Давлат дастури ижроси: Ҳукумат ҳисоботи муҳокама этилди

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожатномасида фуқаролар давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлиши, яъни ҳукумат фаолиятига халқнинг ўзи баҳо бериш тизимини жорий қилиш мақсадида Бош вазир ва ҳукумат аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси олдида тизимли ҳисобот бериб бориши зарурлигини таъкидлаган эди.
Ушбу вазифадан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётида бутунлай янги амалиёт жорий этилди. Яъни Мурожаатнома асосида ишлаб чиқилган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ҳар бир устувор йўналишининг бажарилиши ҳолати бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитиш йўлга қўйилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил I чорагида бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди.
Эътироф этилганидек, 2019 йилнинг I чорагида Давлат дастурининг 63 та банди ижроси таъминланиши режалаштирилган бўлиб, ҳисобот даврида 46 та банднинг ижроси тўлиқ бажарилган. Бунда жами 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган, якунига етказилмаган 11 та банд бўйича киритилган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилмоқда ҳамда 6 та вазифанинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган.
Депутатлар томонидан ижроси таъминланмаган бандларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, таълим муассасаларини аккредитациялаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳалари ўз муддатида лозим даражада ишлаб чиқилмагани қайд этилди. Бундан ташқари, аҳолини, айниқса, ёшларни Давлат дастури ва унинг ижросини интернет тармоқлари орқали таништириб бориш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар етарли эмаслиги муҳокамаларга сабаб бўлди. Бунда аксарият масъул вазирликлар, идоралар ва вилоят ҳокимликларининг интернет саҳифалари мавжуд эмаслиги, мавжудларида эса Давлат дастури ижросига оид таҳлилий маълумотлар етарли даражада жойлаштирилмаётгани ҳамда ўз вақтида янгилаб борилмаётганига асосий эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Давлат дастурига бағишланган махсус сайт ҳам ишламаётгани таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқишда “Адолат” СДП устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий соҳа фракция аъзоларининг диққат марказида бўлди. Хусусан, ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантириш бўйича аҳолининг эҳтиёжлари учун энг зарур бўлган соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш борасида жорий йилда 231 та тиббиёт объектларида тендер савдолари якунланиб, қурилиш-таъмирлаш ишларига 128,5 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилиб, 144,5 миллиард сўм молиялаштирилгани аҳолига қулайликлар яратишда ушбу соҳада олиб борилаётган ижобий ишлар сифатида баҳоланди.
Шу билан бирга, тиббий хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида 1-чоракда 516 тиббиёт муассасасига қиймати 3,4 миллион доллар бўлган 131 хилдаги тиббий ускуналар етказиб берилгани фуқаролар саломатлигини яхшилаш ва тиббиёт соҳасини аҳоли билан яқинлаштиришга хизмат қилиши эътироф этилди.
Фракция аъзолари томонидан “Адолат” СДП Сайловолди дастурида тиббиёт соҳасига оид белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтириш ҳамда бирламчи тиббиёт муассасаларини тор соҳа мутахассислари билан таъминланишини қайта кўриб чиқишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга доир таклифлар билдирилди.
Шунингдек, фракция йиғилишида фан, таълим ва кадрларнинг илмий салоҳиятини ошириш ҳақида сўз юритилди. Хусусан, кейинги йилларда нодавлат таълим муасассаларининг кўпайганини инобатга олган ҳолда дастурда белгиланган таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни жорий этиш ҳамда олий таълим тизимида якунланган докторлик илмий ишларини амалиёт билан уйғунлаштириш орқали мамлакатимизда таълим тизимининг ишлаб чиқаришга интеграциясини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Йиғилишда фракциямиз аъзолари томонидан фан, таълим ва кадрларнинг илмий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, олий таълимдан кейинги таълимда таҳсил олаётганларга яратилган қулайликлар ҳисобига жорий йил I чорагининг ўзида докторлик (DSc) даражасини олиш учун илмий ишларини ҳимоя қилганлар сони 100 нафарни, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун илмий ишларни ҳимоя қилганлар сони 247 нафарни ташкил этганига тўхталиб, ушбу илмий ишларни амалиёт билан уйғунлаштириш орқали мамлакатимизда таълимни ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш зарур.
Бу каби масалалар хусусида партиямиз Сайловолди дастурида ҳам алоҳида қайд этилган бўлиб, унда олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда илмий тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш орқали уларни амалиётга, хусусан, ишлаб чиқаришга йўналтириш мамлакат тараққиётининг кафолати этиб белгиланган.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ижро ҳокимиятининг парламентга, хусусан, халқ вакилларига ҳисоб бериб бориши ислоҳотларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга хизмат қилади. Мажлисда “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Давлат дастуридаги бир қатор масалаларга Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирликлар эътибор қаратиши зарурлигини қайд этишди.
Биринчидан, “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш мақсадида кадрлар билан таъминлаш ҳамда тўгарак хоналарини замонавий мебеллар ва бошқа моддий-техник жиҳатдан жиҳозлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш лозим.
Иккинчидан, мактабларда 11 йиллик таълим тизими жорий этилиши билан синф хоналари, лаборатория жиҳозлари билан таъминлашга эҳтиёж ортаётганлиги сабабли ҳудудлардаги мавжуд коллежлар биноларини умумий ўрта таълим мактабларига тақсимлаш масаласи бўйича таклифлар ишлаб чиқиш талаб этилади.
Учинчидан, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш масаласи долзарблигини назарда тутиб, мамлакатимизда касбий таълимни ташкил этиш ва мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш, ўқувчиларни касбга тайёрлашнинг истиқболли режаларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Тўртинчидан, Президентимизнинг 2018 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси фаолиятини жонлантириш, ушбу ташкилотнинг талаб даражасида ишлашига эришиш лозим.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Баҳром БУРХОНИДДИНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Фракция аъзолари муҳокама жараёнида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди....