинг бемисл катта, бебаҳо бойлиги бор. Бу унинг олтин тоғлари, олмослари, нефть-гази ва ҳаттоки сув захиралари ҳам эмас. Мамлакатнинг энг катта бойлиги — унинг халқидир. Шу халқнинг иззатини жойига қўйган, унинг муносиб яшашини таъминлай олган, бир сўз билан айтганда, ижобий маънода элнинг хизматкорига айланган, у билан самимий, ўзаро ишончга асосланган мулоқотга киришган ҳокимиятгина мамлакатнинг бугунги фаровон ҳаётини таъминлай олади, келажакка ишончли пойдевор бунёд эта олади. Бундай натижага эса фақат жамиятда адолат устуворлиги, қонун олдида ҳамманинг тенглиги билан эришилади...
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзуидаги маърузасини тинглаб ўтириб, кўнглимдан шундай ўйлар кечди.
Яширмайман, маъруза мени ҳам ларзага солди, ҳам кўнглимда хижолат ҳиссини уйғотди. Хижолатим боиси шуки, ўзим неча йиллардан бери Ўзбекистон “Адолат” СДПдан халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатиман, партиямизнинг туман кенгашини бошқараман. Аммо шу пайтгача ҳеч ким бизнинг фаолиятимизни бу қадар теран, халқимиз манфаатлари нуқтаи назаридан изчил таҳлил қилиб бермаганди.
Беихтиёр ўтган йиллар мобайнида туман кенгашида амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилишга уринарканман, кам, жуда кам ишлаганимизни тан оламан. Ваҳоланки, биз — депутатлар халқ вакилларимиз, халқ овозимиз. Биз юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли, фавқулодда аҳамиятга молик ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишимиз, бу борада бошқаларга ибрат кўрсатишимиз керак. Шу сабабли биз доимо ҳукуматимиз, шахсан давлатимиз раҳбари эътиборидамиз. Ўтган қисқа давр ичида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қарийб 200 нафардан ортиғи жойларда раҳбарлик лавозимларига ўтказилганининг ўзиёқ бу фикримизни тасдиқлаб турибди.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бизнинг шаънимизга аччиқ, аммо очиқ гапларни айтди: “Айниқса, сиёсий партияларнинг жойларда, туман бўлимларида ишлаётган ходимларининг фаолияти қониқарсиз аҳволда. Улар кўп ҳолларда электорат билан тизимли мулоқот ўтказиш у ёқда турсин, ўзининг асосий вазифаси нимадан иборат эканини ҳам билмайди”.
Афсуски, бугунги воқелик, реал вазият шундай. Қисқа муддат оралиғида юртимизда юз берган оламшумул ўзгаришлар, шиддатли ислоҳотлар жараёни ҳам кўплаб партиядошлармизни мудроқлик ҳолатидан чиқара олмади. Бунинг устига, партия аталмиш сиёсий кучнинг маъно-моҳиятини тушуниб етмаган лоқайд сафдошларимизнинг каттагина қисми, Юртбошимиз топиб айтганидек, “аксарият ҳолларда ўткир ва оғир муаммоларнинг ечими устида ишлаш ўрнига, “озгина вақт ўтса, бу масала ўзи ҳал бўлади”, “бу – Ҳукуматнинг иши”, деган қарашлар, “сен – менга тегма, мен – сенга тегмайман”, деган эскича кайфият”да яшамоқда. Ҳолбуки, замон ўзгарди, тафаккур ўзгарди, онг-шуур ўзгарди, ҳаётга, турмуш тарзига муносабат ўзгарди, фақат боқибеғам раҳбар ва раҳбарчалару ўзларини уялмасдан “халқ вакили” санайдиган депутатлар ўзгармади. Бироқ энди тараққиётнинг шиддатли карвонида араванинг орқа ғилдираги тарзида юриб бўлмайди. Ташаббускорлик, интилиш, фидойилик кўрсатмаган, фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишламаган партия бу карвондан ситилиб чиқиб, ортда, чанг ичида қолиб кетади.
Ахир юртимиз етакчисининг ўзи республика, вилоят ва туман Кенгашлари депутатларининг сўрови – бу халқ сўрови, депутатга беписандлик – халққа беписандлик, халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беришини таъкидлаб турибди.
Тўғри, жамиятдаги ижобий эврилишлар бизни ҳам нималардир қилишга, эл назарида ишлаётгандай бўлиб кўринишга ундади, турли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик, уларнинг бир қисмини амалга оширган ҳам бўлдик. Аммо яна бир бор очиқ айтайлик, “тадбирларини расмиятчилик учун ўтказиш, вазирлик ва қўмиталарга муаммони шунчаки кўрсатиб ўтиш, номига муҳокама қилиш, аксарият ҳолларда қоғозда қолиб кетаётган қарорлар қабул қилиш” амалиёти қон-қонимизга сингиб кетган. Ҳолбуки, даврнинг ўзи, Юртбошимиз биздан эл-юртга зиғирчалик бўлса ҳам нафи тегадиган амалий фаолият талаб этмоқда: “Муаммо аниқландими, албатта, унинг ечимини топиш керак”.
Эътироф этамиз, сиёсий партиялар ҳудудий кенгашларининг моддий-техник таъминоти аксарият ҳолларда талаб даражасида эмас. Кўплаб туман ва шаҳар кенгашларимизнинг ўз биноси йўқ, уларнинг катта қисми ижара биноларда фаолият юритишади. Муҳтарам Президентимиз бу масалада ҳам бизга кўмак қўлини чўзди: Вазирлар Маҳкамасига маҳаллий ҳокимликлар, сиёсий партиялар билан биргаликда бир ой муддатда партияларнинг вилоят, туман (шаҳар) кенгашларининг бинолар билан таъминланиш ҳолатини, уларнинг иш шароитини танқидий ўрганиб чиқиб, бу борадаги аҳволни тубдан яхшилаш бўйича таклиф киритиш вазифаси топширилди.
Бир ҳолатга алоҳида эътиборингизни қаратишни истардим. Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган кундан эътиборан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ишини кескин жонлантириш йўлида кўплаб эзгу саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашларини ташкил этиш ишлари бошланди. Бу Кенгашларга депутатликка номзодлар кўрсатишдан бошлаб, депутатликка сайланиш жараёнига қадар – сайловнинг барча босқичида сиёсий партиялар фаол иштирок этишлари лозим бўлади. Бу эса халқ вакилининг айнан халқ ичидан сайланишига хизмат қилади.
Маърузада биз, маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасига улкан масъулият юклайдиган бир таклиф ўртага ташланди. Яъни туман ёки шаҳар ҳокими номзодини вилоят ҳокими томонидан тегишли маҳаллий Кенгашларда ҳар бир партия гуруҳи билан маслаҳатлашув ўтказилганидан сўнг тегишли сессияда тасдиқлаш тартиби жорий этилади. Агар бирорта номзод партия гуруҳлари муҳокамасидан ўтмаса, у ҳоким лавозимига тайинланмайди.
Демак, ҳоким лавозимига номзод сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган кадрлар орасидан танлаб олинади. Бунинг учун эса ҳар бир сиёсий партия ҳокимликка номзодлар бўйича кадрлар захирасини шакллантиради.
Маърузада маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига тегишлича туман ёки шаҳар ҳокимлари, шунингдек, маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг қониқарсиз фаолияти ҳақида хулосаларни вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тақдим этиш ҳуқуқини ҳам бериш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, яхши ишлаётган, фаол, жонкуяр туман Кенгаши депутатлари кейинчалик вилоят депутати, вилоят депутатлари эса Олий Мажлис аъзоси бўлишига эришиш имконини берадиган тизим яратиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Токи сиёсий партиялар, биринчи навбатда, ана шундай депутатларни кадрлар захирасига киритсин.
Партияга бундан ортиқ эътибор, бундан ортиқ ишонч қайда бор?
Ҳа, енг шимариб, астойдил ишлайдиган вақт аллақачон келган. Зеро, халқ ишончини, унинг меҳрини қозониш осон иш эмас. Бунинг учун эл дардида ёниб-куйиб ишлаш керак. Ўзгаришлар замони биздан шуни талаб қилмоқда. Ислоҳотлар даври биздан шуни талаб қилмоқда. Она халқимиз биздан шуни талаб қилмоқда.
Юртимиз раҳбари сўзлари билан айтганимизда, “олиб бораётган ислоҳoтлaримизнинг мувaффaқияти, aввaлaмбoр, сиёсий пaртиялaрнинг eтуклик дaрaжaсигa, улaрнинг жонажон Ватанимиз олдидаги мaсъулиятни ўз зиммaсигa oлишгa қaй дaрaжaдa тaйёр экaнигa бeвoситa бoғлиқдир”.
Биз, “адолат”чилар бу чақириққа “лаббай” деб жавоб бера оладиган сиёсий куч эканлигимизни, мамлакатимиз барқарорлиги, халқимиз фаровонлиги, жамиятда қонун устуворлигига эришиш йўлида жипс бўлиб, астойдил хизмат қила оладиган, мавжуд муаммолар ечимини топа оладиган, уларни бартараф эта оладиган партия эканлигимизни амалда исботлаймиз. Бунга эса меҳнат ва яна меҳнат орқали эришилади.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Миробод туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Онам 76 ёшда. Кейинги пайтларда тез-тез тоби қочиб турибди. Шундай вазиятда у кишининг ўрнига бошқа шахс пенсия олиши мумкинми?...
01 янв 1970
Партиямизнинг жойларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган янги дастурлари лойиҳаси барчани фикрлашга, ҳар бир соҳада мавжуд муаммоларни бартараф эт...
01 янв 1970
Ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихи узоқ асрларга, қадимги Буюк ипак йўли юзага келиши ва ривожланиши даврига бориб тақала...
01 янв 1970
Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни