Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси — фаолиятимиз асоси

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия Сайловолди дастурини амалга ошириш юзасидан 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар Дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда фракциянинг иштироки билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари дастлаб “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси ҳақидаги назорат-таҳлил ишларининг ҳолати” ҳақидаги масалани қизғин муҳокама қилдилар.

Шуҳрат ПОЛВАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама муҳофаза қилиш, жиноий жазоларни либераллаштириш, суднинг мустақиллиги ва одиллигини таъминлаш, суд жараёнида адвокатуранинг ролини кучайтиришга қаратилган. Ҳар бир инсоннинг шахсий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳимоясини, энг аввало, яшаш ҳуқуқи, эркинлиги, шахсий дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек, шахсий ҳаётига аралашиш ва асоссиз жиноий иш очишдан ҳимояланишнинг барча ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган. Бу борадаги саъй-ҳаракатларда адвокатура институтини янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш, суд ва тергов жараёнида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир.
Мазкур чора-тадбирлар бугунги кунда адвокатуранинг ролини ҳамда адвокатларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили жойларда бевосита “Адвокатура тўғрисида”ги қонун ижросини атрофлича ўрганиш зарурлигини кўрсатмоқда. Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан мазкур қонуннинг жойлардаги ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.
Қўмитада назорат-таҳлил фаолиятини ўтказиш якунлари бўйича “Адвокатура тўғрисида”ги қонунни тўла-тўкис амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш, мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш, фуқароларга ва жисмоний шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар қабул қилиш режалаштирилган.
Айни пайтда қўмита қарорига кўра, депутатлар, Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди. Уларга ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда адвокатура институти фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш, адвокатлар билан биргаликда адвокатурани ривожлантиришга оид учрашувлар ўтказишга доир тавсиялар берилди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам партия жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти ҳамда адвокатура фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлиши ва уларни қўллаб-қувватлаши мустаҳкамлаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, партиямизнинг амалий ҳаракатлар Дастурида адвокатнинг профессионал фаолиятида мавжуд тўсқинликларни, уларга ўз ҳимояси остидаги шахсга нисбатан позициясини ўзгартириш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва бошқа қонунбузилиши ҳолатлари, шунингдек, адвокатлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда анкета сўровномасини ўтказиш ва хулосаларни ўрганиш, таҳлил қилиш асосида тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.
Бугунги йиғилишда адвокатура фаолиятига доир қонунчиликнинг амалиётдаги ижросида учраётган муаммоларни янада чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш, соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашда фракциямизнинг мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириш борасида тавсиялар ишлаб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва мазкур фаолият самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда давлат бошқаруви органлари ҳамда жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, айниқса, ўз электоратларини ўйлантираётган масалаларни ўрганишда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш технологиясидан кенг фойдаланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳам фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб, уларга депутатлик корпуслари орқали самарали ечим топиш бўйича муайян тажриба тўпланган.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонунчилик палатасининг регламентига мувофиқ, депутатларнинг ҳар чоракда бир маротаба ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашув ўтказиш амалиёти электорат манфаатларига дахлдор бўлган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда партия кенгашлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан узвий алоқаларнинг йўлга қўйиш ҳамда бу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида фракциямиз аъзоларига келиб тушган 2140 га яқин мурожаатларнинг аксарияти ўз жойида ҳал этилди. Бундан ташқари, 161 та мурожаатда кўтарилган масалаларни ҳал этиш учун маҳаллий давлат бошқарув органларига фракциямиз аъзолари томонидан тегишли сўровлар юборилди.
Албатта, ушбу рақамлар партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш ва Сайловолди дастуридаги вазифаларни амалга оширишда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Яъни, фракциямиз аъзолари, қолаверса, партиямизнинг барча бўғинлари саъй-ҳаракатлари натижасида электоратимиз томонидан кўтарилаётган масалаларнинг деярли барчаси ижобий ҳал этилаётгани партиямизга бўлган ишончни янада кучайтирмоқда.
Шунингдек, партия Сайловолди дастурида кўзда тутилган қатор вазифалар, партия электоратини ташвишлантираётган асосий муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда ижобий ҳал этиш йўлларини топишда биздан доимий изланиш талаб этилади. Хусусан, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг ўзаро, тизимли ҳамкорлигини таъминлаш лозим. Бу ўринда биз ўз кучимиз ва имкониятларимиздан ҳали тўлақонли фойдалана олганимизча йўқ. Яъни, партиямизнинг кундалик ҳаётига, қолаверса, Сайловолди дастуримизда белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда вилоят ва туман Кенгашларидаги депутатларимизни янада фаол жалб этишимиз зарур.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари каби халқ депутатлари вилоят ва туман, шаҳар Кенгашлари депутатларининг ҳам ўз округларида сайловчилар билан учрашувларини режали, тизимли равишда ташкил этиш, бу борада қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритишни амалиёт тақозо қилмоқда. Бу, албатта, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, жойларда электоратни ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳар қачонгиданда жадал кечмоқда....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...