Ноқонуний қурилмалар олиб ташланди

/
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг дастурий вазифаларини амалга ошириш, электорат манфаатларини рўёбга чиқариш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, депутатлик гуруҳи аъзоси Тоҳир Полвоновга шаҳардаги “Зиёкор” маҳалласи аҳли билан очиқ мулоқоти чоғида баён этилган бир қатор муаммолар ўз ечимини топди.
Сайловчилар “Зиёкор” маҳалласида жойлашган “Наврўз” оилавий поликлиникасидаги шарт-шароитлар талаб даражасида эмаслиги, фуқаролар даволаниш ёки касаллик сабабларини аниқлаш учун вилоят марказидаги шифохоналарга қатнашига тўғри келаётгани ҳақида баён этишди. Т.Полвонов томонидан мазкур муаммо ўрганилиб, вилоят молия бошқармасига депутатлик сўрови киритилди. Натижада поликлиниканинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 40 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилди. Тез орада поликлиникада физиотерапия ва бошқа шу каби тиббий хизматлар кўрсатиладиган 15 ўринга мўлжалланган кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари ўз вақтида ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, тез кунда қатор замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келиниши режалаштирилган.
Депутатлик гуруҳи раҳбари Рустам Болтаев ҳам сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Депутатга шаҳардаги “Мустақиллик”, “Феруз”, “Байналмилалчи” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар ички йўлларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолгани боис пиёдалар ва транспорт воситалари учун ноқулайликлар юзага келаётганлиги ҳақида шикоят қилишган эди. Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси раҳбарига ушбу масалада киритилган депутатлик сўрови мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилгач, мазкур маҳаллалардаги ҳар бир ички йўлнинг 2-3 километргача бўлган қисми капитал ва жорий таъмирланди.
“Бешмерган” маҳалласида яшовчи аҳоли “Нажмиддин Кубро” ва “Фирдавсий” кўчаларининг кесишган жойига йўл белгиси ўрнатиш ҳамда “Урганч—Хонқа” йўлининг “Бешмерган” маҳалласидан ўтувчи қисмида пиёдалар ўтиш жойини бўяш зарурлигини баён этишди ва муаммолар бартараф қилинди. Шунингдек, “Байналмилалчи” “Бешмерган”, “Дўстлик” маҳаллаларидаги йўллардан ўтувчи қувурларнинг ёпқичлари йўқлиги, шу боис кечки вақтларда йўловчиларнинг қувурга тушиб кетиб, лат ейиш ҳолатлари учраётгани эътиборга олинди ва мутасаддилар томонидан 20 дан зиёд қувурларга қопқоқлар ўрнатилди.
“Ҳамжиҳатлик” маҳалласида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Валентина Никулина билан суҳбат чоғида унинг ногиронлик аравачасига муҳтож экани маълум бўлди. Р.Болтаев депутатлик сўрови киритгач, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан фуқаро В.Никулина ногиронлик аравачаси билан таъминланди.
Фуқароларнинг ноқонуний қурилмалар масаласига доир таклифлари ҳам инобатга олинди. Масъул ташкилотларга депутатлик сўрови киритиш натижасида “Камолот” маҳалласининг “Камолот” кўчаси 12, 13-уйлар ёнидаги ҳамда “Шодлик” кўчасидаги 1/20-уйнинг ёнғин хавфсизлиги йўлакларида қурилган ноқонуний қурилмалар олиб ташланди.
“Жингавуз” маҳалласида жойлашган 34-мактабгача таълим муассасаси биноси вилоят малака ошириш институти балансига ўтказилганлиги боис анчадан буён маҳалла аҳли боғча фаолиятини қайтадан тиклашга эҳтиёж сезиб келмоқда. Улар партия депутатларига бу борада ўз таклифини билдиришди. Депутатлик гуруҳининг ушбу масаладаги мурожаати айни пайтда мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Депутат Р.Болтаев масъуллигида “Дўстлик”, “Темирйўлчи” маҳаллаларида “Обод маҳалла” дастури доирасида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Аҳолига ён-атрофни тоза тутиш, она табиатимизни кўз қорачиғидай асрашга, фуқароларнинг экологик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда фаол сафдошларимиздан таркиб топган ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, партиямизнинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик!”, “Адолат — қонун устуворлигида”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Тозалик йўлида бирлашайлик!” каби лойиҳалари доирасида ўрганишлар олиб борди. Аниқланган муаммо ва нуқсонларнинг айримлари ўз жойида, айримлари депутатлик сўровлари орқали ҳал этилди.
— Жорий йилда депутатлик гуруҳимиз томонидан мутасадди ташкилот ва муассасаларга жами 40 тага яқин депутатлик сўрови юборилди, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Р.Болтаев. — Шулардан 30 таси ижобий ҳал бўлди, қолганлари юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.
Шу билан бирга, ишчи гуруҳининг ўрганиш натижалари умумлаштирилиб, халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари йиғилишлари ҳамда сессияларда муҳокама этилди.
Жумладан, “Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси ва шаҳарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг саломатлиги, санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳолати”, “Давлат бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топшириш, ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолати” масалалари депутатлик гуруҳи ташаббуси билан сессияда кўриб чиқилди. Қабул қилинган сессия қарорлари ижроси юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилояти кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Депутатларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари, дастурий ғоя ва вазифаларимизни рўёбга чиқаришида сайловчилар билан доимий мулоқоти, ҳаёт билан ҳамнафа...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Бундан 23 йил муқаддам менинг зиммамга ғоят масъулиятли ва шарафли вазифа юклатилганлигини ҳозиргача чуқур қониқиш билан эслайман....
01 янв 1970
Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан халқ билан янада яқинроқ ва тўлақонли мулоқот қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. ...