Кучли иқтисодий тараққиёт самаралари

/
аҳоли турмуш сифати ва даражаси ошаётганида намоён бўлмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2015 йил ҳамда 2016 йил 1-чорак якунлари кўриб чиқилди.
Қонучилик палатаси депутатлари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳисобот давридаги ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, 2015 йил иқтисодий дастурларининг устувор вазифалари тизимли равишда амалга оширилиши натажасида ўсишнинг барқарор юқори суръатларини, макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш таъминланди.
2015 йил якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсди, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоизга, капитал қурилиш 17,8 фоизга ошишига эришилди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан паст бўлди, яъни 5,6 фоизни ташкил қилди.
Мамлакатимизда ички истеъмол талабининг кенгаяётгани аҳоли даромадларининг ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу 2015 йилда чакана савдо айланмаси 15 фоиздан зиёд, пуллик хизматлар ҳажми 10,8 фоизга ўсганлигида намоён бўлди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил бошида Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида эътироф этганидек, ўтган 2015 йил бизнинг бош мақсадимиз бўлмиш асосий вазифа – одамларимизнинг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш ва ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш бўйича муҳим ислоҳотларни амалга ошириш йўлида катта қадам бўлди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари ҳисобот давридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлар қисмининг ижроси муҳокамасида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди.
Зафар СУЛТОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳақиқатан ҳам, қарийб саккиз йилдан буён давом этаётган жаҳон молиявий инқирозига қарамай мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этаётгани, шубҳасиз, дунё жамоатчилиги эътироф этаётган миллий тараққиёт моделимиз самарасидир. Ушбу моделнинг устувор йўналишларидан бири бўлган кучли ижтимоий сиёсат тамойили аҳолимизнинг турмуш сифати ва фаровонлиги ошиб бораётганида намоён бўлмоқда. Буни ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб боришга қаратилган эътибор натижасида 2015 йилда халқимизнинг реал даромадлари 9,6 фоизга ошиб, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 21,9 фоизга кўпайганида ҳам кўриш мумкин.
Ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар Давлат бюджети харажатларининг 58,8 фоизини ташкил этди. Бу харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12,4 фоизни ташкил этди.
Хусусан, 2015 йилда ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини, яъни 57,1 фоизини ташкил этган таълим муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 12 триллион 162,2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу соҳага йўналтирилган маблағлар ижросини муҳокама қилиш асносида таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мактабгача таълим муассасаларидан тортиб, олий ўқув юртларигача моддий-техник базани мустаҳкамлаш, таълим муассасаларини замонавий ахборот технологиялари, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари билан таъминлаш учун йўналтирилаётган маблағларнинг мақсадли ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратдик.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил этаётгани ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир. Бу барчамизни фахрлантиради, албатта.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Сўнгги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2015 йилда олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларини мунтазам қайта тайёрлаш бўйича мутлақо янги, такомиллаштирилган тизим жорий қилингани бунинг яққол далилидир. Ҳисобот даврида 15 та таянч олий ўқув юртида олий таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш курслари ташкил этилди. Мазкур курсларда олий ўқув юртларининг 2,7 мингга яқин ўқитувчиси малака оширди.
Таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ижросини муҳокама этиш чоғида, шунингдек, партиямиз дастурий ғояларидан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратдик.
Илм-фанни ривожлантиришга 2015 йилда 216,7 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, шундан тармоқлар бўйича давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга 137,4 миллиард сўм, инновацион лойиҳаларни молиялаштиришга 25,6 миллиард сўм, ноёб объектлар ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаш харажатларига 40,4 миллиард сўм ҳамда 13,3 миллиард сўм давлат архивларини сақлашга ва илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилди.
Шундан келиб чиқиб, фракциядошларимиз илм-фанни ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этдилар.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Партиямиз Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва касалликларнинг профилактикасига йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар кўлами фракциядошларимиз томонидан чуқур таҳлил этилди.
Қайд этилганидек, 2015 йилда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли асосда давом эттирилди. Ҳисобот даврида 141 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қарийб 500 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш, замонавий диагноз ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етказилди.
Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида кейинги 5 йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан болалар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришганлиги эътиборга моликдир.
Шу билан бирга, касалликларнинг профилактикасига қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришга йўналтирилган маблағларга ҳам эътибор қаратдик. 2015 йилда ушбу мақсадга 1 509,4 миллиард сўм, яъни соҳага ажратилган маблағларнинг 32,0 фоизи йўналтирилгани бизни қувонтирди.
Муҳокамалар жараёнида фракциядошларимиз томонидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик ва парламентнинг самарали назоратини ўрнатиш, бу борада, айниқса, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик корпусининг роли ва масъулиятини янада ошириш зарурлиги билдирилди.
Алишер МАҲМАТМУРОДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджети ижросини кўриб чиқиш жараёнида маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларини сақлаш ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши борасида олиб борилаётган ишларни ҳам чуқур муҳокама қилдик.
Ушбу дастур доирасида 2015 йилда 12 мингта янги турар жойлар барпо этилган. Албатта, намунавий лойиҳа асосида бунёд этилаётган турар жой массивларида барча зарурий инфратузилма яратилмоқда. Яъни, маҳалла гузари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, болалар майдончалари қурилаётгани аҳолига қулайлик яратмоқда. Эндиликда мазкур намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уйларга энергия борасида тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш, ижтимоий объектларни бунёд этишда айни жиҳатларни инобатга олиш вақти келди. Мамлакатимиз муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича қулай иқлим шароитларига эгалиги, айниқса, қуёш панелларини ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, олимларимиз томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар бизга бундай имкониятни беради. Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бўйича имтиёзли банк кредитлари ажратиш, бу борада аҳоли орасида олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш зарур. Айни мақсадларни Cайловолди дастурининг устувор йўналишларидан этиб белгилаган “Адолат” СДП ва унинг депутатлик корпусидан бу борада янада фаоллик, ташаббускорлик талаб этилади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДП нуқтаи назаридан келиб чиқиб ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Йиғилиш якунида фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент давлат аграр университетида жорий йилнинг 15 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Сайловлар демократия кўзгуси ҳисобланиб, унинг очиқ-ошкора ва шаффоф тарзда ўтишида ҳуқуқий асосларнинг ҳаётий ва халқчил тарзда ишлаб чиқилиши муҳ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. ...