Юксак эътибор ва ишонч

/
Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос олижаноб хусусиятлардан биридир. Шу маънода Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Чунки, жамиятда сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва тараққиёти аёлларга, ёшларга, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан боғлиқ.
Мамлакатимиз Президенти аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролига юқори баҳо бериб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларимизнинг билимдон, замонавий мутахассис, малакали касб эгалари бўлишлари ҳамда соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, биринчи навбатда, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборидаги энг устувор вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Маълумки, миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг, оилада эса аёлнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида, она тарбияси билан шаклланади. Юртимизда хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни, уларнинг оилага бўлган муносабати, ижтимоий ҳаётдаги роли ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги боис уларнинг мавқеи ҳар жиҳатдан юқори баҳоланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқий меъёрларга асосланади. Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб аёллар ҳуқуқини халқаро меъёр ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида Аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги (CEDAW), аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳақидаги, оналикни муҳофаза қилиш ҳақидаги халқаро конвенцияларга қўшилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида янги бир давр, янги бир босқични бошлаб беради, хотин-қизлар фаоллигини янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади ва аёллар салоҳиятини намоён этиш йўлларини белгилаб беради.
Бу каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда асосий мақсад юртимиз аёлларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, опа-сингилларимизнинг фаоллигини оширишга, уларга маънавий-руҳий мадад беришга, қолаверса, уларни турли таҳдид ва қотиб қолган эскича қарашлардан ҳимоя қилишга қаратилди.
Аёллар саломатлиги ва аёл бахтининг тўкислиги, аввало оила мустаҳкамлигини, оила мустаҳкамлиги эса жамият тараққиётининг асосий омилидир. Шу боис она ва бола саломатлигини таъминлаш, оилада соғлом муҳитни яратиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Умуман, ҳеч бир давлатда оила тақдири, хотин-қизлар келажаги ҳамда уларнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамоллигини таъминлаш масаласига Ўзбекистондагидек эътибор қаратилмаган, десам муболаға бўлмайди.
Ҳақиқатдан бирор давлатда бизнинг юртимизда бўлгани сингари хотин-қизларга эътибор кўрсатилмаган, эъзозланмаган, мамлакат таянчи сифатида эътироф этилмаган. Мана шу кўрсатилган эътибор туфайли аёлларимизнинг ўртача умр кўриш ёши 67 дан 73 ёшга қадар узайганлигини алоҳида қайд этиш лозим.
Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Президентимизнинг байрам табригида юртимизда 3 мингга яқин етакчи хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилгани, айни вақтда ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш тизими яратилаётгани ҳақида алоҳида сўз юритилди. Юртбошимиз таъкидлаганидек, буларнинг барчаси мамлакатимизда хотин-қизлар ҳаракати катта салоҳият ва истиқболга эга эканини кўрсатади.
Шуни қайд этиш жоизки, бу йил миллий парламентимиз ва маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган сайловларга Ўзбекистон “Адолат” СДП сафидаги хотин-қизлар ҳам астойдил тайёргарлик кўрмоқда.
Юртимизда оилани мустаҳкамлаш, ёш оилалар ҳақида ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, соғлом ва мустаҳкам оила барпо этиш, хотин-қизларнинг давлат ва жамиятни бошқаришда фаол иштироки учун кенг имкониятлар яратилган бўлиб, биз хотин-қизлар берилган ана шундай шарт-шароитлардан унумли фойдаланишимиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар жараёнининг фаол иштирокчисига айланишимиз, бизга билдирилаётган ишончни оқлашимиз, ўз меҳр ва садоқатимизни оила, жамият, Ватан равнақи ва барқарорлиги, тинчлиги ва осойишталиги йўлида намоён этишимиз лозим.
Дилбар АРТИКБАЕВА,
халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 ЙИЛ 18 МАРТ ШАНБА ДАМ ОЛИШ КУНИНИ 2017 ЙИЛ 20 МАРТ ДУШАНБА КУНИГА КЎЧИРИШ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқдалар....
01 янв 1970
Илм — мангулик аъмал, улуғвор иш эканлигини ҳаёт неча асрлардан бери исботлаб келмоқда. ...
01 янв 1970
Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, вақт тушунчаси уларнинг маъно-моҳиятини тўла очиб беришга ожизлик қилади. ...