Инсон манфаатларини рўёбга чиқаришда ҳуқуқий билимларни ўрганиш муҳим ўрин тутади

/
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим омили саналади.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари” лойиҳаси доирасида Косон туман партия кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲнинг туман бўлими ҳамкорлигида педагогика-иқтисодиёт коллежида “Адолат — қонун устуворлигида” мавзусида тадбир ўтказилди.

— Вилоятимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати, коллеж директори Мақсуда Мустафоева. — Туманимизда истиқомат қилаётган 200 минг аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши, ўз орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришида ҳуқуқий билимлар асосий омиллардан бири саналади.
Шу билан бирга, дунёда ғоявий таҳдидлар, наркотрафик, одам савдоси билан боғлиқ муаммолар кучайган ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий билимларни лозим даражада билишлари ижтимоий заруратга айланган. Шуларни назарда тутиб, маҳаллий вакиллик органларига партиямиздан сайланган депутатлар партиянинг қуйи ташкилотлари фаоллари билан биргаликда мутахассисларни жалб этган ҳолда тарғибот тадбирларини янгича шакл ва услубларда олиб боришмоқда.
— Партиямизнинг “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари” лойиҳаси доирасида “Камолот” ЁИҲ туман бўлими билан ҳамкорликда туманимиздаги касб-ҳунар коллежларида “Истеъмолчилар ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида”, “Сиз ҳуқуқингизни биласизми?”, “Мутахассислик сенинг келажагингдир” мавзусида тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилмоқда, — дейди туман партия кенгаши раиси Ваҳоб Ибрагимов. — Шунингдек, туман хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси мутахассислари билан биргаликда “Нартибаланд”, “Мисит”, “Лолазор”, “Оралиқ” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида маънавий-ахлоқий тарбияни яхшилаш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш мақсадида “Оила — муқаддас даргоҳ”, “Соғлом оила — соғлом фарзанд”, “Соғлом бола — юрт истиқболи” мавзусида тадбирлар ўтказаяпмиз. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда шу нарса аён бўлмоқдаки, кейинги йилларда ҳуқуқий мавзуда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари туфайли ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлиги даражаси ўсган, уларнинг ён-атрофдаги воқеликларга бефарқ эмаслиги, дахлдорлик туйғуси кучайганлиги яққол кўзга ташланади. Албатта, бу борада ҳали амалга оширишимиз лозим бўлган вазифалар кўп. Хусусан, ёш авлоднинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишлари баробарида уларда бошқаларнинг ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш ҳам зарур. Шунингдек, уларни ахборот манбалари, айниқса, интернет орқали кириб келадиган маълумотларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида ўтиладиган ҳуқуқий мавзудаги дарслар сифатини ошириш ҳамда уларни зарур адабиётлар билан мунтазам равишда таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда ёшлар ўз қарашларини баён қилиб, савол ва таклифлари билан фаол қатнашдилар.
— Бундай тадбирлар биз — ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларимизни янада ошириш, тенгдошларимиз орасида ҳам ҳуқуқий маданият тарғиботини олиб боришимизда муҳим аҳамият касб этади, — деди “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Матлуба Қурбонова. — Ҳуқуқий маданиятимиз одамларга бўлган муносабатларимизда, қонунларни ҳурмат қилишимиз ва уларга риоя этишимизда намоён бўлади.
Давра суҳбатида иштирокчилар маҳаллаларда маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш, маънавиятимизга ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган оилалар, жиноят қилгани учун жазо муддатини ўтаб қайтган шахслар билан алоҳида ишлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, гиёҳвандлик юзага келишининг олдини олиш юзасидан мақсадли тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан биргаликда уларни доимий иш жойлари билан таъминлаш хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртбошимиз «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди....
01 янв 1970
Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорли...
01 янв 1970
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг қилган меҳнати, қолдирган изи вақт билан эмас, балки эл-юртга келтирган нафи, беминнат хизмати билан ўлча...
01 янв 1970
Улуғ донишманд, немис адиби Гётенинг фикрлари асрлар оша инсониятни табиатга тўғри муносабатда бўлишга ундаб келади....