Истиқлол — бебаҳо неъмат, тинчликнинг қадри беқиёс

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилишида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Партиянинг парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари иштирок этган тадбирда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида партия ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда мустақиллик байрами халқимиз томонидан энг азиз ва энг улуғ байрам сифатида кенг нишонланиши она диёримиздаги тинчлик, осуда ҳаёт ва барқарорликнинг ёрқин намунасидир. Дарҳақиқат, истиқлол шарофати билан тарихан қисқа даврда Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланиб, куч-қудрати ва салоҳияти ҳар томонлама юксалиб бораётган мамлакатга айлангани республикамизда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар натижасидир.
Тадбирда маъруза қилган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров истиқлол байрами халқимиз, миллатимиз учун ўзгача маъно, ўзгача аҳамият касб этишини, чунки мустақиллик, истиқлол сўзларининг замирида узоқ давом этган мустабид тузум, зўравонликдан халос бўлиш, ўз тақдиримизни, келажагимизни ўзимиз мустақил белгилаш имконияти, беназир қадриятларимизни қайта тиклаш ва ривожлантириш, уларни асраб-авайлаш, халқимиз хоҳиш-иродасини эркин ифода қилиш каби юксак тушунчалар мужассам эканлигини таъкидлаб ўтди.
Партия раҳбари Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан бу қутлуғ айёмни янада юқори савияда, кўтаринки руҳда нишонлашга тадорик кўрилишида фаол иштирок этиш барча даражадаги партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари ҳамда фаолларнинг энг муҳим вазифаси эканлигини қайд этди.
Бу борада амалга ошириладиган ишлар давомида, энг аввало, халқимиз миллий мустақилликни қўлга киритиш йўлида босиб ўтган машаққатли ва, ўз навбатида, шарафли йўлнинг аҳамиятини, ўша даврдаги ғоят мураккаб ва оғир вазиятда танланган оқилона сиёсат, унинг самараларини, энг муҳими, мустақиллик туфайли қайта тикланган ижтимоий адолат тамойилларини, инсон шаъни, ҳуқуқ ва манфаатлари қадр топаётганини аниқ далиллар, ҳаётий воқеликлар асосида тарғиб қилишда партия ходимига хос маҳорат, ишчанлик руҳида фаол қатнашиш лозимлигига эътибор қаратилди.
Алишер ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мутахассислар ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, аввало, инсон онгидаги ўзгаришлардан бошланишини таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда эришилган оламшумул ютуқлар одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгарганлиги, уларнинг жамият ҳаётига, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, айниқса, сиёсий савияси ва ҳуқуқий маданияти тобора ўсиб бораётгани билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳар бир саъй-ҳаракатимизда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётган бу жараён давом этмоқда, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бормоқда. Юрт равнақи, ҳудудларни ривожлантириш, соҳалар тараққиётига қаратилган дастур ва режалар инсон бахту саодатига, фаровонликка, бугунимиз ва эртанги кунга хизмат қилишини ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис қилмоқда, ўзи гувоҳ бўлмоқда. Тинч-осойишта юртимизда халқимиз амалга ошираётган туб ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳару қишлоқларимиз тобора чирой очиб, дунё бўйлаб мамлакатимизнинг нуфузи ошиб бораётгани ҳар биримизга ғурур бағишлаб, эртанги кунга ишончимизни оширади. Шунинг баробарида давлат ҳокимияти ва жамият ўртасидаги жипслик ана шундан пайдо бўлиши ва мустаҳкамланиши яққол акс этмоқда.
Фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортаётгани, истиқлол фарзандларининг дадил ва мустақил қарашлари, яратилган кенг имкониятлар муҳитида орзу-мақсадларини рўёбга чиқариб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни ўзининг ҳаётий бурчи, деб англаётганлиги айни ҳақиқат. Партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари, депутатлар, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари томонидан мустақиллик байрами олдидан ўтказилаётган тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларда фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.
Мустақиллик байрамини юқори савияда ўтказишга ҳисса қўшиш мақсадида ишлаб чиқилган партиямизнинг чора-тадбирлар режасида депутатлар учун алоҳида вазифалар белгиланаётгани бизни янада фаолликка чорлайди. Жумладан, сайлов округларида ўтказиладиган “Ўзбекистон: мустақиллик йилларида эришилган натижалар ва истиқболлар” мавзусидаги маънавий-маърифий, тарғибот тадбирларида мустақиллик даврида барча соҳаларда, айниқса, биз учун муҳим бўлган ижтимоий соҳада, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг самараларини аниқ рақамларда, фуқароларнинг ўз ҳудудларидаги янгиланишлар мисолида тушунтирмоғимиз зарур. Президентимизнинг қарорида келтирилганидек, ўтган давр мобайнида она юртимиз, барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора очилиб, гўзал бўлиб бораётганини, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, ватандошларимизни янги марралар сари руҳлантириш биз, халқ вакилларининг бирламчи вазифамиз бўлмоғи лозим.
Шу билан бирга, партия матбуоти ва бошқа марказий, маҳаллий нашрларда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳақида “Ким эдигу ким бўлдик?” ғояси асосида солиштирма-таҳлилий мақолалари билан чиқишни ўзимиз учун алоҳида вазифа сифатида белгилаб олганмиз.
Райҳона ЎРМОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг бўлим мудири:

— Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз аҳлига кўтаринки руҳ бағишлаб, қалбларимизни қутлуғ айём шукуҳига тўлдирмоқда.
Истиқлол йилларида эришилган ютуқ ва марралар замирида мустақиллик аталмиш бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати намоён. Ҳозиргача давом этаётган жаҳон молиявий инқирозига қарамай мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиб бормоқда. Дунё жамоатчилиги эътироф этаётган тараққиётнинг “ўзбек модели”, танлаган йўлимиз нақадар тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи тўла тасдиқлади.
Кучли ижтимоий сиёсат тамойили асосида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб боришга қаратилган эътибор натижасида, масалан, 2015 йилда халқимизнинг реал даромадлари 9,6 фоизга ошиб, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 21,9 фоизга кўпайгани қайд этилди.
Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ҳар томони кўркам манзара касб этган, янги бино ва иншоотлар кўрк бағишлаган обод ва равон йўлларда юртимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар қатнаётганини кўриб кўзингиз қувнайди. Иқтисодиёт таянчига айланган, юқори технологиялар асосида ишлаётган йирик корхоналарда замонавий билимларни пухта эгаллаган маҳаллий ёшлар меҳнат қилаётгани яна бир ютуғимиз ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партиямизнинг ушбу тарихий санани муносиб кутиб олишга қаратилган режасига мувофиқ, жойларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларида истиқлолнинг тарихий мазмуни, ҳар бир ҳудуд тараққиётидаги аҳамиятини ана шундай ҳаётий мисоллар орқали акс эттириш партия фаолларининг диққат марказида бўлмоқда.
Жумладан, байрам муносабати билан партия томонидан олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини, Ватанни мадҳ этишга йўналтирилган иншолар танловини ўтказиш ва уни тўплам сифатида нашр эттириш мақсад қилинган.
Партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан жойларда ўтказиладиган “Истиқлол аёллари: кеча ва бугун” мавзусида давра суҳбатларида ҳам истиқлол йилларида хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган улкан ишларнинг моҳиятини очиб бериш, оила ва фарзанд тарбиясидан ортиб, давлат ва жамоат ишларида, тадбиркорлик соҳасида ютуқларга эришаётган партиядош аёларимиз, депутатларимизнинг ҳаёт тажрибасини намуна сифатида кўрсатиш асосий вазифаларимиздан саналади.
Қолаверса, болалар оромгоҳларида “Келажак бизники, марра бизники” номли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш орқали ёшлар онгида ахборот хуружларига, турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, уларни тинчликнинг қадрига етиш, мамлакатимизда келажак авлод учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланишга ундаш, бунда ҳам санъатда, спорт, илм-фан ва бошқа соҳаларда ўз иқтидорларини намоён қилиб, каттадан-катта ютуқларга эришаётган ёшларни ўрнак қилиб кўрсатишни мақсад қилганмиз. Умуман, қутлуғ айём муносабати билан ташкил этиладиган барча тадбирларимизда таъсирчан услуб ва воситалардан фойдаланмоғимиз, ватандошларимизга мустақиллик аталмиш улуғ неъматнинг асл моҳиятини чуқур сингдирмоғимиз зарур.
Қўшма йиғилиш сўнггида Президентимиз қарори асосида истиқлол байрамини партия ташкилотлари томонидан уюшқоқлик билан юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш юзасидан партия марказий ва ҳудудий ташкилотлари олдидаги вазифалар белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. ...