Депутат сайловчилар ҳузурида

/
Ҳудудларда ечимини кутаётган муаммолар ҳақида хабардор бўлиш, энг муҳими, уларга ўз вақтида ечим топиш бугун ҳар бир давлат органи, барча даражадаги ташкилот раҳбар ва ходимлари ҳамда депутатларнинг диққат марказида бўлмоқда.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи аъзолари Фарҳод Абдуллаев, Омонулла Ибрагимовнинг шаҳардаги бир қатор маҳаллаларда фуқаролар билан очиқ ва самимий мулоқотлари ҳам ана шу мақсадга қаратилди.
Депутат Фарҳод Абдуллаев Яшнобод туманида жойлашган "Дилбоғ", "Парвоз", "Баркамол", "Бешариқ", "Хосиятли", "Тонг", "Ватандош" маҳаллаларида ўтказилган учрашувлар чоғида сайловчилар мавжуд масалалар хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Жумладан, электр энергияси таъминотида узилишлар бўлиб туриши, табиий газ ва иссиқлик энергиясидан фойдаланганлик бўйича тўловларга доир асоссиз равишда қарздорликлар келиб чиқаётгани, уй-жой ширкатлари фаолиятида камчиликлар борлиги ўртага ташланиб, фикр алмашилди. Айниқса, хизмат кўрсатувчи ва савдо шохобчаларида терминаллар етарли эмаслиги, пластик карталар орқали савдо қилинганда нархлар нақд пулга нисбатан 15-20 фоиз юқорилиги, шунингдек, ички йўлларнинг таъмирталаб эканлигига алоҳида урғу берилди.
Мулоқотларда фуқаро Елена Шестаева "Дилбоғ" МФЙ ҳудудида жойлашган 65-сонли оилавий ётоқхонанинг иситиш тизими анчадан буён ишламаётгани ҳамда ётоқхона биноси жиддий таъмирталаб бўлиб қолгани, "Авиасозлар 1" мавзесидаги 116-кўп қаватли уйда яшовчи хонадон эгалари қиш мавсумида иситиш тизими талабга жавоб бермаслиги, бироқ қарздорлик ошиб бораётгани ҳамда уйнинг том қисмини таъмирлаш зарурлиги юзасидан мурожаат қилишди. Шу билан бирга, "Бешариқ" ва "Баркамол" маҳаллаларида жойлашган 313-мактабгача таълим муассасаси ва 151-умумтаълим мактабига олиб борувчи "Занжирсарой" кўчасида таъмирлаш ишларига эҳтиёж борлиги баён этилди. Фуқаро Муяссар Юсупова "Хосиятли" МФЙда жойлашган 22-сонли оилавий ётоқхонада икки нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаб келганлиги, аммо ҳозирда асоссиз равишда у ердан рўйхатдан чиқарилгани, эндиликда турар жойга эга эмаслигини айтиб, амалий ёрдам кўрсатилишини сўради.
Юқорида келтирилган масалалар мутасадди ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорликда ўрганилиши ва бу ҳақида депутат аҳоли олдида ҳисоб бериши таъкидланди.
Шунингдек, депутат Омонулла Ибрагимов турли давлат идоралари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи билан биргаликда "Катта Қозиробод", "Катта Чилонзор" маҳаллалари аҳолиси билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида жойларда юзага келаётган муаммолар, аҳоли турмуш даражасини оширишга халақит бераётган камчилик ва нуқсонларни ўрганди, уларни бартараф этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, фуқаро Мадина Акрамова Бердақ кўчасининг таъмирталаб эканлиги, 1-кўп қаватли уйда яшовчи Любовь Довгалюн атроф-муҳит тозалигини асраш, дарахтлар рухсатсиз кесилишининг олдини олиш, кўчаларда чиқинди ташлайдиган махсус қутилар қўйиш лозимлиги, Дилором Аҳророва коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, банклардан кредитлар олишда учраётган тўсиқлар, бюрократизмни бартараф этиш каби масалалар ҳақида мурожаат этишди. Ишчи гуруҳи томонидан мазкур муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўриб чиқиладиган ва амалий натижалар фуқароларга маълум қилинадиган бўлди. Зеро, муаммоларнинг ижобий ечим топиши давлат идоралари халқимизга хизмат қилаётганининг амалий ифодасидир.
Депутат О.Ибрагимовнинг таъкидлашича, жойларда ўтказилаётган юзма-юз мулоқот ва суҳбатлар натижасида инсон манфаатларининг рўёбга чиқарилиши аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади, уларни ҳар жабҳада янада фаол, ташаббускор, фидойи бўлишга чорлайди.
Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур учрашувларда фуқаролар томонидан қайд этилган долзарб масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан аниқ амалий ишлар қилиниши ишчи гуруҳи аъзоларининг назоратига олинган.
Феруз ФОЗИЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти бар...
01 янв 1970
Даставвал шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлими биносида рўй берган воқеа тафсилотини яна бир карра қисқача эслатиб ўтамиз....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Зарбдор туман кенгаши ташаббуси билан давра суҳбати ташкил этилди....
01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......