Жиноятчиликка қарши курашиш партия фаоллари эътиборида

/
Тўрақўрғон — Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар соҳада ўзига яраша мавқега эга бўлган туманларидан бири ҳисобланади. Айниқса, кейинги йилларда бу ерда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги пайтда туманнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтирадиган қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётганлиги ҳам диққатга сазовордир. Бу лойиҳалар орасида 900 мегаватт қувватга эга бўладиган иссиқлик электр станцияси ҳам бор. Яқинда яна бир муҳим объект — “Hyundai” автомобиллари ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди. Қишлоқларни обод этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимини топишда давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иш олиб бормоқда. Улар орасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг туман ташкилоти ҳам бор.
Бугунги кунда тумандаги партиядошларимиз сони 2100 кишидан ортди. Туман партия кенгаши тарикибида 35 та БПТ иш олиб бормоқда. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Муқаддас Ахматованинг айтишича, кейинги пайтда депутатлар фаолиятини кучайтиришга доир бир қатор чора-тадбирлар кўрилди.
Партия депутатлари туманда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқди. Бунда депутатлардан Муяссар Икромова, Сафибулло ўаффоров ва Эркин Эргашев фаоллик кўрсатди. Вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев бошчилигидаги мутахассислар мазкур ўрганишни ташкил этишда ҳам услубий, ҳам амалий ёрдам беришди. Шу ўринда улар Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларидаги депутатларимизга ҳам маҳаллий Кенгаш сессиялари ва доимий комиссияларга масала тайёрлашда қатнашиб, бирмунча тажриба тўплаганини айтиб ўтиш жоиз.
— Депутатларимиз жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси масаласида ўрганиш ўтказганининг сабаблари бор, албатта, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари М.Ахматова. — Бу мавзу сайловчилар билан мулоқотлар натижасида юзага келди. Депутатларимиз ва фаолларимиз жойларда аҳоли билан учрашганида бу ҳақда кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Биз фикр ва таклифларни умумлаштириб, ушбу масалани ўрганиш керак, деган хулосага келдик.
Мазкур жараёнга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам жалб этилди. Депутатлик гуруҳи аъзоси Эркин Эргашев мутахассислигига кўра ҳуқуқшунос эканлиги ҳам ўрганишларга ижобий таъсир қилди. У ҳозирда мутахассислиги бўйича иш олиб боради. Шу билан бирга, коллежда ўқувчиларга сабоқ беради.
Бир неча кун давомида депутатлар масалани олдиндан пухта тузилган режа асосида ўрганиб чиқдилар ва натижаларни таҳлил қилдилар. Зарур хулосалар чиқарилди ва аҳволни яхшилаш учун тавсиялар ишлаб чиқилди.
Маълум бўлишича, шу йилнинг ўн бир ойи мобайнида туман ҳудудида ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар олиб борган профилактик тадбирларга қарамай 170 та жиноят содир этилган. Айрим турдаги жиноятлар камайганига қарамай, умумий ҳолат хотиржамликка берилишга асос бўла олмайди.
Хусусан, ёшлар ва вояга етмаганларнинг жиноятга қўл уриш ҳолатлари барҳам топганича йўқ. 18-30 ёш оралиғидаги фуқаролар томонидан 54 та жиноят содир этилгани ташвишлидир. Уларнинг аксарияти фирибгарлик, ўғирлик, йўл-транспорт ҳодисаларидир. Афсуски, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Ўтган ўн бир ой ичида 16 та ўғирлик, фирибгарлик, ўзлаштириш каби жиноятлар аниқланганлиги қайд этилганки, бу борада тарғибот-ташвиқот ва профилактика тадбирларини кескин кучайтириш талаб этилади.
Ўрганишлар давомида ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, аҳоли истиқомат жойларида ўтказиладиган тадбирларга маҳаллий Кенгаш депутатларини таклиф этиб туриш фойдадан холи эмас. Прокуратура, судлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда тарғибот ишларини олиб бориш ҳам яхши самара беради.
Депутатлик гуруҳи ўрганишларига доир натижа ва хулосалар халқ депутатлари Тўрақўрғон туман Кенгашининг қонунийлик, ҳуқуқ-тарғибот ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишида кўриб чиқилди. Муҳокамада депутатлар билан биргаликда ҳуқуқ-тартибот органлари ва қатор жамоат ташкилотларининг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Қайд қилинган ҳар бир ҳолат, далил ҳамда рақамлар атрофлича таҳлил қилинди. Депутатлик гуруҳи раҳбари М.Ахматова, туман маъмурий суди раиси Э.Абдуллаев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари У.Нишонов ва бошқалар масалага доир зарур таклиф-мулоҳазалар билдиришди. Айни пайтда ўртага ташланган таклифларни қайта ишлаб, мазкур масалани маҳаллий Кенгаш сессиясига тақдим этишга қарор қилинди.
Демак, тўрақўрғонлик депутатлар “Адолат” СДПдан сайланган ҳамкасблари тайёрлаган ва туман ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган масалани муҳокама қиладилар. Қабул қилинадиган қарор ва унда белгиланган топшириқлар ижроси ҳудудда жиноятчиликни камайтириш, туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга, инсонлар ҳаёти янада яхшиланишига ҳисса қўшади, албатта.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчининг энг катта орзуларидан бири саналади....
01 янв 1970
Таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хоналардаги шарт-шароитлар ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясида “Конституция — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафо...
01 янв 1970
Бундан 23 йил муқаддам менинг зиммамга ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилганлигини ҳозиргача чуқур қониқиш билан эслайман....