Тадбиркорга яна бир кўмакдош

/
Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди.
Қурултойда Президентимизнинг шу йил 19 июнда имзоланган “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, Савдо-саноат палатаси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.
Бугунги кунда юртимизда 525 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари шакллантириб, улар меҳнатга лаёқатли аҳолининг 78 фоиздан зиёдини иш билан таъминламоқда.
Анжуманда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, жумладан, бизнес соҳаси вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва фойдали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, вилоятлар ва туманларда бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига, аввало, вилоятлар, шаҳар ва туманларда сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини, айниқса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини энди бошлаган даврларда уларни қўллаб-қувватлашнинг янги — самарали тизимини яратишни тақозо этади.
Президентимизнинг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, аввало, тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини, шунингдек, Савдо-саноат палатаси фаолияти тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади. Маълумки, Савдо-саноат палатаси мақоми, йўналиши ва фаолият кўлами, мулк шаклидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектларини бирлаштириб турувчи нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Фармонда мазкур ташкилотнинг аниқ ва энг муҳим вазифалари белгилаб берилди. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш каби соҳалар бўйича Савдо-саноат палатаси изчил фаолият олиб боради. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб бериши билан бирга тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, пировардида халқ фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
Савдо-саноат палатасининг мазкур қурултойида ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимларида ишлаб келаётган А.Икромов Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси этиб сайланди.
Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси У.Исмаилов иштирок этди.
Дилором МАТКАРИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилгани учун жазо чоралари кучайтирилган, деб эшитганман....
01 янв 1970
Ҳар бир муаммони жойига бориб ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш уларнинг ҳаётини яхшилашга, эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.&nb...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпета” МФЙ Гулистон кўчасидаги 56-уйда яшайман. ...