Жарималар миқдори ўзгармаган

/
Шу кунларда турли ижтимоий тармоқларда ва айрим оммавий ахборот воситаларида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори жорий йилнинг 1 августидан бошлаб бир неча баробарга оширилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганлиги кузатилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этишни истардикки, айрим ижтимоий тармоқларда қайд этилганидек, “оширилаётган” жарималар миқдори ҳақиқатга тўғри келмайди. Улар шунчаки ФЕЙК, яъни ёлғон хабар, шунинг учун бундай хабарларга юртдошларимиз асло ишонмаслиги лозим.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ белгиланади. Ушбу кодекснинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи моддаларига сўнгги маротаба 2019 йил 23 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-542-сонли қонун билан ўзгартиришлар киритилган бўлиб, улар бугунги кунда ҳам амалда қўлланилиб келинмоқда. 2019 йил 1 августдан бу борадаги жарималар ўзгариши белгиланмаган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган жарималар энг кам иш ҳақига боғлаб қўйилган. Энг кам иш ҳақи ошган сари жарималар ҳам ошиб бориши табиий. Хусусан, 1 августдан бошлаб, энг кам иш ҳақи 10 фоиз оширилган. Демак, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳам шу санадан бошлаб 10 фоизга ошади, холос. Яъни, мисол учун, хавфсизлик камарини тақмаганлик (125-модда, биринчи қисм) учун жарима жазоси бугунги кунда 101 365 сўмни ташкил қилса, 1 августдан бошлаб 111 500 сўмдан иборат бўлади. Ижтимоий тармоқларда эса ушбу жарима миқдори 223 000 сўмгача миқдорни ташкил қилади, деб нотўғри маълумот тарқатилмоқда. Шунингдек, бир йил давомида такроран транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан фойдаланганлик (1281-модда, иккинчи қисм) учун жарима жазоси бугунги кунда 810 920 сўмни ташкил қилса, 1 августдан бошлаб 892 000 сўмдан иборат бўлади. Интернет тармоғида эса ушбу жарима миқдори ҳам 1 115 000 сўмни ташкил қилади, деб ёлғон маълумот тарқатилган.
Бундан кўринадики, юртдошларимиз баъзи ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган юқоридаги каби ёлғон ахборотларга ишониб қолмаслиги, амалдаги қонунчилик меъёрларига солиштириб кўриши ёки мутахассислардан сўраб, аниқ маълумотга эга бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шайхонтоҳур тиббиёт коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар ҳамда Шайхонтоҳур туман кенгаши ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилд...
01 янв 1970
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтад...
01 янв 1970
Ўзбекистонда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда....
01 янв 1970
Сиёсий партия сафларининг жипслашганлиги унинг ҳар бир тузилмаси, фаоллари ўз олдига қўйган мақсадларини ҳамжиҳатликда рўёбга чиқаришида муҳим ўрин...