Муаммолар ўрганилмоқда мутасадди идоралар масъулияти ортмоқда

/
Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ҳар ойда ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, одамларнинг дарду ташвишлари, уларни қийнаётган муаммоларни яқиндан ўрганаётганлиги фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар бир қатор туманлардаги маҳаллалар, хонадонларда фуқаролар билан суҳбатлашиб, аниқланган муаммоларни қонуний тартибда ҳал этиш чора-тадбирларини кўришмоқда. Шу билан бирга, мазкур мулоқотлар пировардида турли даражадаги давлат бошқаруви идоралари, корхона ва ташкилотларнинг фаолияти устидан парламент назоратини самарали ташкил этишда ижобий таъсир кўрсатмоқда.
СУРХОНДАРЁ.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ушбу мулоқотларда фаол иштирок этиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, ҳудудларда муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш, жойларда парламент назоратини кучайтириш борасида иш олиб боришмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров ҳамда фракция аъзолари Даврон Тангиров, Ёрмамат Холиёров Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, корхоналарда ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашишди.
Фракция раҳбари Наримон Умаров тумандаги “Мурувват” ногирон аёллар учун интернат-уйида бўлиб, ушбу маскандаги ишчи-хизматчилар, шифокорлар ҳамда даволанувчилар билан суҳбатлашди. Туман марказидан 30 километр узоқликда, тоғли ҳудудда жойлашган мазкур “Мурувват” интернат-уйи 300 ўринга мўлжалланган, айни пайтда 204 нафар 1-2-гуруҳ ногиронлари истиқомат қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ўтган 2016 йилда “Инвестиция дастури”га асосан ушбу масканда 8 миллиард 547 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган ва даволанувчиларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
— “Мурувват” уйининг умумий ер майдони 3,8 гектарни ташкил этади, унинг 1,15 гектарида мевали, манзарали боғлар ташкил этганмиз, — деди “Мурувват” интернат-уйи директори Абдурайим Холиқов. — Шу билан бирга, иккита иссиқхона мавжуд бўлиб, уларда етиштирилган сабзавот, мевалар шу ерда истиқомат қилувчи беморларга берилади.
Наримон Умаров имкониятлардан унумли фойдаланиш, иссиқхоналарни кенгайтириш ҳақида таклиф билдириб, муассасада даволанувчилар учун шарт-шароитларни янада яхшилаш хусусида сўз юритди.
— Сариосиё тумани вилоятнинг тоғли ҳудуди саналиб, иссиқ кунларнинг келиши ҳам бироз кечроқ кузатилади, — деди Н.Умаров. — Шуни назарда тутганда “Мурувват” уйида иситиш тизими нега ишламаяпти, деган савол туғилади. Хоналар анча совуқ. Шундай экан, камида яна 15-20 кун иситиш тизимини ишлатиб туриш керак.
“Мурувват” интернат-уйи раҳбари ва масъул ходимлари бу фикрни маъқулладилар, бу борада об-ҳаво шарт-шароитига қараб зарур чоралар кўриладиган бўлди.
Партия фракцияси раҳбари Наримон Умаров “Тўпаланг” сув омбори ва ҳудудда жойлашган “Тўпаланг” ГЭС ҳамда “Шўртан нефтгаз-текстель” унитар корхонасида ҳам бўлиб, ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди, улар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ўзаро мулоқот жараёнида, “Шўртан нефтгаз-текстель” унитар корхонаси раҳбари Тўлқин Хидиров корхонада замонавий технологиялар воситасида халқаро бозор талабларига жавоб берадиган пайпоқлар тайёрланаётганини таъкидлар экан, маҳсулотни экспорт қилиш масаласида депутатдан амалий ёрдам сўради.
