Эътибор ва ғамхўрлик — инсоний бурч

/
Юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш, аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, халқимизга хос азалий қадриятга айланган. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатишга давлатимиз алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Президентимизнинг шу йилнинг 23 апрель кунги “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бунинг ёрқин далили бўлди.
Айни кунларда барча давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан ҳам жойларда кексалар ҳолидан хабар олиниб, улар иштирокида учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати ташаббуси билан жорий йилнинг 6 май куни “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиори остида ташкил этилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фахрийлар кенгаши аъзолари, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, фаол сафдошларимиз иштирок этишди.
Тадбирда дастлаб партиянинг бирдамлик тамойилига ҳамоҳанг равишда республикадаги миллий маданий марказлар фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Самимий мулоқот тарзидаги учрашувда ўзбек халқининг энг қийин шароитларда ҳам бағрикенглик намунасини кўрсатган ҳолда уруш даврида эвакуация қилинган кўплаб аҳолини ўз бағрига олгани, ўз уйидан жой бергани, нонини улар билан бирга баҳам кўрганлиги ёдга олинди. Бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бирдамлик муҳити — тинчлик ҳамда барқарорлик, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг энг муҳим омили эканлиги қайд этилди.
— Хотира ва Қадрлаш куни ўз номи билан қадрлаш байрамига айланиб кетмоқда, — деди Қозоқ миллий маданий маркази фаоли 95 ёшли Бексеит ота Баймурзаев. — Уруш дегани асло бўлмасин, биз кўрганни сизлар кўрманглар. Киев, Прагада, сўнгра Японияга қарши Манжурия ҳудудидаги жангларда қатнашдим. Шукрки, бугун мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон. Узоқ йиллар меҳнат қилган педагог сифатида сўнгги йилларда халқ таълими тизимидаги ўзгаришларни алоҳида қайд этишни истар эдим. Қўшни мамлакатлар билан дўстлик алоқалари яхшиланиши, жорий йилнинг Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг юртимизга ташрифи, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотларни катта қизиқиш билан кузатиб бордик.
— Бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. — дейди Ўзбекистон халқ артисти, “Симхо” бухоро яҳудийлари миллий маданий маркази раиси Вилоят Оқилова. — Бунга биз энг қийин даврлар ҳисобланган уруш йилларида шахсан гувоҳ бўлганмиз. Бугунги кунда ҳам юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистондаги барча миллатлар ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини асраш ва ҳар томонлама ривожлантириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда иштирок этган қирғиз, уйғур, рус, украин миллий маданий марказлари фаоллари ҳам юртимизда ҳукм сураётган дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бирдамлик муҳити, тинчлик ҳамда барқарорлик мамлакатимиз тараққиётининг муҳим омили эканини қайд этишди.
Шундан сўнг партия депутатлари ва фаолларидан иборат гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган боболарни эъзозлаб, ҳолидан хабар олиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишди. Жумладан, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кекса ёшдаги инсонларнинг уйларига ташриф буюрилди ва совға-саломлар билан кўнгиллари шод этилди.
Дориламон кунлар шукронасида, невара-эваралари ардоғида яшаётган Мағфурат момо Вагапова 93 ёшда.
— Тинчлик — бу энг буюк неъмат, ўша машъум уруш йилларида бу кунлар биз учун армон эди, — дейди Мағфурат ая. — Уруш даврида нафақат жанггоҳларда, балки фронт таъминоти учун оғир меҳнатда қанчадан-қанча тенгдошларимиз, фарзандларимиз ва кексаларимиз қурбон бўлишди. Шу кунларга етказганига шукр. Менинг шу ёшга киришим, бугунгидек тетик бўлишим юртимиздаги тинчлик, биз кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор туфайлидир.
Самимий руҳда ўтган ҳар бир хонадондаги суҳбатда фахрийларимизнинг юртимиз тинчлиги, халқ фаровонлиги, турмушимиз осойишталигини таъминлашда кўрсатган заҳматли меҳнатлари бугунги баркамол авлоднинг улғайишида улкан ҳисса эканлиги таъкидланди.
Суҳбатлар давомида катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кексаларимиз юз-кўзидаги хотиржамлик ва шукроналикни кўриб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нечоғлик инсонпарварликка асосланганини янада чуқурроқ ҳис қилдик.
Сўнгра тинчлик йўлида жасорат қўрсатган табаррук ёшдаги нуронийларни кейинги йилларда Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ижобий ишлар, бунёдкорлик намуналари билан таништириш мақсадида шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, муқаддас қадамжолари, янги қурилаётган иншоотлар бўйлаб саёҳат амалга оширилди. Ушбу саёҳат давомида юрт озодлиги ва равнақи учун жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш, ўтганларни хотирлаш учун Шаҳидлар хиёбонига ташриф буюрилди. Партия фахрийлари ва фаоллари, депутатлар ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари иштирок этган мазкур уч авлод учрашувида уруш қатнашчилари ва фронт ортида хизмат қилган фахрийлар йиғилганларга дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб бердилар.
— Биз ўз кўзимиз билан кўрган бешафқат урушда қатнашган, жанггоҳларда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг жасоратини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаймиз, улар хотираси олдида ҳамиша бош эгамиз, — дейди Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Равиль ота Аскаров. — Суронли дамларда олов ичида қолган бир миллионга яқин оила ва болалар Ўзбекистонга кўчирилган. Олижаноб халқимиз охирги бурда нонини улар билан баҳам кўргани ҳам катта жасорат эди.
Саёҳатни давом эттирган фахрийлар янгиланаётган Тошкентнинг рамзига айланиши кутилаётган Tashkent City, Humo arena, Ислом цивилизацияси марказида ҳам бўлишди. Мамлакатимиз шаҳарсозлигида янгилик бўлган мазкур иншоотлар Ўзбекистон тараққиётининг омили бўлиб хизмат қилишига тилак билдиришди.
— Биз уруш бошланганда бола эдик, — деб хотирлайди Мария Коморова. — Ленинград қамалидан сўнг бизни ўзбекистонликлар бағрига олдилар. Ўшанда 12 ёшли қизалоқ эдим. Кийинтириб, тўйдириб, даволаган ҳам шу халқ. Шу йиллар давомида биз ўзимизни ҳеч қачон бегона ҳис этмадик. Тошкент, Ўзбекистон Ватанимизга айланди. Албатта, “Адолат” социал-демократик партиясининг икки қаватли автобусда Тошкент бўйлаб саёҳат уюштирганлиги тарихни, болалик йилларимизни кўз олдимизда гавдалантириб, замонавий Тошкентни қайтадан кашф этганимиз билан ёдимизда қоладиган бўлди.
Айтиб ўтиш лозимки, байрам арафасида кўтаринки руҳда ва шоду хуррамлик билан ташкиллаштирилган тадбир Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларнинг тинчлик йўлида кўрсатган матонати, мардлик ва жасоратининг аҳамиятини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ қилишга, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Баҳром БУРҲОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партиямиз аъзолари фаоллик ...
01 янв 1970
Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан сиёсий форум бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида болалар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар нафақат мутахассислар, балки ота-оналар, кенг жамоатч...
01 янв 1970
Сирдарё туманидаги “Интилиш” маҳалласида ишчи гуруҳ аъзолари фуқаролар билан суҳбатлашдилар, мулоқот чоғида сайловчилар ўртага ташлаган...