Партиядошимиз “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори

/
Ёш спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари ҳақида ўқиб-эшитиб, ғурурланамиз. “Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида каратэ бўйича ўтказилган нуфузли халқаро турнир якунланди. Ушбу мусобақада Осиёнинг ўн етти мамлакатидан энг кучли каратэ усталари ғолиблик учун куч синашди. Халқаро турнирда 67 килограмм вазн тоифасида қатнашган ўзбек каратэчиси Сарвар Муродуллаев Индонезия, Хитой, Эрон ва Малайзия вакилларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди”, “Мамлакатимиз каратэчилари Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ўтган «Kamagata Cup» халқаро турнирида саккиз медални қўлга киритди. Мусобақанинг яккама-якка беллашувида Отабек Мамбетов, Азиз Ваққосжонов ва Сарвар Муродуллаев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида Мафтуна Тўрақулова ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди”.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилиб ўсган истеъдодли спортчи Сарвар Муродуллаевнинг ютуқлари ҳақидаги бундай хабарларни матбуот саҳифаларида тез-тез ўқиб турамиз. Бугунги кунда у мамлакат терма жамоаси аъзоси, қатор халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Сарвар бир неча йилдан буён Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаол аъзоларидан бири, у эришган ютуқлар барча сафдошларимизни ҳам беҳад қувонтиради, албатта.
Айни пайтда Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг тўртинчи босқичида таҳсил олаётган Сарвар Муродиллаевнинг ҳаётида яқинда яна бир қувончли воқеа рўй берди. Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ ёшлар қатори Сарвар ҳам “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
— Сарвар “Ёш адолатчи”лар қанотининг ташаббускор аъзоларидан бири. Партия ташкилотларимиз томонидан ўтказилаётган турли тадбирларда фаол қатнашади, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Дилшод Болтабоев. — Жойларда очиқ мулоқотлар чоғида у йигит-қизларга ўзининг ўқиш ва спортдаги ютуқлари ҳақида сўзлаб беради. Уларни ҳам меҳнатда, ўқишда, жамоатчилик фаолиятида фаоллик кўрсатишга ундайди.
Шу ўринда кейинги пайтда наманганлик партиядошларимиз орасида турли спорт мусобақаларида Ватанимиз байроғини юқорига кўтараётган ёшлар сони ортганини таъкидлаш жоиз.
— Бундай юксак мукофот билан тақдирланганим, албатта, мени янада кўпроқ изланишга, яхши ўқишга, спортда маҳоратимни оширишга даъват этади, — дейди “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори Сарвар Муродиллаев. — Билдирилган ишончга муносиб бўлиш учун барча имкониятларимни сафарбар этиб, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрўси ошишига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганман.
Биз ҳам она юртимизга фидойилик, мардлик билан хизмат қилиб, Ватанимиз шаънини дунёга тараннум этишга бел боғлаган, ёшларга ибрат кўрсатаётган сафдошимиз Сарварга эзгу мақсадларига эришишда муваффақият тилаймиз.
Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси – таълим ва фан соҳаси исл...
01 янв 1970
Шу кунларда ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Адолат билимдони” республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари в...
01 янв 1970
Шайхонтоҳур тиббиёт коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар ҳамда Шайхонтоҳур туман кенгаши ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилд...