Устознинг унутилмас сабоқлари

/
Устознинг унутилмас сабоқлари
 
Устоз номига эга бўлиш инсондан жуда катта меҳнат, сабр ва чидам талаб этади. Инсон доимо болалиги ёки ёшлигини эслаганида хаёлининг бир четида худди нур каби устози сиймоси порлаб туради. Орадан йиллар ўтган бўлишига қарамай, устознинг қайсидир танбеҳи ёки ўгити туфайли тўғрилаган хатоларимиз, насиҳати туфайли эришган ютуқларимиз хотирамизда жонланади.
 
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгашининг собиқ раиси Нурмат ака Эшметов шундай устозларнинг сирасига кирарди.
 
Нурмат Эшметов партия Хоразм вилоят кенгашига 2005-2015 йиллар давомида етакчилик қилган. Фаолияти давомида партия тизимида йиғилиб қолган муаммоларни  бартараф этиш чораларини топиш учун тинимсиз меҳнат қилди, изланди. Ишни Устав ва Низом талаблари асосида олиб борди. У аввало, жамоада тартиб-интизом ўрнатишга, соғлом, маънавий муҳит яратишга интилди. Ходимларни ички тартиб-қоидаларга тўла риоя қилишга ўргатди. Тартиб-интизом бор жойда ўсиш, ривожланиш бўлади, деган тамойилга ўзи қатъий амал қилди ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилди.
 
Ишга келиш-кетиш, айниқса, партия тизимида ўтказиладиган тадбирларнинг белгиланган вақтидан кечиккан 5 дақиқаси ҳам ходимнинг сиёсий билими оқсоқланишига сабаб бўлишини кўп уқтирарди. Йўл қўйилган ҳар қандай хато ва камчиликларни шу куннинг ўзида муҳокама қиларди ва устознинг маҳорат билан қилинган танқид ва талаби натижасида хатолардан тўғри хулоса чиқарардик ва уларнинг такрорланмаслигига эришардик. Бу эса устоз айтганидай ўзининг ижобий самарасини кўрсатарди. Устоз ходимларни хафа қилмасдан шундай танбеҳ берар эдики, унинг танқиди бизга доим йўлчи юлдуз вазифасини ўтаган. Топшириқни бергач, шундай талаб қилар эдики, натижаси то маромига етиб, самара бермагунича кўнгли тўлмасди. Н.Эшметовнинг гўзал фазилатларидан яна бири — жуда эътиборли инсон эди. Нафақат ходимларимиз, балки, партия билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган ташкилот раҳбарларининг касб байрамлари, яхши-ёмон кунлари ҳар доим унинг диққат-эътиборида эди. Бировнинг кичкинагина ютуғи учун ҳам қутлаб, рағбатлантириб, кўнглини кўтариб қўйишни унутмас эди. Ҳатто туғилган кунимизда ҳам биринчи табрикни у кишидан эшитар эдик. Устознинг ҳамкасблари, ҳамкорлари, дўстлари кўплаб эзгу фазилатларини ҳалигача ҳурмат билан эслашади.
 
Аҳамиятлиси, Н.Эшметов “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгашига етакчилик қила бошлаганидан партия фаолиятида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Жумладан, 2005 йилда Хоразм вилоятида аъзолар сони 500 нафарни, БПТлар сони 21 тани ташкил этган бўлса, 2016 йилга келиб партия аъзолари 15 минг нафарга ва БПТлар сони 150 тага етди.
 
2014 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда вилоят Кенгаши фаол иштирок этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 1 нафар, вилоят Кенгашида 8 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 45 нафар депутатлик ўрнига эга бўлди.
 
Н.Эшметовнинг ташаббуси билан ҳар душанба куни вилоят кенгашининг “Партия соати” йиғилишлари, фаолиятни ривожлантириш мақсадида йиллар “Депутат”, “Сифат”, “БПТ”, “Энг намунали шаҳар ва туман кенгаши” йили ва бошқа номлар билан номланиб, фаолият тизимли ва талаб доирасида олиб борилди. ОАВлар, айниқса, ҳудудий телевидениелар билан ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
 
Жумладан, 2010 йилнинг январ ойи­да партия вилоят кенгашининг аёл ходимлари учун махсус иш формаси жорий этилди. 2011 йилда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Адолат дўпписи”, “Адолат белбоғи” махсус совғалари ташкил этилди ва воҳамизда 250 нафардан зиёд иқтидорли ёшларга тақдим этилди.  2014 йилнинг 25 апрель кунидаги вилоят кенгашининг Ижрокўм йиғилиши қарори билан “Адолат жил­ғалари” истеъдодлар клуби (ҳозирги “Истеъдод” клуби) ўз фаолиятини бошлади. Клуб кўмаги билан 100 дан зиёд иқтидорли ёшлар кашф этилди. Бугунги кунда клуб аъзоларининг кўпчилиги олий даргоҳларда таҳсил олаётган бўлса, баъзилари ижод масканларида фаолият олиб бормоқда. 2010 йилда таъсис этилган “Партия стипендияси”нинг иқтидорли ёшларга тақдим этилгани ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилиши билан бир қаторда, партиянинг нуфузини кенг омма орасида янада оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. 2019 йилда “Истеъдод гулшани” китобининг чоп этилишида ҳам Н.Эшметовнинг орзулари мужассам эканини эътироф этиш жоиз.
 
Юқорида қайд этилган ташаббуслар ўз самарадорлиги билан нафақат вилоятимизда, балки республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам эътиборга тушди. Энг қувонарлиси, бизнинг иш тажрибамиз Сиёсий Кенгаш томонидан партиянинг барча вилоят кенгашларига намуна сифатида кўрсатилди ва оммалашди.
 
 Н.Эшметов раислиги даврида Сиё­сий Кенгашнинг йил якунлари бўйича таҳлилий хулосасига кўра, партия Хоразм вилоят кенгаши ҳар йили биринчиликни қўлдан бой бермай, Сиё­сий Кенгашнинг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаларини қўлга киритган. Бунга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди, албатта. Бундай ютуқлар етакчининг ўз вазифасига бўлган масъулияти, салоҳияти, ўз касбининг моҳир устаси, жамоанинг ҳамфикр ва маслакдош эканлигидан далолатдир.
 
Нурмат Эшметов ўз ишига шундай садоқатли эдики, 2014 йилда республика онкология марказида оғир хасталик туфайли 2 ойдан кўпроқ вақт мобайнида “жонлантириш” бўлимида даволанаётган кезларида ҳам ҳар куни ишхонага қўнғироқ қилиб, ишлар ҳақида маълумот сўрарди. Ҳаттоки “жонлантириш” бўлимида ётган пайтларида ҳам у кишининг талаби билан ҳар куни соат 17.00 да кенгаш фаолияти тўғрисида ҳисобот бериб турардик.
 
 — Устоз, сиз безовта бўлманг, фақат соғлигингизни ўйланг, иш кўнгилдагидек давом этаяпти, хавотир олманг, — дедим бир куни.
 
 — Партия фаолияти ҳақида яхши хабарларни эшитиб турсам, тезроқ тузаламан, — деди устоз меҳр билан.
 2016 йил... Устоз умрининг сўнгги дақиқаларини яшаётган лаҳзалари эди. Одатдагидек Хоразм вилоят Кенгашининг депутатлик гуруҳи раҳбари сифатида гуруҳ фаолияти тўғрисида сўраб-суриштирди. 2 соатдан кейин бу оламни тарк этганини эшитдик... Бу воқеани эсласам, ҳалигача кўзимга ёш тўлади. Унинг ўз касбига, вазифасига бунчалик масъулият билан қараши биз шогирдларига садоқатдан катта ҳаётий сабоқ бўлди...
Ўз ишини, вазифасини жони қадар азиз билган устоз ижод аҳлини жуда ҳурмат қилар эди. Айниқса, ижод боғига илк қадам қўяётган ёшлардан маслаҳатини ва ёрдамини аямасди.
 
Биз партия Хоразм вилоят кенгашининг собиқ етакчиси Н.Эшметовдан, биринчи навбатда, қатъий интизомни, меҳр-оқибатни ўргандик. Инсоннинг ўз вазифасига сидқидилдан хизмат қилиш туйғуси ўз-ўзидан шаклланмайди. Аввало, бизга бу тарбияни устоз берди. Устозимиз ҳамиша “Партия ходимлари эканмиз, масъулиятимиз ва вазифамиз ғоят шарафли, сиёсий куч фаолияти давлат ва жамият учун муҳим аҳамиятга молик эканлигини бир дақиқа бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ. Биз жамият талабларига жавоб бера оладиган ва шу жамият учун хизмат қиладиган етук инсонлармиз ва шунга муносиб бўлишимиз шарт. Биз тарбияланувчилар учун масъул бўлган тарбиячилармиз”, дея такрор-такрор уқтирарди.
 
Мухтасар айтганда, Н.Эшметов сўзи ва амали бир устоз раҳбарлардан эди. Устознинг партия обрў-эътибори кенг омма орасида юксалишидаги хизматлари эътирофга лойиқ. У кишининг шогирдлари, жамоадошлари устоз изидан бориб, партиянинг дас­турий мақсадларини, устувор ғояларини ҳаётга татбиқ этишда фидокорона меҳнат қилишмоқда. Устоз яратган мактабни кўз қорачиғидай асраб, “Адолат” СДПнинг порлоқ келажаги учун жонбозлик кўрсатишмоқда. Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришга бел боғлаган хоразмлик партиядошларга устознинг берган бебаҳо ўгитлари ва сабоқлари дас­туриламал вазифасини ўтамоқда.
 
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши
матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаёт камтарин, эл-юртга садоқатли, том маънодаги фидойи инсонларни сийлайди, обрў-эътибор чўққисига олиб чиқади. Ажойиб тақдир эгаси бўлган Дўс...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унд...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....