Яшиллик бағрида яшамоқ бахти

/
Яқинлашганингиз сайин сиздан узоқлашиб борадигандек таассурот уйғотадиган қорли чўққилардан қувват олиб яшил водий сари чопқиллаб бораётган жилғаларнинг дам ҳорғин, дам шодон куйлашини эшитганмисиз? Дайди шамоллар йўлига қалқон бўлиб лашкардек саф тортиб чиққан мовий қарағайларнинг беланчакдек тебраниб алла айтишларини-чи? Ҳар баҳор қирмизи либосларда товланадиган лолақизғалдоқлар ёз келиши билан қовжираб қоладиган тоғ этакларини нега манзилу макон этган?
Бу ҳикматларнинг барчасини илғаб олиш учун инсон, энг аввало, она табиатнинг чинакам фарзанди бўлмоғи, унинг ҳар бир шивирлашлари-ю огоҳликка ундовчи ишораларидан хабар топиши даркор. Ўрмончилик соҳасида салкам ярим аср баракали, сермазмун фаолият юритган самарқандлик Баён ака Хуррамов ана шундай фидойи, иборали қилиб айтганда, Хизр назари тушган инсонлардан бири эди.
Вилоятдаги “Дарғом” давлат ўрмон-ишлаб чиқариш корхонасини бошқариб, юзлаб гектар майдонда ўрмонзор, боғ-роғлар барпо этган, етти иқлимда ўсадиган анвойи дов-дарахтларни маҳаллий иқлимга мослаштириб, кўпайтира олган бу заҳматкаш инсоннинг эзгу ишларини бугун фарзандлари сабот билан давом эттиришмоқда.
Ўрмончилик соҳасида етук мутахассис, ота касбини, тажрибасини пухта ўзлаштириб олган Ойбек Хуррамов билан илк суҳбатимиздаёқ унинг оила сулоласининг муносиб давомчиси эканлигини пайқаб олдик.
— Қирқ турдан ортиқ ноёб дарахт ва буталарнинг кўчатларини етиштириш, кўпайтириш билан шуғулланаяпмиз, — дейди Ойбек Хуррамов. — Улар орасида оқ қайиндан тортиб, мовий қарағай, лола дарахти, Тяншань қарағайи, Хитойдан келтирилган павлония, япон сафораси ва қалам дарахтигача бор. Буларнинг барчаси юртимиз табиати учун, экология ва кўкаламзорлаштириш учун зарур саналади.
Дарвоқе, атиги саккиз йилда вояга етиб, улкан дарахт шаклини оладиган павлониянинг хосияти беҳисоб. Унинг ёғочи нафис, пишиқ, жилвадор бўлгани боис мебелсозликда, автомобилсозликда кўп ишлатилади. Барги йирик, зарарли газларни ютиб, кислородни кўп ажратади. Чиройли гулларида нектар миқдори одатдагидан икки-уч ҳисса ортиқ бўлгани боис асалариларни ўзига чорлайди. Павлонияни шаҳар атрофидаги йўл ёқаларида экиб, ўстириш ажойиб самара беради.
Ойбекнинг таъкидлашича, шу каби ҳар жиҳатдан фойдали дарахт кўчатларидан Самарқанду Бухорога, Хоразм ва Қорақалпоғистонга ҳар йили 250 минг туп етказиб берилмоқда. Айниқса, тузли қум кўчкилари учиб юрадиган Оролбўйи ҳудудидаги саноат корхоналари ва аҳоли истиқомат жойлари атрофини кўкаламзорлаштиришда Самарқандда етиштирилаётган кўчатларга эҳтиёж катта.
Шу боис “Дарғом” ўрмончилари, боғбонлари доимо янги мақсад, режаларни қалбга тугиб, юрт ободончилиги йўлида бунёдкорона меҳнат қилмоқдалар.
— Кўз билан кўрмасангиз мен айтган саховат маскани тошлоқ жойда барпо этилганига ишонмайсиз, — дейди ўрмончи Субҳон Абдусаломов. — Самарқанднинг яшил дарвозаси ҳисобланадиган Чўпонота қирида беш гектарлик бодомзор, пистазор яратдик. Экин экилмасидан илгари бу жой чиқиндихонага айланиб, ундан табиатга зарар етаётган эди. Майдонларни тозалаб, тошларни чиқариб, ерости қудуқлари қазиб бўлса-да, шу хайрли ишнинг уддасидан чиқдик, Чўпонотага янги ҳаёт бағишланди. Бугун бу ерда нафақат бодом, писта, балки венгер арчаси, павлония, оқ қайин, Қрим қарағайи ҳам парваришланмоқда.
Уч юз гектардан ортиқ майдонни эгаллаган “Дарғом” ўрмончилик корхонасининг фаолияти серқамров. Бу ерда мева етиштириш, асалари парваришлаш, доривор гиёҳларнинг гул ва баргларини йиғиш билан шуғулланишади. Ўтган йили ўрмончилар фармацевтика саноати учун 42 тонна доривор ўсимликлар ва ноёб мевалар етиштириб беришди. Улар орасида унаби, топинамбур, тирноқгул, мойчечак, наъматак сингари шифобахш ўсимликлар борки, ҳар бири инсон саломатлиги учун беқиёс аҳамият касб этади.
— Демак, инсон табиат фарзанди бўлгани боис дардга чалинганида шифосини ҳам даставвал табиат бағридан излашимиз лозим, — дейди ўрмончи Мардон Ўтамуродов. — Бунинг учун эса табиий шароитда ўсадиган, фақат бир жойнинг иқлимига хос доривор ўсимликлар майдонини асрашимиз, кенгайтиришимиз ва оқилона фойдаланишимиз лозим.
Ҳа, “Дарғом” ўрмон корхонасидагилар инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни йўқотмаган ҳолда фикрлашга, хулоса чиқаришга одатланишган. Бу эса Самарқанд табиатининг янада гуллаб-яшнашига, боғ-роғлар, ўрмонзорлар кенгайишига хизмат қилмоқда. Зотан, яшил олам бағрида яшамоқ бахтини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Миллий тараққиёт, ўзликни англаш, дунёга чиқиш ҳеч қачон ва ҳеч ерда силлиқ кечмаган. Бунинг боиси, дунё йўллари, бозор ва минбарлари аллақачон бўл...
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...
01 янв 1970
Шу кунларда Музработ туманидаги учта маҳаллада бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги фармони барча юртдошларимиз қатори менинг ҳам қалбимни тўлқинлантириб юборди....