Сарҳисоб: таҳлил, танқид ва натижалар

/
Жорий йилнинг 7 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпуси томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, 2019 йилга мўлжалланган устувор мақсад-вазифалар ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров маъруза қилди.
Партия етакчиси эътироф этганидек, 2018 йилда партия Сайловолди дастури ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан йўлга қўйилган самарали механизмлар асосида кенг мулоқот олиб борилди.
Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар партия фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирди. Партия ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқди.
Ҳисобот даврида партия томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия ва суд-ҳуқуқ соҳаларига асосий эътибор қаратилиб, ушбу йўналишларда муайян ишлар қилинди.
2018 йилда партиянинг амалий ҳаракатлар Дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
Хусусан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг барча туман, шаҳар кенгашларида фаоллар ва депутатлар томонидан мунтазам равишда маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар олиб борилди.
Республика бўйича 6109 та маҳалладаги 93620 та хонадон ва 5089 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан билдирилган 13466 та мурожаат асосида мутасадди ташкилотларга юборилган 2600 та депутатлик сўровининг 1651 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 6800 та мурожаатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
“Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши ҳолатлари республика бўйича мавжуд боғчалардан 1787 тасида жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларига 48 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
“Ижтимоий соҳа ривожи — аҳоли фаровонлигининг гарови” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари 1 800 дан ортиқ ташкилотларда ўрганилди. Ушбу ташкилотларнинг 46 фоизида идоравий архивлар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, 15 фоизида эса идоравий архив умуман шакллантирилмагани аниқланди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда “Архив иши қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирда у Қонунчилик палатасига киритилиш арафасида.
Ҳисобот даврида Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш мақсадида депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларига 40 та, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига эса 228 та масала киритишга эришилди, бу борадаги кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 2 баробарга ортди. Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан йил мобайнида аҳоли ва сайловчиларнинг мурожаатлари асосида мутасадди ташкилотларга 5300 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 1,5 баробар ортгани қайд этилди.
Шунга қарамай, ўтган йил давомида партиянинг баъзи туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари сессиялар ва доимий комиссияларга бирорта масала ёки таклиф кирита олмагани пленумда кескин танқид қилинди. Шу билан бирга, аксарият ҳудудий кенгашларнинг тегишли масалалар юзасидан мансабдор шахслар ҳисоботини эшитиш ёки депутатлик сўровлари чиқаришдаги фаолияти ҳам етарли даражада эмаслиги танқид қилинди.
Алоҳида таъкидланганидек, 2018 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари 9 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлди. Хусусан, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги ҳамда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасидаги ўрганишларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишида арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўп кўтарилган эди. Айнан шу икки масала Қонунчилик палатасида илк бор ташкил этилган “Ҳукумат соати” кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарларининг ушбу масалалар бўйича ахборотлари эшитилди.
Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларнинг овқатланиши билан боғлиқ муаммолар ва бу муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар юзасидан фракция ташаббуси билан халқ таълими вазирига парламент сўрови юборилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномаси ҳамда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури асосида партия ва фракция томонидан 2019 йилга мўлжалланган алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Бунда, аввало, фракция аъзолари томонидан қонун ташаббускорлиги, айниқса, тўғридан-тўғри ишлайдиган (ҳаволаки нормаларсиз) қонунларни ишлаб чиқиш, сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар ва ҳудудлардаги долзарб муаммоларни ўрганиш орқали уларнинг ечимини топишда соҳадаги масъул вазирликларга парламент сўровларини юбориш каби вазифалар белгилаб олинди.
Жорий йилда партия фракцияси ташаббуси билан “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик муҳокамаси тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни партиянинг барча бўғинларида муҳокамадан ўтказиш ва ўрнатилган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш устувор вазифалар қаторида белгиланди.
Шу билан бирга, пленумда партиянинг барча даражадаги бўғинлари ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда 2019 йилда партиянинг бир қатор лойиҳалари доирасида тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида янги ташкил этилаётган хусусий клиникалар фаолиятини, болалар стоматологик касалликлари профилактикаси ҳолатини, фармацевтика соҳасидаги ислоҳотлар самарасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, ҳудудларнинг ривожланиши учун жалб этилаётган инвестициялар юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш, олий таълим муассасаларида тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти устидан тизимли мониторинг олиб бориш ва уларнинг фаолиятига кўмаклашиш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Анжуманда партия фаолиятига оид бошқа бир қатор муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилди ва муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партия Сиёсий Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Пленум якунида Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида демократик жараёнларни жадаллаштириш, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этишда ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг халқ орасидаги танилувчанлиги ва обрўсининг ошишига хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, намуна кўрсатаётган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бир гуруҳ ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида фаолият олиб бораётган ташаббускор сафдошларимиз партия томонидан таъсис этилган “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари

Сўз — пленум иштирокчиларига!
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— 2018 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича бир қатор ишлар олиб борилди. Хусусан, бугунги кунда болалар стоматологияси соҳасида кечиктирмай ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар тўпланган, чунки мактаб ва ўсмир ёшидаги болалар касаллигини ўз вақтида даволанмаслиги нохуш оқибатлар олиб келиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда фракциямиз Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Тошкент давлат стоматология институти вакиллари билан ҳамкорликда ҳудудларда ўрганишлар олиб борди.
Натижада умумтаълим мактабларида стоматология хонаси йўқлиги, болаларга биринчи ёрдам кўрсатувчи керакли дори воситаларининг етарли эмаслиги, кариесга чалинган болаларга тиббий муолажалар қилинмагани маълум бўлди. Ҳозирда соҳага доир қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси фракция аъзолари томонидан қайта кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, партия ва фракция билан ҳамкорликда халқимиз генофондини сақлаш учун ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш рациони бўйича амалдаги меъёрларни қайта кўриб чиқиш масалалари ҳам Давлат дастури лойиҳасига таклиф сифатида киритилган эди. Қувонарлиси, мазкур масала ҳам давлат дастурининг 155 бандида ўз аксини топди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорлик Меморандуми доирасида ҳозирги замон талаблари ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, хусусан, трансплантологияга, ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) каби масалаларни қамраб олган — “Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва аҳоли орасида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланган эди.
Ҳозирда мазкур қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кенг муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, ҳудудларда ҳам ушбу қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 50 дан ортиқ учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, бир қатор таклифлар қайд этилди.
Фракция ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва мазкур қонун лойиҳалари қуйи палата мажлисларида муҳокама қилингани ҳам партиямиз дастурий мақсадларининг ҳаётга самарали татбиқ этилаётганидан далолат беради.
Исроил ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси:

— Ҳозирда халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашида 8 та депутатлик ўрнига эгамиз. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида эса жами 40 нафар депутатимиз фаолият юритмоқда. Бироқ, 5 та туман, шаҳар маҳаллий Кенгашларида депутатлик гуруҳларини ташкил эта олмаганимиз афсусланарли ҳолдир.
Ушбу камчиликларимизни бартараф этиш мақсадида келгуси сайловларга тайёргарлик кўриш, муносиб номзодларни танлаш юзасидан алоҳида чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Ўтган йил давомида шаҳар ва туман партия кенгашлари томонидан “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларида умумий тиббий хизмат ҳолати ўрганилди, уларда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этишда доимий комиссия йиғилишларига 5 та ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига 10 та масала киритишга эришилди. Айнан шу лойиҳа доирасида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияда 1 та масала муҳокама қилинишига эришдик.
Партиямизнинг “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови”, “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳалари доирасида ҳам партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан доимий комиссия йиғилишлари ва сессиялар муҳокамасига масалалар киритилди.
Халқ депутатлари Учқўрғон туман Кенгашида 1 нафар депутатлик ўрнига эга бўлсак-да, шу биргина депутатимиз ташаббуси билан маҳаллий Кенгаш сессиясида 3 та масала кўриб чиқилди.
“Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида ўтган йил давомида муайян ишлар амалга оширилди. Аммо ишчи гуруҳлари томонидан ўрганишлар натижасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масалалар киритишда депутатларда ташаббускорлик етишмаганлиги, афсуски, вилоятимиз кўрсаткичларига ўз салбий таъсирини кўрсатди. Тан олиб айтиш керакки, лойиҳаларимиз доирасида ўрганиш ишлари тўғри ташкил этилгани билан аниқланган долзарб масалаларни маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари ва сессиялари кун тартибига киритишда лозим даражада фаоллик кўрсата олмадик.
Бунда маҳаллий Кенгашларимиз раисларининг ҳам айби бор, албатта. Улар томонидан депутатларимизнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, биргаликда иш олиб боришда бироз оқсоқликлар мавжуд. Маҳаллий Кенгашлар ижрочи котибларининг масъулиятини ошириш бу каби камчиликларимизни келгусида тўғрилаб олишимизга имкон яратади.
Ориф ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

— Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз имкониятларидан самарали фойдаланишлари учун кўмаклашишга эътибор қаратмоқда. Жумладан, вилоят партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан 2018 йил давомида жами 121 та тадбир ўтказилиб, ушбу тадбирларга 7465 нафар ёшлар жалб этилди. Шунингдек, вилоят партия кенгаши қошида иқтидорли ёшлар учун “Истеъдод клуби” фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу клубда ёшлар 7 та йўналиш бўйича ўз иқтидорларини намоён этиб келмоқдалар.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг ёшлар, шунингдек, уюшмаган ёшлар билан ишлаш ҳолати бўйича таъкидлаган танқидий фикрларидан келиб чиқиб, Жиззах вилоят партия кенгашининг алоҳида чора-тадбирлар режаси ижрога йўналтирилди.
Шу билан бирга, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар билан ишлаш, чет элга чиқиб кетган ёшларни юртимизга қайтариш, ишга жойлаштириш юзасидан ишчи гуруҳлари томонидан чоралар кўрилмоқда.
Жойларда ўтказилган суҳбатлар ва учрашувларда чет элга чиқиб кетган ёшларнинг ота-оналари иштирокида ижтимоий тармоқлар орқали 234 нафари билан алоқалар ўрнатилиб, улар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар ва имтиёзлар билан яқиндан таништирилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудларидан турли диний оқимларга кириб қолган 19 нафар ёшларнинг ота-оналари билан доимий равишда суҳбатлар олиб борилди ва бундай тарғибот ишлари ижобий натижалар бермоқда.
Вилоятда партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан 2018 йил давомида 2486 та учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, 62155 нафар ёшлар қамраб олинди ҳамда 2746 та хонадонга ташриф буюрилди. Шунингдек, 572 нафар ёшлар иш билан таъминланди, 4115 нафар ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва 26 нафар ёшлар чет давлатлардан қайтарилди.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг доимий комиссияси йиғилишига ҳам депутатларимиз ташаббуси билан уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган масалалар киритилди. Шунингдек, Дўстлик, Зомин, Зарбдор ва ўаллаорол туман партия кенгашлари ташаббуси билан уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида олиб борилган ўрганиш натижалари маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилинди.
Дилором МЕҲМОНОВА,
халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати, “Адолат” кўкрак нишони соҳиби:

— Партия тизимида “Адолат” кўкрак нишони таъсис этилганлиги партиянинг ўз аъзоларига, депутатларига ва кадрларига кўрсатаётган эътиборини ифодалайди. Бу нишонни кўксига қадаган ҳар бир сафдошимиз қалбида партияга бўлган садоқат ҳисси ва масъулияти ортади.
Депутат сифатида бу ишончга жавобан бундан кейин ҳам партиямизнинг нафақат Қувасой шаҳрида, балки вилоятимиз аҳли орасида обрўсини мустаҳкамлаш, нуфузини оширишга, сафимизни кенгайтиришга ҳисса қўшишни мақсад қилдим. Дастурий ғояларимизни ҳудудда соҳалар ривожи учун татбиқ этишда фаолроқ ишлаш қатъий вазифамиз саналади.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас конституциявий бурчимиз саналади. ...
01 янв 1970
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. ...
01 янв 1970
Сариосиё, Узун туманларида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Даврон Тангиров бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўрганишлари ҳам самара...
01 янв 1970
Юртимизда ёши улуғ инсонлар, меҳнат фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади. ...