— Шунингдек, ички бозорда ҳам корхона ўз ўрнини мустаҳкамлаши учун вилоятнинг Денов, Ангор туманлари ҳамда Термиз шаҳрида корхона шохобчаларини очишни мақсад қилганмиз, — деди Тўлқин Хидиров. — Аммо бу борада ижобий натижаларга эришиш бироз қийин кечмоқда. Шу масалада амалий ёрдам кўрсатсангиз, айни муддао бўлар эди. Чунки бу хайрли режаларимизнинг рўёбга чиқиши, аввало, корхонамизнинг тўла ҳажмда ишлашини таъминлайди. Шунинг баробарида биз аҳолига сифатли ва арзон маҳсулот етказиб бериш имконига эга бўламиз. Яна бир муҳим жиҳати, янги иш ўринлари очилиб, бандликни таъминлашга кўмаклашамиз.
Наримон Умаров ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ўртага ташланган таклифни рўёбга чиқариш, муаммоларга тез орада ечим топишнинг қонуний чора-тадбирларини кўришини билдирди.
АНДИЖОН.
Олий Мажлиснинг қуйи палатаси депутатлари ҳамда сенаторлар Избоскан туманида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқда. Фуқаролар билан очиқ мулоқотлар, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш баробарида уларнинг ечимини топишга эътибор қаратилмоқда. Бу айни вақтда сайловчиларда вакиллик органларига бўлган ишончни оширади.
Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзоси Муҳаррам Дадаходжаева бошчилигида маҳаллий Кенгаш депутатларининг “Эркин” қишлоғидаги “Куйганёр” ва “Урганжи” маҳаллаларида ўтказилган мулоқотлар амалий натижалари билан аҳамиятли бўлди. Дастлаб маҳаллалар гузарида ўтказилган учрашувларда давлатимизнинг бугунги сиёсати, инсон манфаатига бўлган эътибор ва миллий қонунчилигимиздаги ўзгартишлар, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ва уларнинг ижроси хусусида сўз юритилди.
Хонадонларда кечган суҳбатлар фуқароларни халқ вакиллари билан янада яқинлаштирди. Улар ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ баён этиш билан бирга давлатимизнинг бугунги сиёсатидан, амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини билдирдилар.
— Халқимиз турмуш фаровонлигининг яхшиланиб бораётганидан хурсандмиз, — дейди фуқаро Мансурбек Мадраҳимов. — Айниқса, тадбиркорликка бўлган эътибор ва яратилаётган имкониятлар юртдошларимизни изланишга, ташаббусга бошлайди. Имкониятлардан фойдаланиб “Миллийбанк”нинг молиявий кўмаги асосида томорқамизда иссиқхона ташкил этдик. Ҳозирда томорқада етиштирилган кўкатлар даромад келтирмоқда. Энг муҳими, оиламизда икки киши ишли бўлди.
Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. 1964 йилда туғилган фуқаро Матлубахон Қўчқорова зах чиқаётгани боис ҳовлисидаги экин майдонидан фойдалана олмаётгани ҳақида мурожаат қилди. Депутат бу масалада тумандаги масъул ташкилотларга мелиорация ишларини амалга ошириш, зовурларни қазиш таклифини билдирди. Шу куннинг ўзида иш бошлаб юборилди.
Фуқаро Алишер Турғуновнинг оиласи кам таъминланган, фарзандининг бетоблиги уни кўпдан буён қийнаётганди. Депутат аралашуви билан бу муаммо ҳам ечилди. Туман тиббиёт бирлашмаси оила аъзоларини соғломлаштириш мақсадида тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Депутатларнинг кун давомида 20 та хонадонда бўлиши ўндан ортиқ муаммоларнинг ҳал этилишига олиб келди.
— Хонадонларга кириб, сайловчилар билан очиқ суҳбатлашаяпмиз, — деди М.Дадаходжаева. — Жойларда юзага келаётган муаммолар, аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар ҳақида очиқ-ойдин фикрлашдик. Муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал қилинмоқда. Қайси хонадонга кирмайлик, ташаббускорлик, оила фаровонлигини таъминлаш учун саъй-ҳаракат кўзга ташланмоқда. Фуқаролар келажакка ишонч билан қараётганидан хурсанд бўлдик.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур тадбирлар парламент вакилларининг жойларда қабул қилинаётган қонунлар ижроси билан яқиндан танишиши, аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишида муҳим аҳамият касб этади.
САМАРҚАНД.
Парламент аъзоларининг маҳаллалардаги хонадонларга ҳар галги ташрифи турмуш муаммоларини енгиллаштиришга, коммунал, маиший хизмат, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этишга ёрдам бермоқда. Муҳими, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари раҳбарларининг фуқаролар олдидаги масъулиятини оширмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвоновнинг Пастдарғом туманидаги қатор маҳаллаларда фуқаролар билан ўтказган мулоқотлари ижтимоий соҳадаги талайгина муаммоларни жойида ҳал қилишга қаратилганлиги ва бу ишга мутасадди идоралар раҳбарларининг фаолияти депутатлик назоратига олинганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда.
Депутат билан мулоқот чоғида тумандаги “Сазоғон” маҳалласида яшовчи фуқаро Наргиза Мейлиева коллежни битирган ёшларни иш билан таъминлашда қийинчилик туғилаётгани, хусусан, унинг ўзи тикувчилик цехи очишга ҳаракат қилиб, бирор натижага эришолмаганини баён қилди. Маҳаллада истиқомат қилувчи яна беш нафар фуқаро бу фикрни қувватлаб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда ёрдам кўрсатилишини сўрашди.
Депутатнинг шу маҳаллада яшовчи фуқаролар — Жамил Ёқубов, Норхол Тўхтаева, Насиба Облоқулова, Мансур Исмоилов ва Ихтиёр Болтаев билан мулоқоти чоғида бу бешала хонадон эгасининг ҳар бири “Агробанк”нинг туман бўлими томонидан парранда сотиб олиш учун ваъда қилинган кредит маблағларини ололмаётганликларини маълум қилишди. Банк ходимлари мазкур фуқаролар билан шахсан учрашиб, уларни кредит шартларидан хабардор этишгани, кредит сўровчилар эса шартнома шартларига рози бўлишганига қарамай, молиявий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳамон ҳал этилмаган. Нега? Депутатнинг ушбу тижорат банкининг туман бўлими раҳбари номига киритган депутатлик сўрови муаммони тезда аниқлаб, зарур чора белгиланишига қаратилди.
Маҳаллада истиқомат қилувчи ўн бир нафар фуқаро яшаш жойларида ичимлик сув таъминотидаги мураккабликлар, “Сув-оқава” корхонаси раҳбарлари эса муаммодан хабардор бўлишса-да, уни ҳал этишга шошилмаётганини баён қилишди.
Мазкур масала юзасидан ҳам мутасадди идора раҳбарларига аҳволни ўнглаш ва хизмат кўрсатишни аниқ техник имкониятларга асосланган ҳолда тизимли йўлга қўйиш бўйича депутатлик сўрови киритилди.
Партия фракцияси аъзоси Алишер Махматмуротовнинг тумандаги “Мустақиллик”, “Пахтакор” маҳаллаларида аҳоли билан ўтказган мулоқотлари ҳам самарали бўлди.
Жумладан, “Пахтакор” МФЙга қарашли “Мевали” қишлоғида 40 хонадон, “Исломобод” қишлоғида 30 хонадон табиий газ тармоғига уланган бўлишига қарамай, уларга газ тақсимоти бўйича босим етарли эмаслиги, 710 та хонадон эса суюлтирилган газ баллонларидан қиммат нархларда фойдаланишаётгани, хусусан, фуқаролар Ибрагим Нурдуллаев, ўанишер Элмуродов, Темур Назаров битта тўлдирилган газ баллонига 7400 сўм тўланиши қатъий белгилангани ҳолда газ таъминотчиларига 12 минг сўмдан пул тўлашганини баён қилишди. Тўловни пластик карточка орқали амалга ошришга эса газ идораси ходимлари рад жавобини беришган.
Депутат мазкур ҳолат бўйича туман газ таъминоти, давлат солиқ инспекцияси раҳбарларига депутатлик сўрови киритиб, тўлов ва таъминот масаласини адолатли ҳал этиш бўйича депутатлик назорати ўрнатди.
“Пахтакор” маҳалласидаги 104-умумтаълим мактабида ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар етарли эмаслиги ҳам депутат А.Махматмуротовнинг эътиборидан четда қолмади. Ота-оналар билан мулоқот чоғида мактабнинг 4 та синфхонаси деворларида ёриқлар борлиги, ўқув даргоҳида спорт зали қурилмаганлиги, дарслар 2 сменада ўтказилиши маълум бўлди. Хусусан, ота-оналардан бири — Санобар Мейлиева ўғли 5-синф ўқувчиси Жаҳонгирнинг айтишига кўра, инглиз тили бўйича мактабда машғулотлар ўтилмаслигини баён қилди.
Депутат А.Махматмуротов шу ерда ҳозир бўлган халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими услубчиси Алишер Исаев билан биргаликда аниқланган барча камчиликларни мутасадди раҳбарлар эътиборига етказиш ва белгиланган муддатда ҳал этиш бўйича депутатлик назорати ўрнатишини маълум қилди.
НАМАНГАН.
Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш юзасидан иш олиб боришлари Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил ҳисобланади.
Парламент назоратининг ўзига хос кўриниши бўлган бундай тадбирларда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам фаол қатнашмоқдалар. Мисол учун, Наманган вилоятини олсак, бу ерда февралда Чуст, мартда Уйчи туманларидаги ҳолат диққат марказида бўлди. Апрель ойида эса депутатлар ва сенаторлар Тўрақўрғон туманида ўрганишлар олиб боришмоқда.
— Бу ерда иш бошлаган ишчи гуруҳ таркибида Қонунчилик палатасининг саккиз нафар депутати ва икки нафар сенатор бор, — дейди парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов. — Бизга шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, маҳалла фаоллари ҳам катта ёрдам беришмоқда. Ҳар куни бир неча хонадонда бўлиб, фуқаролар билан мулоқот олиб борилмоқда. Уларни ташвишлантираётган муаммолар, ҳаётнинг турли соҳаларида учраб турадиган камчиликлар атрофлича ўрганилмоқда. Иложи борича масалаларни жойида ва қисқа муддатда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Вилоят ёки мамлакат миқёсида ҳал этиладиган муаммолар эса назоратга олинмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб “Оқтош” маҳалласида яшовчи Абдулаҳад Мўминов хонадонида бўлишди. Мезбон ўз ҳовлисидаги иссиқхонадан чиқиб келди. Гуллаб турган бодомлар, улар остида кўм-кўк бўлиб унган сабзавот экинлари унинг миришкор деҳқон эканлигидан далолат бериб турибди. Иссиқхонада помидор ва бодринг кўчатлари етиштирилаётган экан. Кунлар исиб кетиши билан улар очиқ майдонларга экиш учун деҳқонларга сотилади.
— Юртимизда тинчлик ва хотиржамлик ҳукмронлигидан, бунёдкорона меҳнат учун барча шарт-шароитлар яратилганидан хурсандман, — дейди А.Мўминов. — Чунки ўтган асрнинг саксонинчи йилларида афғон урушида қатнашиб, тинчликнинг қадри қандай бўлишини англаб етганман. Боз устига ҳозир хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари етарли. Шунинг учун боғ ва иссиқхонада тинмай меҳнат қиламан. Оила аъзоларим ҳам ёрдам бериб туришади. Даромад ёмон эмас, рўзғорга етиб турибди. Икки ўғлим бор, бири тикувчилик, иккинчиси эса тўқимачилик корхонасида меҳнат қилади.
