Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон

/
Ватанни болаликда бошқача ҳис қиламиз. Улғайган сари бизнинг бу ҳис-туйғуларимиз янада тиниқлаша бошлайди. Савол бера бошлаймиз: Ватан ўзи нима? Нима учун бу қутлуғ ва азиз сўзни айтганда бутун юрагимизни, бутун вужудимизни ёқимли меҳр чулғаб олади? Она ва фарзанд ўртасидаги меҳру муҳаббат каби мустаҳкам ришта жон ила боғлангандай. Шуларни ўйлаганда, Ватанни онага қиёсланиши бежиз эмас экан-да, деймиз беихтиёр.
Ўзбекистон. Ҳар фасли ўзгача тароватли ва бир-биридан гўзал, осмони мусаффо, замини саховатли, қуёшли ўлка, ризқ-рўзи зиёда юртим.
Яна савол кўнгилда такрорланади: Ватаннинг таърифи бормикан ўзи? Рости, изоҳлолмайман. Мунисим, мулойим чеҳрали онам, қадрдон ва меҳрибоним отам, болалигимда бизлар соясида ўйнаган боғлар, дарахтлар, ариқлар кўзим ўнгига келади. Жамбилу райҳон иси урилади димоғимга. Ёз кунларида челаклаб сув сепилган шинам ҳовлидан кўтарилган намхуш, ёқимли ҳаво... Чор тарафдан эшитилган қўни-қўшниларнинг суҳбатлари, туну кун биз қараб тўймаган осмон, чопқиллаб тинмаган ер.
Ватан нима эканини сўраган юракка унинг ўзи жавоб эмасми?! Ҳа, ўйлаб қарасам, у менинг юрагим экан.
Томирларимга ҳаёт бағишлаб, умидимни порлатиб, эртанги иқболимга ундаб турган юрагим экан Ватан! Унда тўлиб-тошган меҳрдан бошланади аслида Ватан...
Мустақиллик бизга ана шундай неъматларни туҳфа этди.
Биз бағрида яйраб ўсаётган юртимизни чин юракдан севамиз, унинг онадай меҳрибонлигини ҳар куни, ҳар лаҳза ҳис этамиз, унга меҳримиз ортади. Фарзанд улғайиб камолга етгач, ота-онасини эъзозлайди, оғирини енгил қилиб, ниманики яхши кўрса, шу нарсаларни бу азиз инсонларига муҳайё қилгиси келади. Доим ширин, меҳрли сўзларини улар учун атайди, аямайди. Уларнинг дилини оғритмайди, ҳимоя қилади. Ватанга муносабатимиз ҳам шу гўзал ҳаётий мисолга ўхшайди аслида. Ота-она фарзандини жонидан ортиқ кўрганидай фарзандлар ҳам ота-онага худди шундай меҳр-оқибат, муҳаббат ришталари билан боғланган. Ватан ҳар бир инсон учун ягонадир, тупроғи муқаддас. Бу тупроқ учун қанчадан-қанча аждодларимиз жонини тиккан ахир! Юртимизнинг ҳар бир қарич ери бебаҳо. Шоир ёзганидек:
Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон
Достонларда битган гулистон
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.

Мустақиллик бизга бебаҳо неъматлар, кенг имкониятлар берди. Бетакрор замин – Ўзбекистонимизнинг жаҳон билан бўйлашиб мисли кўрилмаган ютуқларни қўлга киритаётгани, унинг обрў-эътибори юксалиб бораётгани барчамизнинг ютуғимиздир. Бу ҳам бўлса, биз энг улуғ, энг азиз неъмат деб атаган мустақилликнинг туҳфасидир.
Халқимизда “Она юртинг омон бўлса, рангу рўйинг сомон бўлмас”, “Булбул чаманни севар, одам Ватанни” каби мақоллар бежиз айтилмаган экан. Бу теран ва ҳаётий исботини топган нақллар ҳар биримизни Ватанни қадрлашга ўргатади, сабоқ беради. Ватанни қадрига етмасдан, хорижда сарсон бўлиб пушаймонликда, доғда қолганлар бугун ҳам йўқ эмас. Сўнгги пушаймондан не фойда, халқ нақлларининг мағзини чақиб, ўз вақтида амал қилиш керак.
Шундай, Ватан ҳамма нарсадан азиз, инсоннинг бахти, осойишталиги шу азиз Ватан туйғусига мангу муҳрланган.
“Биз буюк юрт фарзандларимиз!” Буни ўзларига шиор қилиб олган ўзбек ёшлари бугун бутун жаҳон бўйлаб юртимиз довруғини достон қилмоқда. Иқтидоримни намоён қиламан, Ватан равнақига ҳисса қўшаман деган ҳар бир ёшга барча имкониятлар эшиги очиқ, барча шароитлар яратилган.
Ватан, мен сенинг қизингман! Бахтим, орзу ва умидларим камоли сен билан. Юрагим, қалбим сенга бахшида. Кундан-кун юксалиб бораётган қадру қимматинг, обрў-эътиборинг менинг ифтихоримдир.
Мафтуна ШОДМОНҚУЛОВА,
Янгиер тиббиёт коллежи даволаш иши йўналиши ўқувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маҳсулотларни пластик карточка орқали харид қилганимизда баъзан сотувчи томонидан нархлар сунъий равишда оширилишига гувоҳ бўламиз....
01 янв 1970
Хусусан, вилоятимиздаги хотин-қизлар қўмиталари ходимларининг масъулияти, шижоати ортганлиги иш жараёнида яққол сезилмоқда....
01 янв 1970
Чоршанба — Электорат билан юзма-юз мулоқот
01 янв 1970
Умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш ғояси илгари сурилгач, бу ғояни тезлик билан рўёбга чиқаришга киришилди....