Депутатлар партия дастуридаги вазифаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатмоқда

/
Депутатлар партия дастуридаги
вазифаларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатмоқда
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция депутатлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, банк-молия ва суд-ҳуқуқ соҳаларига оид қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
 
Йиғилишида дастлаб “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
 
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизга инвестицияларни кенг жалб этиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда инновацион фаолиятни ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳаси мамлакат стратегиясининг асосига айланиб бормоқда.
 
Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, айни пайтда республикамизда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонунчилик базаси мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, инновацион фаолият соҳасидаги тушунчаларни, соҳа субъектлари ва ушбу жараёнда уларнинг ўзаро муносабати, инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштириш механизмлари, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш масалаларида ҳуқуқий ҳужжатнинг яратилиши, аввало, соҳанинг эркин ривожланишига асос бўлиб хизмат қилади.
 
Йиғилишда таъкидланганидек, қонуннинг кучга кириши орқали инновациявий соҳаларнинг самарали ҳамкорлиги таъминланади ҳамда инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади. Айниқса, инновацион фаолият инфратузилмаларини кенг кўламда ташкил этиш имкони вужудга келади.
Шунингдек, қонун лойиҳасининг маъқулланиши орқали соҳадаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни тартибга солувчи қатор норматив ҳужжатлар кўриб чиқилиши, шу билан бирга, илмий, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш, ўзлаштириш ва тижоратлаштириш масалалари амалиётга жорий этилади.
 
Фракция йиғилишида депутатлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда камчиликларга йўл қўйилганига тўхталиб ўтишди. Хусусан, лойиҳанинг тушунтириш хатида қонун лойиҳасининг мақсади аниқ баён этилмагани ва лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижалар етарлича кўрсатилмагани эътирозларга сабаб бўлди.
Шунингдек, қонун лойиҳасида асосий тушунчалар мазмуни ҳам тўлиқ баён этилмаганини депутатлар танқидий баҳолашди. Хусусан, лойиҳада инновация тушунчаси амалиётга жорий этилиши ижтимоий-иқтисодий самара берадиган янги ёки такомиллаштирилган маҳсулот дея таърифланган. Бироқ инновация кимга ижтимоий-иқтисодий самара келтириши керак, жамиятгами, давлатгами, халққами, ёки фақат яратувчининг ўзигами деган масалалар тўлиқ ечимини топмаган.
 
Депутатлар лойиҳада акс этган инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари барча субъектлар учун умумий ҳолда келтирилгани масаласига ҳам эътибор қаратиб, белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг субъектлар ўртасида мутаносиб тақсимланишига олиб келганлигини қайд этишди. Масалан, соҳага тегишли инновация­ларни яратиш ва уларни жорий қилиш масалаларини белгилаш орқали инновацияни яратган оддий шахсга уни жорий қилиш мажбурияти ҳам юклаб қўйилмоқда. Шундан келиб чиқиб, фракция депутатлари лойиҳада акс этган ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳар битта субъектнинг ўзига хос томонларидан келиб чиқиб баён этиш таклифини илгари сурдилар.
 
Йиғилишда ушбу лойиҳанинг мамлакатимиз тараққиётида зарурлигини инобатга олиб, уни концептуал маъқуллаш ва юқоридаги камчиликларни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул Қўмита билан ҳамкорликда иш олиб борган ҳолда бартараф этишга келишиб олинди.
 
Фракция депутатлари алоҳида эътироф этганидек, ушбу ғояларга “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам эътибор қаратилган бўлиб, партия рақамли технологияларга асосланган инновацион миллий иқтисодиётни барпо этиш, соҳаларни энг замонавий илм-фан ва техника ютуқлари, илғор инновацион ғоялар ва билимлар асосида ривожлантириш, мамлакатда илм-фаннинг ролини ошириш орқали инновациялардан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлайди.
 
Айниқса, партия дастурида инновацион фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, “Инновациялар ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш белгилангани депутатлар томонидан эътироф этилди. Бу эса ушбу қонун лойи­ҳасини янада маромига етказишда фракция депутатларига алоҳида масъулият юклайди.
 
Шунингдек, фракция йиғилишида “Адолат” СДП ғояларига мос бўлган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
 
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда шифокор тавсиясисиз ўзини-ўзи даволаш амалиёти кенг тарқалиб бормоқда. Натижада дори воситаларининг ножўя таъсирлари ортиб, салбий ҳолатлар ҳам қайд этилмоқда. Айниқса, кучли таъсир қилувчи дори воситаларидан истеъмол қилиш натижасида антибиотикларнинг инсон организмга таъсири сусайиши учрамоқда.
 
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда “Лирика”, “Прегабалин”, “Регапен”, “Тропикамид”, “Залеплон”, “Селофен”, “Анданте” каби дори воситалари ноқонуний айланиши бўйича тегишли идораларга  200 га яқин мурожаатлар қилинган ва натижада 47 минг ўрамдан ортиқ дори воситаси мусодара қилинган. Бу каби кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг асосан ёшлар томонидан нотиббий мақсадларда қўлланилаётганлиги фракция депутатлари томонидан қайд этилди.
 
Шу мақсадда, мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексининг тегишли моддаларига рецепт билан реализация қилиш тартибини бузганлик масаласида жавобгарликни белгилаш бўйича ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.
 
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдосига барҳам беради.
 
Шу билан бирга, ушбу лойиҳа орқали дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солиш такомиллаштирилади. Шунингдек, аҳолининг шифокор кўрсатмасисиз даволаниш ва дори воситаларининг ножўя таъсирларининг олдини олиш, айниқса, ёш авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратишга замин яратилади.
 
Депутатлар томонидан ушбу лойиҳанинг ишлаб чиқилишида халқаро тажриба кенг ўрганилганлиги ижобий баҳоланди. Хусусан, АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи, МДҲ давлатларидан Россия, Белурусь, Украина, Молдова ва Қозоғистон каби давлатларда асосий дори воситалари фақат дорихоналарда рецепт билан сотилиши ва тартиб бузилишига жавобгарлик мавжудлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу давлатларда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситаларини ҳам фақат рецепт асосида сотилиши белгиланган.
 
Бу эса “Адолат” СДПнинг мақсадларига мос бўлиб, партия тиббий фаолият устидан давлат-санитария назоратини кучайтириш, шунингдек, дориларни врач рецепти асосида берилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратгани йиғилганлар томонидан эътироф этилди.
 
Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда улар концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
 
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган йилларда Давлат бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш, соҳада қонунийликни таъминлаш мақсадида ғазначилик тизими ва Ҳисоб палатаси жорий ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. ...
01 янв 1970
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортиши баробарида йўлларда ҳалок бўлганлар сони ҳам ортаётганлиги кузатилади....