Депутатлар ва раҳбарлар халқ олдида ҳисобдорликни таъминлаши зарур

/
Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари жорий йилнинг 1-10 апрель кунлари ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ўргандилар. Маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, одамларнинг турмуш шароитлари билан танишдилар, ташкилот ва корхоналарда ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам назардан четда қолмади. Таъкидлаш жоизки, парламент назоратининг ўзига хос кўриниши бўлган бундай тадбирларда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этишди.
Инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва қонуний тартибда ҳал этиш, давлат идоралари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан парламент назоратини самарали амалга оширишга қаратилган мазкур ўрганишлар натижалари тегишли маҳаллий Кенгашлар сессияларида танқидий ёндашувлар асосида атрофлича муҳокама этилди.

ҚАШҚАДАРЁ. Жорий йилнинг 10 апрель куни халқ депутатлари Қамаши туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг туман аҳолиси билан юзма-юз мулоқотларида аниқланган масалалар, ҳудудни янада ривожлантириш, фуқароларнинг қонуний манфаатлари таъминланиши юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижалари кенг муҳокама қилинди.
Иштирокчилар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилганини эътироф этишди. Жумладан, саноат маҳсулотлари, истеъмол моллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ўсиш кўрсаткичлари қайд этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берган вазифаларига асосан ҳудудни 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра 34 миллиард 624 миллион сўмлик 47 та лойиҳа саноат йўналишида, 4 миллиард 199.0 миллион сўмлик 71 та лойиҳа хизмат кўрсатиш йўналишида ва қишлоқ хўжалигига доир 6 миллиард 706 миллион сўмлик 55 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилганлиги хусусида мажлис иштирокчилари алоҳида тўхталиб ўтишди.
Мажлис қатнашчилари ютуқлар билан бирга туманда ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам анчагина эканига эътибор қаратишди.
Таъкидланганидек, ўн кун давомида парламент вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Қамаши тумани маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида аҳоли билан жонли мулоқотда бўлишди. Жойларда фуқароларнинг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишилди, уларни қийнаётган муаммолар, ҳудудда ечимини кутаётган масалалар атрофлича ўрганилди.
Ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги 623 та хонадонда бўлиб, одамларнинг дарду ташвишлари, турмуш тарзи, муаммолари ҳақида суҳбатлашдилар. Ўрганишлар асносида жойларда тиббий хизматнинг талаб даражасида эмаслиги, қишлоқ врачлик пунктлари дори воситалари ва асбоб-ускуналар билан етарлича таъминланмагани, шифокорларнинг етишмаслиги, тез тиббий ёрдам бригадаларининг аҳоли сонига нисбатан камлиги билан боғлиқ қатор масалалар ечимига эътибор қаратилди.
Шунингдек, фуқаролар билан очиқ мулоқот давомида банк пластик карточкалари орқали тўловларни амалга оширишдаги камчиликлар, нақд пул муаммоси, баъзи ҳудудларда томорқалардаги экинларни суғориш учун сув етишмаётгани, электр энергияси, суюлтирилган газ, ичимлик суви, транспорт қатнови, бозордаги нарх-навонинг тадбиркорлар томонидан асоссиз равишда ошириб юборилиши билан боғлиқ муаммолар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника таъминоти, ўқув-қуроллари ва жиҳозларнинг етарли даражада эмаслиги, олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёж юқори экани, баъзи биноларнинг таъмирталаблиги ва қониқарли иситилмаслигига доир масалалар тилга олинди ва ушбу масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Хусусан, мулоқотлар мобайнида туман аҳолиси томонидан 20 га яқин турли йўналишдаги 500 дан зиёд муаммолар ўртага ташланиб, уларнинг бир қанчаси ўз жойида ҳал этилди. Жумладан, 8 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 2 та ҳудудга трансформаторлар ўрнатилди, 6 нафар фуқарога даволаниш учун йўлланма берилди, 4 та эҳтиёжманд оиланинг уйлари таъмирланди, 2 нафар кам таъминланган фуқарога нафақа тайинланишига кўмаклашилди, 1 нафар фуқарога уй-жой олиши учун кредит ажратилишида ёрдамлашилди, 10 га яқин масала туман ҳокимлиги орқали ҳудуддаги мутасадди ташкилотларга ижро учун юборилди. Тумандаги фаолият кўрсатмаётган 5 та сув таъминоти шохобчасини ишга тушириш, чиқиндиларни сақлаш майдонини талаб даражасига келтириш чоралари кўрилди. Шу билан бирга, республика даражасидаги 10 га яқин муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўровлари тақдим этилди.
Туманда оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ерларидан оқилона фойданишни йўлга қўйиш, шунингдек, муқаддам хусусийлаштирилган, бироқ фаолият кўрсатмаётган 11 та объектни ишга тушириш бўйича фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ўрганишларда аниқланишича, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва уларга тегишли кўмак бериш борасида туманнинг ички ресурс ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Натижада айрим тадбиркорлик субъектлари туманда шароитларнинг етарли эмаслиги боис, ўз фаолиятларини бошқа туман ва шаҳарларга кўчиришга мажбур бўлмоқдалар. Электр энергияси таъминотида узилишлар борлиги муаммонинг асосий сабабларидан бири сифатида эътироф этилди.
Туманда газ таъминотидаги мавжуд муаммоларни ҳам тез ҳал этиш лозим, истеъмол қилинмаган газ учун қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Сессияда туманда барча соҳаларда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни кучайтириш, прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларининг халқ олдида ҳисобдорлигини тўла таъминлаш зарурлиги айтиб ўтилди.
Муҳокамаларда сўзга чиққанлар бу каби муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан сессияда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаров қатнашди ва сўзга чиқди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ўн кун давомида олиб борилган ўрганишлар натижалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, туманда давлат рўйхатидан ўтган 583 та якка тартибдаги тадбиркорлар мавжуд бўлиб, айни пайтда уларнинг 102 таси фаолият кўрсатмаётгани афсусланарли ҳолдир.
2016 йил мобайнида тижорат банклари томонидан 2015 йилга нисбатан барча молиялаш манбалари ҳисобидан кредитлар ажратиш ҳажми 1,34 баробарга ошиб, белгиланган прогноз 121 фоизга бажарилган. Бироқ тижорат банкларида фуқароларнинг узоқ муддат навбат кутишлари, электр энергия таъминотидаги узилишлар банк хизматларини ўз вақтида, самарали кўрсатишга халақит бераяпти. Бу ҳол бир неча тадбиркорларлар ҳисоб рақамларини тумандан ташқарида (асосан Тошкент шаҳрида) очиб фаолият юритиши, маблағларнинг тумандан ташқарига чиқиб кетишига асосий омиллардан бири бўлиб турибди.
Туман бандликка кўмаклашиш маркази берган маълумотга кўра меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 84 минг 452 нафар бўлиб, ишсизлик даражаси 5,8 фоизни ташкил этмоқда. Бироқ аҳоли билан мулоқотларни таҳлил этганда бандликни таъминлашнинг реал эҳтиёжи туман миқёсида тўлиқ қамраб олинмаганлиги аниқланди. 2016 йилда 4019 та янги иш ўрни яратилгани тўғрисида маълумотлар жойида ўрганилганида уларнинг айримлари ўз тасдиғини топмади. Туманда ишлаб чиқариш корхоналарининг етарли эмаслиги, сифатли транспорт хизмати кўрсатиш йўлга қўйилмаганлиги, бандлик дастурини тузишда туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотларда бандлик масаласида 250 дан ошиқ муаммо қайд этилишига сабаб бўлди.
Тумандаги 10 та умумтаълим мактабида компьютер синфхонаси, 19 та умумтаълим мактабида спорт заллари мавжуд эмаслиги, 21 та умумтаълим мактабида ўқув парталари ва бошқа жиҳозларга эҳтиёж борлиги аён бўлди. Туманда 2 та умумтаълим мактаби бинолари таъмирталаб аҳволда. Мисол учун, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари асосида аллақачон фойдаланишга топширилиши лозим бўлган 26-умумтаълим мактабининг спорт зали қурилиш ишлари якунига етказилмаган.
Тумандаги мавжуд 7 та ўрта махсус касб-ҳунар коллежларида 30 дан ортиқ таълим йўналишларида ўқувчилар 102 мутахассислик бўйича тайёрланаётган бўлса-да, бир-бирини такрорловчи йўналишлар мавжудлиги сабабли битирувчилар бандлигини таъминлашда муаммолар мавжуд. Коллежларнинг аксариятида ичимлик суви таъминоти талаб даражасида эмас. Айрим коллежларда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқув материаллари, компьютерлар, дарсликлар етишмайди.
2017 йилнинг биринчи чораги ҳолатига кўра, туманда электр энергиясидан қарздорлик 34,593 миллиард сўмни ташкил этиб, 2017 йил апрель ойи учун истеъмолчилардан 652,980 миллион сўм маблағ 10 апрелгача ундирилиши белгилангани ҳолда амалда 43,0 миллион сўм ундирилган, холос.
Туманда 2000 йилларда янги ташкил этилган маҳаллалардаги хонадонларга электр тармоғини тортиш масаласи муаммолигича қолмоқда. Хусусан, туман бўйича 2 мингдан зиёд хонадон 65,7 километрлик электр тармоғи ўтказилишига эҳтиёж сезмоқда. Шунингдек, 26 та маҳалладаги хонадонларни тўлиқ электр энергияси билан таъминлаш учун трансформаторлар ўрнатилиши зарурлигини ҳам айтиш жоиз. Тумандаги симёғочларнинг 60 фоизи талабга жавоб бермаслигини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.
