Ҳамкорлик шартномаси имзоланди

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Ижтимоий ҳамкорлик — жамият ривожининг асоси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлари ва ёзувчи, шоирлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида иштирокчилар ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти дурдоналарига бағишланган кўргазма экспозицияси билан танишдилар.
Давра суҳбатида юртимиздаги адабий, ижодий муҳитни янада ривожлантиришда, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда партия ва уюшма олдида турган долзарб вазифалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш устувор вазифа эканлиги алоҳида қайд этилди.
— Давлатимиз раҳбари 2017 йил 3 август куни бир гуруҳ ижодкор зиёлилар билан учрашувда юксак маънавиятли, ижтимоий дахлдор инсонни тарбиялашда санъат ва ижод аҳлининг хизмати алоҳида эканини қайд этди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ижодкорларнинг ўрни қандай бўлаётганини таҳлил қилиб, улар олдида турган муҳим вазифаларни белгилаб берди, — деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. — Айни кунларда ижодкор зиёлиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, ижодкорлар миллий ўзлигимизни англаш, халқимиз онгу тафаккурини ўзгартириш, маънавий қадриятларимизни тиклаш ва юксалтириш йўлида самарали меҳнат қилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, сўз санъаткорларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш истеъдодлар салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлашди.
Шунингдек, китобхонлик йўналишида тегишли ҳуқуқий-меъёрий базани мустаҳкамлаш, ташкилий-амалий ишларни замон талаблари асосида олиб бориш, бу масалага кенг жамоатчиликни жалб этиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
— Икки жамоат ташкилоти ўртасида ижтимоий ҳамкорлик юзасидан имзолаган шартномамиз доирасида ҳар икки ташкилот вакилларининг узоқ йиллик ҳамкорлиги мустаҳкамланди десак, муболаға бўлмайди, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров. — Ушбу ҳамкорликдан кўзланган мақсад — умумий мақсадларимиздан келиб чиқиб, келгусида мамлакатимизда юксак фуқаролик жамияти қурилиши ва ривожланишига биргаликда ҳисса қўшиш, ҳар биримизни “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги ижрочиси бўлишга ундашдан иборат.
Шу билан бирга, ёзувчи, шоирларнинг партиямизга янада яқинлашуви партиямизнинг ҳудудий кенгашлари қошида ташкил этилган “Истеъдод клублари” фаолиятига янгича мазмун бағишлайди.
Давра суҳбатида ҳамкорлик доирасида аҳолининг кенг қатлами, хусусан, ёшлар билан ўтказилаётган партия тадбирларида таниқли адиблар, ёзувчилар ва шоирларнинг иштирок этиши кўзланган мақсадларга эришишда муҳим восита бўлиши таъкидлаб ўтилди.
— Ушбу ҳамкорлик шартномасининг имзоланиши мени ҳам ижодкор, ҳам партия фаоли сифатида бирдек қувонтирди, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Шоҳида Юсупова. — Болалигимдан адабиётга ихлосим баланд. Шу сабаб “Адолат” СДП қошида ташкил этилган “Адолат жилғалари” клубига қатнай бошлаганман. У ерда адабиётга оид билимларим мустаҳкамланиб, қаламим янада чархланди. Ўйлайманки, бу икки ташкилот келгусида ёшларнинг иқтидор ва қобилиятларини қўллаб-қувватлашда йўлчи юлдуз, қўшқанот бўлиб хизмат қилади
Тадбир сўнггида Ёзувчилар уюшмаси раиси партия билан ҳамкорлик муносабатларининг яққол ифодаси сифатида партия Сиёсий Кенгаши раисига буюк шоир ва мутаффакир Абдураҳмон Жомийнинг ижод боғидан дасталанган сайланма асарлари ҳамда Алишер Навоийга ёзган мактубларидан намуналар тўпланган “Муҳаббат махзани” китобини, ўз навбатида, партия томонидан Ёзувчилар уюшмасига мустақиллик даври ютуқлари акс эттирилган “Истиқлол шукуҳи” тўплами совға қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан мамлакатимиз вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўткази...
01 янв 1970
Жойларда фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партиямиз аъзолари фаоллик ...
01 янв 1970
Бугун жойларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши ходимлари бошчилигида ҳудудлардаги бошланғич партия та...
01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари жорий йилнинг 1-10 апрель кунлари ҳудудларда аҳоли билан о...