Ҳусанбой Холиқов хонадонида ҳам ёрдамчи хўжалик оилага яхши фойда келтирмоқда. Бу ерда асалари боқиш борасида яхши тажриба тўпланган. Ҳар йили бир тонна атрофида шифобахш маҳсулот етиштирилади. Ҳовлидаги мевалардан, узумдан ҳам яхши ҳосил олинади.
Аммо беш қўл баравар эмас деганларидай, “Юқори Мўғултой” маҳалласида яшовчи Нишонбой Мўминов хонадони кам таъминланганлар сирасига киради.
Чунки отахон кўп йиллардан бери нафақа билан кун кечиради. Яшаб турган уйи ҳам таъмирталаб бўлиб қолган. Ишчи гуруҳи аъзолари масалани маҳалла фуқаролар раиси Муҳсиддин Қобилов олдига қўйдилар. М.Қобилов маҳаллада саховатли тадбиркорлар борлигини таъкидлаб, кекса отахоннинг уй-жойини тартибга келтириш учун улар билан биргаликда иш кўришга ваъда қилди.
“Оқтош” маҳалласида яшовчи фуқаро Валижон Абдуллаев эса “Осойишта” ва “Навоий” кўчаларида ичимлик суви таъминоти ўз вақтида бўлмаётганини билдирди. Электр тармоғидаги кучланиш пастлиги ҳам маиший асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконини бермайди. Туман электр тармоқлари корхонасига қилинган мурожаатлар эса жавобсиз қолмоқда. Ҳудуддаги кўчаларни асфальт қилиш тўғрисида ҳам ўйлаб кўрилса, ёмон бўлмасди.
Ишчи гуруҳи аъзоларининг “Оқтош” маҳалласида яшовчи тадбиркор Алишер Шерматов билан суҳбати кичик бизнесни ривожлантириш ва аҳоли бандлиги ҳақида бўлди. Маълум бўлишича, у ўзи раҳбарлик қилаётган “Axsikent oil” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини кенгайтириш мақсадида лойиҳа ишлаб чиққан. У Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини юксалтиришни кўзда тутувчи дастурга ҳам киритилган. Бироқ камида қирқта янги иш ўрни яратиш имконини берадиган, кўмир брикетлари, эшик-ром, мебель, мева-сабзавот учун қутилар тайёрлайдиган ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш учун туман ҳокимлиги томонидан ўтган йилдан бери ер майдони ажратиб бериш масаласи ҳал этилмай келинмоқда. Ҳолбуки, тадбиркор бунинг учун тегишли ускуналарни келтириб қўйган. Уларнинг ҳануз омборда чанг босиб ётгани ачинарли.
— Бу масала ҳам ишчи гуруҳи томонидан эътиборга олинди, — дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Муқаддас Ахматова. — Бу муаммо туман кенгаши сессиясига тайёрланадиган маърузага киритилади. Ахир, тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида шунча гап бўлса-ю, қай бир мансабдор шахснинг арзимаган баҳонаси оқибатида тадбиркор ўз ғоясини амалга ошира олмаса. Бундай ҳолатларга чек қўйиш лозим.
Шу куни ишчи гуруҳи аъзолари элликдан ортиқ хонадонда бўлиб, аҳоли билан мулоқот ўтказдилар. Аниқланган муаммо ва камчиликлар, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар таҳлил қилинди. Уларнинг ҳар бирига муносабат билдириш, зарур чора-тадбирлар кўриш белгилаб қўйилди.
Юзма-юз мулоқотлар давом этмоқда.
Мақсуд ТЎРАЕВ,
Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби,
Акбар НАЗАРОВ, Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ, Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбирлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси л...
01 янв 1970
13 сентябрь куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳ...
01 янв 1970
Маълумки, Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди....
01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир сиёсий партиянинг фаолияти ҳақида сўз борар экан, энг аввало, фуқаролар унинг депутатлари олиб бораётган ишларга қараб баҳо берад...