Шартнома пулини тўлолмаса...

/
— Агар талаба шартнома пулини тўлашга қийналса, олий таълим муассасаси томонидан имтиёз берилиши назарда тутиладими?
А.Турғунбаев,
Тошкент шаҳри

— Тўлов-контракт асосида ўқиш ихтиёрий бўлиб, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда мазкур тоифадаги талабаларга олий таълим муассасаси томонидан тўлов шартларини енгиллаштириш бўйича имтиёзлар бериш кўзда тутилмаган. Айни пайтда талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун кенг имкониятлар мавжуд бўлиб, улардан бири бу “таълим кредити”дир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги 318-сонли қарорига асосан банк муассасалари томонидан тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларга берилаётган “таълим кредит”лари жуда ҳам қулай ва самарали ҳисобланади.
Ушбу қарорнинг 3-бандига асосан:
- чин етимлар, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлари учун — фоизсиз таълим кредитлари берилади;
- кам таъминланган оилада вояга етган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан “Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси” маблағлари ҳисобидан тўланиши белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 24,15-сонли қарорига асосан 2010 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олишга (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг таълим олиши учун) йўналтириладиган суммаларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.
Шу билан бир қаторда, сиз ҳомийлик кўрсатиши мумкин бўлган корхона ва ташкилотларга ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.
Саволга жавоб www.edu.uzдан олинди.
 
— 10 йиллик никоҳимиз давомида фарзанд кўрмадик. Энди ўзаро розилигимиз асосида никоҳни бекор қилмоқчимиз. Бу борада қаерга мурожаат этсак бўлади?
П.Самадова,
Деҳқонобод тумани

— Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 42-моддасига асосан “Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.
Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли”.
Саволга Деҳқонобод туман ФҲДЁ бўлими
мудири Ж.РАҲМАТИЛЛАЕВ жавоб берди.
 
— Автомобилимни бошқа инсонга бошқаришга рухсат берувчи ишончнома тасдиқлатмоқчи эдим. Бундай ишончномаларни нотариал тартибда тасдиқлашда қанча миқдорда давлат божи ундирилади?
З.Жумаева,
Бухоро шаҳри

— Ҳаммамизга маълумки, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, 18 ёшга тўлмаган шахсларга автомототранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари ишончномаларини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли қарорига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида 2008 йил 1 декабрдан бошлаб, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатъий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади. Агар ишончнома биттадан ортиқ ишончли вакилга берилган тақдирда, у ишончли шахслар сони бўйича гербли бланкаларда расмийлаштирилади ва ҳар бир гербли бланка учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида герб йиғими ундирилади.
Шунингдек, яқин қариндошларга автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончномаларни нотариал тасдиқлаш чоғида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, бошқа шахсларга эса автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончномаларни расмийлаштиришда ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Яқин қариндошлар ўртасида бу турдаги ишончномаларни расмийлаштиришда қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (туғилганлик гувоҳномаси, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома кабилар) нотариусга тақдим қилиниши лозим.
Саволга Қоракўл туман 1-сон ДНИ нотариуси
Алишер БАҲРОМОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртид...
01 янв 1970
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тўёна сифатида янграётган ҳар бир хушхабар, янгилик қалбларимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини янада...
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИ САЙЛАШ ТЎҒРИСИДА
01 янв 1970
Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи аъзолари турли соҳаларда фаолият кўрсатишмоқда....