Халқаро алоқалар мустаҳкамланиши ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қилади

/
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатиши – халқлар фаровонлиги, мамлакатлар тараққиёти учун хизмат қилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлисида билдирилган ғоялар мазмун-моҳияти ҳам бу фикрларнинг яна бир тасдиғидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши Ижроий қўмитаси билан биргаликда ўтказилган йиғилишида мамлакат тараққиётида ушбу нуфузли саммитнинг аҳамияти, муҳим минтақавий ва халқаро масалалар доирасида парламентлараро мулоқотни ташкил этиш, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни юзасидан фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбарининг ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид илгари сурган олтита устувор мезонга таянган таклифлари долзарб аҳамиятга эга эканлигини фракция аъзолари алоҳида таъкидладилар.
Хусусан, Президентимизнинг ахборот технологияларини янада ривожлантириш, ШҲТ доирасида ушбу соҳага масъул идоралар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ташкил этиш, айниқса, киберхавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бўйича берилган таклифлари бугунги кунда ушбу масалалар нақадар долзарблигини англатади.
Яна бир муҳим ташаббус, ҳамкорликнинг кенгайиши ва мамлакатлар ривожланишининг асоси сифатида ШҲТ Иқтисодий форумини мунтазам ташкил қилиш, илк форумни эса Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи ушбу соҳанинг тизимли ривожига ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари долзарб таклифларининг бешинчисида Ташкилот доирасида парламентлараро мулоқотни тиклаш, Ташкилот имкониятларини кенгайтириб, унинг фаолиятига сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш бўйича айтган фикрлари сиёсий партиялар ҳаётида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.
Эътироф этилганидек, ушбу ташаббус ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ШҲТга аъзо давлатлар партиялараро алоқалари томонлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқади. Юртимизда фаолият юритаётган сиёсий кучлар бевосита хорижий давлатлардаги сиёсий партиялар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришади. Шу аснода улар билан кўп томонлама партиявий ҳамкорлик йўлга қўйилади, ўзаро тажриба алмашилади, зарур хулосалар чиқарилади.
Шунингдек, Юртбошимиз ШҲТ шаҳар ва минтақаларининг тарихий-маданий меросини оммалаштириш ва туристик салоҳиятини янада тўлиқ намоён этиш муҳимлигини таъкидлар экан, яна бир яхши анъанага асос солишни таклиф қилди. Яъни ҳар йили Ташкилотда раислик қилувчи мамлакатдаги шаҳарлардан бирини ШҲТ сайёҳлик ва маданий пойтахти, деб эълон қилиш таклифи барча иштирокчи давлат раҳбарлари томонидан ижобий баҳоланди, бу эса ўзаро маданий ҳамкорликка ҳам катта йўл очиб беради.
Ушбу ташаббусларнинг ҳаётийлиги ва долзарблигини инобатга олиб, партия фракцияси аъзолари жойларда сайловчилар билан учрашувлари давомида ушбу таклифларнинг мақсад ва вазифалари, Президентимиз ташаббусларининг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини халқимизга етказиш ҳақида фикрлашиб олдилар.
Шундан сўнг депутатлар фракция аъзолари ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Ушбу қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг тавсияси асосида соғлиқни сақлаш тизими ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ўрганишнинг якуний хулосалари, мутахассислар билан олиб борилган амалий мулоқотлар ва таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган.
Айтиш керакки, тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ёрдамига муҳтож беморлар учун ҳар бир дақиқа, ҳар бир сония қимматли. Афсуски, шифокорларнинг чақирув бўйича жойларга ўз вақтида етиб бориши билан боғлиқ муаммолар тез-тез учраб туради. Бунга ҳар қандай шошилинч ҳолатда ҳам тез тиббий ёрдам автомашинаси ҳайдовчиларининг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга мажбурлиги сабаб бўлмоқда. Баъзи кечиктириб бўлмайдиган шошилинч ҳолатларда эса тез тиббий ёрдам ходимлари йўл ҳаракати қоидаларини бузишга мажбур бўлмоқда ва бу ҳолат уларнинг жавобгарликка тортилишига олиб келмоқда.
Маълумотларга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчилари томонидан 2017-2018 йилларда ва 2019 йилнинг январь ойида жами 1 644 та йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ва бу рақамлар йилдан-йилга ортиб бормоқда
Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари ташаббуси билан таклиф этилаётган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тез тиббий ёрдам автомашиналарининг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ амалиётидаги айрим муаммоли ҳолатлар бартараф этилишига хизмат қилади. Тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларнинг асоссиз юридик жавобгарлигининг олди олинади.
Депутатлар мавзуга доир фикр ва таклифлар билдиришди. Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар сони ҳам ортаётганлиги кузатилади....
01 янв 1970
Тошкент давлат аграр университетида жорий йилнинг 15 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ...