Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишда бир қатор долзарб қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Хусусан, фракция аъзолари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси доирасида ишлаб чиқилган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш ғояси партиямизнинг 2009 йилги Сайловолди дастурида илгари сурилган эди. Бошқа давлатларда муқобили бўлмаган мазкур қонун лойиҳаси узоқ йиллик изланишлар ва кенг жамоатчиликнинг фикрлари асосида ишлаб чиқилди.
Албатта, ўз олдига кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришни асосий мақсад қилиб олган республикамизда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, уни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Мамлакатимизда жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган бўлиб, у тизимли равишда ривожланиб бормоқда.
Республикамизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг янги босқичида жамиятимизда рўй бераётган янгиланишлар ҳамда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бораётгани жамоатчилик назорати бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришни тақозо этади.
Шунга мувофиқ, асосий мақсади фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришдан иборат бўлган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Сайловолди дастуримизда жамият билан давлатнинг самарали мулоқотини таъминлайдиган, фуқароларнинг қизиқишларини, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини аниқлаб борадиган жамоатчилик назорати демократик давлатнинг муҳим институтларидан бири сифатида эътироф этилган. Шу нуқтаи назардан мазкур қонун лойиҳаси дастурий мақсадларимизга тўла мос келади.
Айниқса, қонун лойиҳасининг алоҳида моддасида жамоатчилик назорати субъектлари томонидан юборилган мурожаатлар ва сўровларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқиш, мурожаатларга ва сўралаётган ахборотга жавоблар тақдим этиш, шунингдек, таклифлар ва тавсияларни, якунловчи ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқиш давлат органларининг мажбурияти этиб белгиланаётгани жуда аҳамиятлидир.
Чунки жамоатчилик назорати субъекти сифатида амалиётда сиёсий партиялар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида давлат органларига юборилган сўровларга ўз вақтида ёки умуман жавоб бермаслик ҳолатлари учраб турибди. Эндиликда янги қонун билан ушбу масалага қонуний ечим топилаётгани айни муддаодир.
Шунга қарамай, ҳали ушбу қонун лойиҳаси баъзи камчиликлардан холи эмас. Жумладан, бизнингча, ундаги ҳаволаки нормаларни қисқартириш зарур. Умуман, фракциямиз томонидан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланган мазкур қонун лойиҳасини замонавий усул ва воситалар ёрдамида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракция аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди.
Даврон ТАНГИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармонига мувофиқ шу йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали: диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура; диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими жорий қилинган.
Олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилиши ҳамда катта илмий ходим-изланувчилар институтининг тугатилиши билан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш зарурияти юзага келди.
Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги қонунларига ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ўзгартишлар киритиш назарда тутилган.
“Адолат” СДП мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишини қўллаб-қувватлаган ҳолда айнан илм-фан вакилларини ўзининг таянч қатламларидан бири сифатида кўради. Шу нуқтаи назардан таклиф этилаётган қонун лойиҳаси партиямиз дастурига тўла мос келади ва уни қўллаб-қувватлашимизга асос бўлади.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Муҳокама этилган қонун лойиҳалари юзасидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
...Бундан уч йил аввал бир йигитга Фарғона вилояти Тошлоқ туман ҳокимлиги томонидан сиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаб аҳолимизни иш-жойли қилинг, ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция депутатлари, парт...
01 янв 1970
Жамиятда ўз ўрнини, сайловчилар ишончини қозонишни истаган партия ўз электорати манфаатлари учун хизмат қиладиган ғоялар, таклифларни илгари су...