Сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар жамоатчилик нигоҳида

/
Сайловлар демократия кўзгуси ҳисобланиб, унинг очиқ-ошкора ва шаффоф тарзда ўтишида ҳуқуқий асосларнинг ҳаётий ва халқчил тарзда ишлаб чиқилиши муҳим аҳамият касб этади. Бу эса халқимиз учун сайлов жараёнларининг қонуний ва адолатли ўтишини тўла таъминлаш имконини оширади.
2019 йил 18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини тасдиқлаш ҳақида"ги қонун ҳам шу мақсадда ишлаб чиқилди. Ушбу кодекс орқали жамиятдаги энг муҳим масалалардан бири — сайловларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланмоқда.
Жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқелик — парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда мазкур кодексдаги янгиликларни амалий жараёнларга тўғри татбиқ эта олиш ҳар бир партия аъзосидан алоҳида кўникма ва фаоллик талаб этади.
Шу мақсадда жорий йилнинг 19 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ташаббуси билан Ломоносов номли Москва давлат университети Тошкент шаҳар филиалида Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва экспертлар иштирок этишди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш ва унда янги нормалар белгиланишида партиянинг энг қуйи тузилмаларидан тортиб, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларигача ўз таклифлари билан фаол қатнашдилар. Ҳудудий партия кенгашлари томонидан мазкур Кодекс муҳокамасига бағишланган 30 дан ортиқ давра суҳбати, учрашувлар ўтказилиб, унда 200 га яқин аниқ таклифлар билдирилгани ҳам партиядошларимизнинг бу жараёндаги фаоллигини кўрсатади.
Хусусан, Кодекс лойиҳасидан ўрин олган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилиниши, сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги, овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан (+, v, X) бирини қўйиш имконияти берилиши каби таклифлар фракция томонидан берилган ва инобатга олинган.
Ушбу Сайлов кодексида ҳозирда амалда бўлган сайловларга оид бешта қонун, яъни "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги, "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги қонунлар унификация қилиниб, яхлит ҳужжат шаклига келтирилди.
Кодекснинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда мамлакатимиздаги сайлов амалиёти давомида тўпланган тажрибалар, 20 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг қонунчилиги ҳамда ушбу соҳадаги турли халқаро ҳужжатлар билан тартибга солинган стандартларни ўрганиш натижасида тайёрланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Сайлов кодексида сайлов шаффофлигини таъминлаш мақсадида белгиланган бир қатор янги нормалар хусусида фикр билдирдилар. Жумладан, номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатларини сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланиши, замон талабларидан келиб чиқиб, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, сайловчиларнинг электрон рўйхати, сайлов участкасида овозларни санаш якуни бўйича баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланаётгани иштирокчилар томонидан ижобий баҳоланди.
— Сайлов кодексидаги яна бир янгилик сиёсий партиянинг у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан 15 кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланишидир, — деди партия фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Ушбу ўзгариш сайлов жараёнидаги партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилётгани сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, мазкур ҳужжатга демократия тамойилларидан келиб чиқиб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини таъминловчи норма киритилаётгани партия дастурий мақсадларига мослиги ва ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбир якунида Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини жойларда кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш, бу борада партия фаоллари, мутахассислар олдида турган вазифалар ҳақида фикр ва таклифлар қайд этилди.
Ўзбекистон "Адолат" СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. ...