Ортиқча дабдабабозлик ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда

/

Ортиқча дабдабабозлик ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг ижтимоий соҳаларига оид қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

 

Дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

 

Фракция аъзолари томонидан таъкидланганидек, халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади. Бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан биридир.

 

Афсуски, сўнгги йилларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, хал­қимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик, менталитетимизга ёт одатлар ва бошқа салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.

 

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури кўпчилик фуқароларимиз томонидан ижобий баҳоланди. Ушбу дастурга асосан тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш, белгиланган тартиб ва умумий талабларга риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.

 

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, чора-тадбирлар дастурига мувофиқ ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга масъуллиги белгиланган. Шунингдек, улар жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдириш, уларда шуҳратпарастлик ва дабдабанинг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши ҳамда бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши вазифалари белгиланган.

 

Шу сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда ўрнатилган тартибда маъмурий судга юбориш масаласини ички ишлар органларига юклаш таклиф этилмоқда.

 

Шунингдек, таклиф этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

 

Қонун лойиҳасига таклиф этилаётган норма фракция депутатлари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Баҳс-мунозараларда баъзи депутатлар тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни аҳолига эмас, балки тўйхона, кафе ва ресторанлар эгалари учун кучайтириш лозимлигини таъкидлашди.

 

Бошқа депутатлар эса, кўзда тутилаётган жарима миқдорларини янада кескин ошириш, бу борадаги тартиб-интизомни таъминлашда муҳим омил бўлишини қайд этди. Шу билан бирга, профилактик аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, белгиланган жарималарни қисқартириш таклифи ҳам илгари сурилди.

 

Йиғилишда лойиҳа депутатлар томонидан маъқулланиб, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлардаги ортиқча дабдабабозлик ҳолатлари жамоатчиликнинг ҳам ҳақли эътирозини уйғотаётгани омма­вий ахборот воситаларида, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинаётганлиги қайд этилди. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаётгани қайд этилди.

 

Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани, уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлаётгани фракция депутатлари томонидан таъкидланди.

 

Депутатлар тўй-маъракаларни миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу сифатида баҳолаб, уларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказишда ҳамма ҳамжиҳатликда иш кўриши лозимлигига алоҳида урғу беришди.

 

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда улар концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

 

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қи...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2017 йил биринчи ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди....