Каттақўрғонда санъат, спорт ва китобхонлик байрами

/
Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида илгари сурилган беш ташаббус нафақат ёшларимиз, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бугунги кунда ушбу ташаббуслар ижроси бўйича ҳар бир ҳудудда туркум тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Ёшлар камолоти учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган ушбу муҳим ташаббусларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, партия депутатлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Куни кеча Каттақўрғон туман партия кенгаши ташаббуси билан тумандаги 73-умумтаълим мактабида спорт, санъат ва китобхонликни ўзида жамлаган тадбирлар бўлиб ўтди.
Унда ёшлар билан бир қаторда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Самарқанд вилоят партия кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, устозлар, мактабнинг собиқ ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.
Тадбир давомида дастлаб спортнинг волейбол тури бўйича “Адолат” СДП соврини учун ўқувчи-ёшлар ўртасида мусобақа ташкил этилди. Ўтказилган тадбирда юртимизда ёш авлоднинг баркамол бўлиб вояга етиши, шу билан бирга, уларнинг бўш вақтдан унумли фойдаланишига имкон яратиш, уларни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб тарбиялаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Қизғин беллашув ва ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлган мусобақа якунида иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг туман партия кенгаши қошида тузилган “Истеъдод клуби” аъзолари шеър ва куй-қўшиқлари, саҳна кўринишлари билан йиғилганларга ўз иқтидорини намойиш этишди. Ватанга бўлган муҳаббат, ёшлик беғуборлиги, оила муқаддаслиги каби мавзулар бу чиқишларнинг асосий мазмунини ташкил этди.
Санъат байрами китобхонлик кечасига уланиб кетди. Ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш ҳамда уларнинг билимли, малакали кадр бўлиб улғайишига улуш қўшиш мақсадида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда юртимизда китобхонлик маданиятини оширишга, китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинганини таъкидлашди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг бири ёшлар ўртасида китобхонликни, китоб ўқиш маданиятини кенг тарғиб этиш, бўш вақтининг мазмунли ўтишини таъминлашдан иборатдир.
Тадбирда сўзга чиққан фахрийлар ўзларининг ўқувчилик йилларида китобга бўлган меҳр-муҳаббати, мактабда устозларидан олган сабоқлари ҳақида сўзлаб, ёшликда олган билимлари ҳамон ҳаёт йўлларини ёритаётганини айтиб ўтишди. Ёшлар ва мактаб ўқитувчилари учрашувда иштирок этган меҳнат фахрийлари — ёши улуғ устозларга миннатдорлик билдиришди.
Тадбир доирасида Абдукамол Раҳмонов шахсий кутубхонасидаги 400 дан ортиқ китобларни мактаб кутубхонасига тақдим этди.
— 661 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган мактабимизда ташкил этилган бугунги тадбир ўқувчилар ёдида узоқ вақт қолиши шубҳасиз — дейди мактаб директори Илҳом Бегматов. — Уларнинг чақнаб турган кўзларига боқиб беш ташаббуснинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаганини билиш қийин эмас. Айниқса, тақдим этилган бадиий ва ҳуқуқий адабиётлар, маънавий-маърифий йўналишдаги китоблар туфайли кутубхонамиз ҳам сон жиҳатдан, ҳам сифат жиҳатдан бойиганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу эса бизга, айниқса, ўқувчиларга катта қувонч бағишлади.
Учрашувда ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва уларда қонун ҳужжатларига ҳурмат ҳиссини шакллантириш, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида “Ватан келажаги — билимли ва маънавиятли ёшлар қўлида” номли викторина ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга китоблар жамланмаси туҳфа этилди.
Шунингдек, партиянинг вилоят ҳамда Каттақўрғон туман кенгашлари фаоллари билан биргаликда туман марказий шифохонасида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга китоблар тўплами ва совғалар тақдим қилинди.
Лола САЙИДОВА,
Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
МИБнинг ижро дафтарини ким назорат қилади? ёки Пастдарғомда суднинг ҳал қилув қарори асосидаги қонун талаблари нега бажарилмаганлиги хусусида...
01 янв 1970
Томорқадан фойдаланиш маданиятини ошириш бўйича Тошкент вилоят ва туман ҳокимларининг қарорлари қабул қилинди....
01 янв 1970
Яқинлашганингиз сайин сиздан узоқлашиб борадигандек таассурот уйғотадиган қорли чўққилардан қувват олиб яшил водий сари чопқиллаб бораётган жилғала...
01 янв 1970
Депутатлик гуруҳимиз томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.