Бюджет маблағлари ижросини назорат қилишда замонавий мезонлар керак

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи” тўғрисидаги масала депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ва бошқа ҳужжатлар асосида ташкиллаштирилиб, Давлат бюджети шаклланиши ва даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқларининг, шу жумладан, ҳудудларга амалга оширилган ташриф давомида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашга қаратилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда бюджет тизими бюджетларига қўшимча даромад суммаси аниқланиб, норматив ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва эътирозлар киритилди, амалий ёрдам ва кўрсатмалар берилди.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳисоб палатаси томонидан Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бюджетдан молиялаштириладиган соғлиқни сақлаш муассасалари учун дори воситалари ва тиббиётга мўлжалланган буюмларни сотиб олиш учун Давлат бюджетидан қўшимча 48 миллиард сўм кўзда тутилиши таъминлангани эътиборга молик. Зеро, фракциямиз ҳам Давлат бюджети лойиҳаларини кўриб чиқишда ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағларга алоҳида эътибор қаратади.
Шу билан бирга, Ҳисоб палатаси томонидан бюджет маблағларидан, энг аввало, ижтимоий соҳа муассасаларида самарали фойдаланилиши устидан назоратни тубдан кучайтириш, давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш, унинг халқаро стандартлар даражасида ишончлилиги ва холислигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритилган.
Мазкур таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра 2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб қуйи муассасаларда бухгалтерия хизматлари тугатилиб, халқ таълими туман (шаҳар) бўлимларида ва тиббиёт бирлашмаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармаларида, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида молиявий назорат хизматлари ташкил этилганлиги ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағларнинг самарали ишлатилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунга қарамай, давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши ёки талон-торож қилиниши ҳолатлари учраб тургани ачинарлидир. Ушбу тизимларда бухгалтерия ҳисобини олиб боришда фойдаланилаётган дастурий таъминотларни янада такомиллаштириш, ушбу жараёнда инсон омилини камайтириш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси томонидан тасдиқланган режага асосан ишчи гуруҳлари таркибида Ҳисоб палатасининг ходимлари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлаш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларга чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳам депутатлар муҳокамалари марказида бўлди.
Улуғбек САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ўрганишлар давомида қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳудудида аҳоли учун арзон ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар сотувини йўлга қўядиган “Дори-дармон” АК тизимининг дорихоналарини жойлаштириш ҳамда ҳудудларда тез тиббий ёрдам шохобчаларини ташкил этиш ишлари қониқарсиз даражада эканлиги, ҳудудларда бирламчи тиббиёт муассасаларида умумий амалиёт шифокорлари ҳамда тор мутахассисликлар билан тўлдирилмаганлиги, тез тиббий бригадаларининг чақирувлар учун дори-дармон воситаларига сарфланаётган бюджет маблағлари ўрганилганда, 1 та чақирув дори-дармон харажати учун ажратилаётган маблағлар республика ҳудудлари бўйича номутаносиблиги, тиббиёт соҳасига 2017 йилда 2016 йилга нисбатан кўп маблағ ажратилаётганлигига қарамай, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳолатида сезиларли ўзгаришлар йўқлиги аниқланган.
Шу боис ушбу ўрганиш якуни бўйича Ҳисоб палатасининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига ва Вазирлар Маҳкамасига юборилган кўрсатмалари ижросини қатъий назорат қилиш зарур. Чунки биз ҳам жойларда аҳоли билан ўтказаётган учрашувларимиз давомида дорихоналарда дори-дармонлар нархларидаги тафовутлар ҳамда нархларнинг ҳамон ўсиб бораётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда. Айни шу масалада ҳам Ҳисоб палатаси Ҳукуматга таклиф киритса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шунингдек, Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот даврида “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси ишлаб чиқариш бирлашмасининг 2010 йил 1 январдан 2015 йил 1 июлгача бўлган даврдаги фаолиятида Давлат бюджети маблағларини тўғри сарфланганлиги, солиқ ва бошқа тўловларнинг тўғри ҳисоблаб тўланганлиги, шунингдек, молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш учун назорат тадбирлари ўтказилиб, жами 516,0 миллиард сўмлик хато-камчиликлар аниқланган. Ўрганиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Бу ўринда “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси томонидан иссиқлик энергияси учун тўлов тарифларни белгилашда ҳамон эски мезонлардан фойдаланиб келаётгани истеъмолчиларда эътироз уйғотмоқда. Бу борада замонавий мезонларни ишлаб чиқишга зарурият мавжуд.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Шунингдек, Ҳисоб палатаси томонидан суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳисобот йилида барча ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳамда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда юзага келаётган муаммолар бўйича сайёр қабулларда аниқланган коррупцион ҳолатлар бўйича тегишли қонуний чораларни кучайтириш ҳамда бу борада профилактик чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш зарур. Бу борада “Адолат” СДП давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, қонунчиликни бузишга, коррупцияга йўл қўймаслик тарафдори саналади.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан қонун ҳужжатлари ижросини “қоғозсиз” назорат қилиш электрон тизимидан янада самарали фойдаланиш, республикамиздаги барча ижро органлари, хўжалик бошқарув органларининг ушбу тизимга уланишларини таъминлаш бугунги кун талабидир.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи фракция аъзолари томонидан маъқулланди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқаро табиий газ, электр энергияси ёки бошқа коммунал хизматларнинг биридан, айтайлик, 300 минг сўм миқдорда қарздор бўлиб қолди, аммо бирор сабаб...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳар қачонгиданда жадал кечмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. ...