Инновацион иқтисодиёт — барқарор ривожланиш омили

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг “Инновациялар ва инновацион фаолиятни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, турли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатнинг келажаги инновацион иқтисодиётда эканлигини ўзининг Сайловолди дастурида эътироф этиб келади. Зеро, партия модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва инновацион технологиялар инсонга ва ижтимоий соҳага инвестиция киритиш вазифасини қўйишини алоҳида таъкидлар экан, буларнинг барчаси фуқароларга янги иш ўринларини топиш, янги корхоналарни очиш ва кенгайтириш, давлатнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш имкониятини беришига оид ғояни илгари суриб келмоқда. Эътиборлиси, айнан мазкур ғоя “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг сайловолди дастуридан ҳам ўрин олган.
— Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини оширишга, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишда, мамлакатни демократик янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди,— деди фракция раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Н.Умаров ўз кириш сўзида.
— Илм-фан эгаларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда давлат қудратини оширишга, халқимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш давр талабига айланган. Шу боис биз ўз сайловолди дастуримизда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш, қолаверса, иқтисодиёт соҳаларида хусусий бизнес иштирокида унча катта бўлмаган ва қисқа муддатда ўзини оқлайдиган инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик.
Йиғилишда сўз олган иштирокчилар миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилар экан, “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнини жадаллаштириш, инновацион фаолиятнинг самарадорлигини ошириш йўлида мавжуд бўлган муаммоларни ва уларнинг ечимларини аниқлаш, инновацион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича мавжуд механизмлар самарадорлигини баҳолаш, олий таълимда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди. Қайд этилганидек, жаҳон иқтисодиётининг тобора глобаллашуви шароитида Ўзбекистонда миллий инновацион илмий-техника фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни кенг жорий қилиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инновацион стратегияни шакллантириш масалалари илм-фан эгалари ҳамда қонун ижодкорларининг диққат марказида бўлмоғи лозим.
— Илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий ўқув юртлари ҳамда иқтисодиёт тармоқлари корхоналари ўртасида яқин кооперацион алоқаларни ривожлантиришда ҳар йили ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркаларининг хизмати катта бўлаяпти, — деди Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси раисининг ўринбосари Одилхўжа Парпиев. — 2008-2016 йилларда бўлиб ўтган ярмаркаларда умумий ҳажми 144,1 миллиард сўмлик 4000 дан ортиқ шартномалар имзоланиб, ушбу шартномаларнинг бажарилиши натижасида 1,8 триллион сўмдан ортиқ ҳажмдаги маҳсулот ишлаб чиқарилишига эришилди. Муҳими, ўзимизда яратилаётган инновацион технологиялар, лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши иқтисодиётда импорт маҳсулотларнинг улушини камайтиришга замин яратмоқда. Айни пайтда инновация ва илмий тадқиқот фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг етишмаслиги, хусусан, инновация, тадқиқот, технологиялар трансфери, грант каби атамаларнинг мазмун ва моҳияти қонунчиликда акс эттирилмаганлиги, давлат бюджети ҳисобига яратилган интеллектуал мулкка эгалик ҳуқуқи, ундан фойдаланиш тартиби аниқ кўрсатилмаганлиги, соҳа вакиллари ҳамда уларнинг маҳсулотларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун билан тартибга солинмаганлиги инновацион фаолиятнинг янада самарали ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида кенгайтирилган йиғилиш ўтказаётгани айни муддао бўлди.
Йиғилишда депутатлар ҳамда соҳа мутахассислари илмий ва инновация фаолиятида қўлланиладиган атамалар таснифи, илмий-тадқиқотларнинг буюртмачилари ва ижрочиларининг ваколатлари ҳамда мажбуриятлари, илмий-техника ресурсларини шакллантириш жараёни ва интеллектуал мулкка эгалик ҳуқуқини тадқиқот олиб борилган муассаса ва муаллифга бериш механизми, шунингдек, инновацион технологияларни суғурталашга оид меъёрларни қамраб олувчи “Инновациялар ва инновация фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ишларини жадаллаштириш юзасидан фикр алмашишди.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар сони ҳам ортаётганлиги кузатилади....