Суд экспертларининг малакасини оширишда ягона тизим жорий этилади

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари дастлаб “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида, ветеринария соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида илгари қабул қилинган қонун ҳужжатлари қайта таҳлил қилинди. Бунинг натижасида амалдаги бир қатор қонунларнинг айрим қоидалари янги таҳрирдаги «Ветеринария тўғрисида»ги қонун нормалари билан бир-бирига зид келиб қолаётганлиги ҳамда уларни ўзаро мувофиқлаштириш лозимлиги аниқланди.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ветеринария соҳаси билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунларига ҳамда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Солиқ кодекси ва Бюджет кодексининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Маълумки, қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш “Адолат” СДП депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан мазкур қонун лойиҳаси ҳам ветеринария соҳаси ва у билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар ўртасидаги ўзаро зиддиятларни бартараф этиш ҳамда улардаги атама ва тушунчаларнинг бир хил қўлланилишини таъминлашга, пировардида унинг ижро механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан дастурий мақсадларимизга тўла мосдир.
Биринчи ўқишда ҳавола этилаётган “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга махсус таълим дастурига мувофиқ суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини даврий равишда (ҳар икки йилда) ошириб боришнинг ягона тизимини жорий этишга қаратилган тузатишлар киритиш назарда тутилмоқда.
Ўткир ХОЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган нормаларга ҳақиқатдан ҳам зарурат сезилаётган эди.
Маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тайинланган суд экспертизаларининг сони сезиларли даражада ортди. Хусусан, 2014 йилда 50 мингдан ортиқ суд экспертизалари тайинланган бўлиб, ушбу ҳолат бевосита таклиф этилаётган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг долзарблигидан далолат беради.
Шу билан бирга, амалиётда суд экспертларининг локал доирада малака ошириб келаётгани, яъни суд экспертизасини ўтказадиган турли давлат муассасалари ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ушбу фаолиятни амалга ошираётгани, эксперт муассасалари тизимида у ёки бу масала юзасидан эксперт хулосаларини беришда турли хил услублардан фойдаланилаётгани, қолаверса, ҳуқуқий ва махсус масалаларни қамраб олган суд экспертларининг даврий равишда малакасини ошириб боришнинг ягона тизими мавжуд эмаслиги ушбу қонун лойиҳасини қабул қилишни тақозо этмоқда.
Бу борада хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, Германия, Швеция ва МДҲ мамлакатлари қонунчилигида ҳуқуқий ва махсус масалалар бўйича таълим дастурига мувофиқ суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ягона тизими мавжуд. Бунда суд экспертлари 2-3 йилда бир марта малака ошириш бўйича махсус курсларни ўтайдилар. Ушбу курсларнинг давомийлиги ўртача бир ойни ташкил этади. Мамлакатимизда эса ҳозирги амалиёт бўйича суд экспертлари 5 йилда бир марта малака оширишни ўтаётгани улар томонидан бериладиган хулосаларнинг сифатига таъсир ўтказмоқда.
Шу муносабат билан мазкур лойиҳада “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга суд экспертларининг ҳуқуқий ва махсус билимларини ривожлантиришга, саводхонлигини оширишга, шунингдек, уларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд экспертизаси масалаларини тартибга солувчи қонунчилик нормаларининг самарали ва бир хил қўлланилишига олиб келади, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкиллаштиришда мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этишни таъминлайди, шунингдек, суд экспертизасининг самарадорлигини оширади.
Қонун лойиҳаси фракциямиз аъзолари томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланган ҳолда уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида зарур жиҳатларга эътибор қаратилди. Чунки, партиямиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга йўналтирилган қонунларни қўллаб-қувватлайди. Суд тизимини комплекс ривожлантириш, хусусан, уни институционал, ташкилий-кадр ва процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш энг муҳим дастурий вазифаларимиздан саналади. Суд экспертизаси соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг ягона тизими жорий этилиши, уларнинг ҳар икки йилда бир маротаба замонавий технологияларнинг жадал ривожланиши билан юзага келаётган соҳага доир энг сўнгги янгиликлардан хабардор қилиб, ҳуқуқий билимларининг ошириб борилиши пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари партия позициясидан келиб чиқадиган таклиф, тавсиялар асосида қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.
Йиғилиш сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида миллий парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш сари муҳим қадамлар...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...