Хонадонларга вилоят газтаъминот корхонаси томонидан ажратилган суюлтирилган газ лимити аҳоли эҳтиёжларини тўла қоплашга етмайди. Суюлтирилган газ ташиш учун ажратилган махсус “Зил” ва “ISUZU” автомашиналарининг техник ҳолатини ҳам яхшилаш зарур.
Туманда аҳолини “Сув-оқава” корхонаси орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 67 фоизни ташкил этади. Муқобил сув манбалари ва махсус техникалар ёрдамида ичимлик суви етказиб бериш тизими мавжуд эмас. Мавжуд 102 дона артезиан сув қудуқларидан 35 таси яроқсиз бўлиб қолган. “Сув-оқава” корхонасининг техника воситалари ва автоуловлари сонини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
Туманда умумфойдаланишдаги ички йўлларнинг узунлиги 858,8 километрни ташкил этади ва уларнинг аксарияти таъмирталаб ҳолатда экани аниқланди. Автомобиль йўлларининг айримларида ёритиш чироқлари ўрнатилмаган, йўл белгилари замон талабларига жавоб бермайди. Туман ҳудудида автобус қатновини йўлга қўйиш борасида ҳам қилинадиган ишлар кўп.
Сессияда яна бир муҳим жиҳат жиддий таҳлил этилди. Яъни халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг депутатлик сўровларини давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахслари томонидан қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқиш ва ёзма жавоб бериш ишларида сусткашлик ҳолатлари мавжуд. Масалан, туман йўл қурилиш бўлими, электр тармоқлари корхонаси, туман ободонлаштириш бошқармаси ва туман давлат солиқ инспекциялари томонидан депутатлик сўровлари ёки мурожаатларига ўз вақтида жавоб бермаслик ҳолатлари учрамоқда.
Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг сайловчилар билан ишлаш ҳамда улар олдидаги масъулиятини ошириш, Кенгашдаги партия гуруҳлари, доимий комиссияларининг ташаббускорлигини кучайтириш кечиктириб бўлмайдиган ишлардан саналади.
— Ўрганишлар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга эҳтиёж борлигини ҳам кўрсатди, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Людмила Кошелапова. — Дейлик, ичимлик суви, табиий газ, электр таъминоти ёки ички йўллардан фойдаланиш масалаларида белгиланган қоида-меъёрларни фуқаролар ўзига лозим даражада билиши бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатишга, муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сессия қарорига мувофиқ, жумладан, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳволини ўрганиш якунлари бўйича ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Белгиланишича, тадбиркорлик субъектлари ва тижорат банкларида электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш, электр энергияси истеъмолчиларининг қарздорлигини камайтириш, фойдаланишга яроқсиз симёғочларни алмаштириш бўйича зарур чоралар кўриш, ҳар ойда камчиликлар бартараф этилиши ҳамда электр энергияси таъминоти ҳолати ҳақида халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот тақдим этилади.
“Тумангаз” идораси раҳбарига 10 кун муддатда аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган табиий газ истеъмоли учун нореал қарздорликни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриб, амалга оширилган ишлар ҳақида, “Сувоқава” корхонаси раҳбарига тумандаги сув йиғиш иншоотлари, сув қувурлари, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни, шу жумладан, ичимлик суви истеъмолчиларининг нореал қарздорлигини бартараф этиш ҳамда шу мақсадларда қилинган ишлар ҳақида халқ депутатлари туман Кенгашига ахборот бериш вазифаси топширилди.
Шу билан бирга, қарорда мутасадди муассаса, ташкилотлар раҳбарлари томонидан таълим муассасаларини жорий ва капитал таъмирлаш бўйича 2018 йил дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш ва мутасаддиларга тақдим қилиш, ташкил этилган иш ўринларини ҳисобга олиш, йўналишлар ва ҳудудлар кесимида янгидан ташкил этилаётган иш ўринлари тўғрисидаги кўрсаткичларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари, ҳарбий хизматдан ва чет давлатлардан қайтган фуқароларимизни ишга жойлаштириш чораларини кўриш ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари билан дастур ижроси юзасидан ҳамкорликда ишлашга доир аниқ вазифалар белгиланди.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири,
Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Тошкент вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши тизимида ўқув-семинарлар ташкил этиб келинмоқда....
01 янв 1970
Сайловчиларнинг ишончи оқланаяптими? Электорат манфаати қандай ҳимоя қилинмоқда?...
01 янв 1970
Юртимизда кексаларни ардоқлаш ва ўтганларнинг хотирасини ёд этиш билан боғлиқ қадрият асрлар давомида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда.&...
01 янв 1970
Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон ...