Хориждаги фуқароларимизга амалий ёрдам беришнинг қонуний асослари муҳокама қилинди

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқаро ҳамкорлик, ижтимоий-иқтисодий, атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик устави тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар кўриб чиқилди.
1996 йил август ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини комплекс таҳлил қилиш ва холис баҳолаш шуни кўрсатадики, у кучга кирганидан сўнг ўтган 20 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистонда қатор янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, улар асосида консуллар ваколатига ҳозирги кунда Консуллик уставида ўз аксини топмаган қўшимча функциялар ҳам юклатилган. Шу каби ҳолатлар қонун лойиҳасини қабул қилиш заруратини келтириб чиқармоқда.
Шу муносабат билан таклиф этилаётган ҳужжат орқали “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик устави тўғрисида”ги қонунга консулликда фаолият олиб борувчи мансабдор шахсларнинг хизмат вазифаларини тартибга солувчи бир қатор нормалар киритилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий мамлакатларда паспорт ва бошқа ҳаракатланиш ҳужжатлари йўқотилган ёхуд муддати ўтган тақдирда юртимизга қайтиш учун гувоҳнома бериш, фуқароларга давлат ҳокимияти органларига сайловлар ўтказилишида сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш, биометрик паспорт бериш тўғрисида янги қоидаларга мувофиқ чет элдаги муассасаларда паспорт алмаштириши мумкин бўлган Ўзбекистон фуқароларининг тоифаларини белгилаб бериш шулар жумласидандир.
Йиғилишда фракция аъзолари томонидан консуллик муассасалари фаолиятига ахборот технологияларини фаол татбиқ этиш ва “Электрон ҳукумат” ва “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” фаолият юритиши доирасида, шунингдек, виза анкеталарини, ҳужжатларни олишга аризаларни, қайтишга шаҳодатномаларни бериш, Ўзбекистоннинг чет элдаги муассасаларида консуллик ҳисобига қўйиш каби онлайн хизматларни тақдим этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши масаласи ва заруратига эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, консуллик округи ҳудудида яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган фуқароларимизга кўмаклашиш бўйича киритилаётган норма — аҳоли манфаатларини ўзга юртларда ҳам таъминлашнинг асоси эканлиги билан аҳамиятлидир.
Унга кўра, зарур ҳолларда фуқаролар яшаши учун Ўзбекистонга қайтишга чипта сотиб олиши, ҳужжатларни расмийлаштириши, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши учун моддий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу нормалар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурида белгиланган “Инсон манфаатлари — энг олий қадрият” тамойилига ҳам мосдир. Шу боис қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.
Шунингдек, фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди.
Депутатлар қайд этганидек, ҳозирги пайтда ўсимликлар карантини масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда ва бу масалада зарарланган ҳудудларни аниқлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинлари майдонлари ва аҳоли томорқаларида масъуллар томонидан назорат ўтказилмоқда. Карантин объектлари билан зарарланган ўсимликлар аниқланган тақдирда карантин бўйича инспекторлар томонидан ер эгаларига ўсимликларни зарарсизлантириш учун мажбурий амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда. Лекин таъсир чораларининг аниқ механизми йўқлиги туфайли фермерлар томонидан ушбу чора-тадбирлар бажарилмасдан қолмоқда.
Юқоридаги каби масалаларни ижобий ҳал этишга қаратилган ушбу қонун лойиҳаси орқали жисмоний ва юридик шахслар зараркунандаларга қарши курашишда масъулиятсизлик билан муносабатда бўлганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Ушбу ҳужжат орқали белгиланган нормаларга риоя этилиши устидан давлат назоратини кучайтириш ва ишлаб чиқаришда ўсимликлар карантини бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ва соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, ўсимликлар карантини ва фитосанитария талабларининг бажарилишини таъминлашга эришилади.
Фракция азолари томонидан карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашишнинг санитария қоидалари ва бошқа хил қоидаларни бузганлик учун лойиҳада маъмурий жарималарнинг миқдори оширилиши бўйича таклиф этилаётган меъёрлар учун асослар етарли эмаслиги таъкидланди.
Шу боис қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида ушбу жарималар қўлланиши бўйича аниқ статистик маълумотлар келтирилиши ҳамда қонун лойиҳасида белгиланган маъмурий жарималар кўзланган натижага қай даражада эришиш имконини бериши тўғрисидаги маълумотларни келтириш лозимлиги қайд этилди. Фракция аъзолари айрим камчиликларни қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда атрофлича кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаган ҳолда лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулладилар.
Йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва жамиятимизни модернизациялаш жараёнларида парламент муҳим ўрин тутади. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...