Инсон қадр-қимматини топтовчи иллат

/
Янгийўл иқтисодиёт ва сервис коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан партиянинг “Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида “Одам савдосига қарши кураш ва ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш — долзарб масала” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ва Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур тадбирдан мақсад одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида тарғиб қилишга қаратилди.
Қайд этилганидек, одам савдоси инсон, унинг дахлсиз ҳуқуқлари, қадр-қиммати, осойишта ҳаёти ва келажагига жиддий путур етказувчи, сарҳад ва миллат танламайдиган иллатдир. Шу боис бу жиноят жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.
Ушбу жиноят орқали олинаётган даромад гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғ савдосидан кейин дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 600 мингдан 800 минггача аёллар ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Ушбу рақамлардан кузатиш мумкинки, бугунги кунда одам савдоси ижтимоий хавфлилиги жиҳатидан кун сайин ўсиб бораётган жиноятлардан бири бўлиб, унга қарши миллий ва халқаро миқёсда курашни кучайтириш, бундай жиноятларнинг олдини олишда зарур дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда мазкур муаммога қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш лозимлигини даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Сўнгги йилларда одам савдоси жинояти туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу иллатга қарши курашишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Аввало, одам савдоси жиноятига барҳам бериш учун етарли норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.
Жумладан, 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, шунингдек, одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш, одам савдосига қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорлик, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик каби масалаларни ҳам қамраб олади.
Давра суҳбатида одам савдосига қарши кураш борасида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш, шунингдек, барча мутасадди ташкилотлар кучли ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиб фаолият юритишлари лозимлиги таъкидланди.
Хусусан, одам савдоси муаммосининг олдини олиш бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз дастурида белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган вазифалар ижроси доирасида умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшлар учун турли мавзуларда семинар ва давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда. Интерфаол усулда ташкил қилинаётган мавзулар муҳокамаси, саҳна кўринишлари, слайдлар намойиши иштирокчиларни фаоллаштиришга, кўтарилаётган масалага оид ҳаётда учрайдиган муаммоли вазиятнинг ечимини топишга кўмаклашиб, уларни огоҳликка ундамоқда.
Шунингдек, давра суҳбатида одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам масъуллар томонидан маълумотлар берилди. Тадбир доирасида иштирокчиларга одам савдоси муаммоси, чет элларга чиқиш ва ўзга давлатларда бўлиш қоидалари, у ерларда норасмий ва ноқонуний ишлашнинг оқибатлари, ушбу жиноятдан жабрланганлар учун йўналтирилган ахборотни ўзида мужассам этган буклетлар тақдим этилди.
Жонли мулоқотларга бой бўлган тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга депутатлар, мутахассислар ва партия фаоллари томонидан атрофлича жавоб берилди. Махсус викторина саволларига жавоб берган энг фаол ёшлар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратилиб, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда....
01 янв 1970
Янги таҳрирда қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жойларда тарғибот ишлари олиб бор...
01 янв 1970
1-мактабгача таълим муассасаси Чортоқ туманида тизимдаги йирик таълим маскани ҳисобланади. ...