Илм-фан равнақи йўлида

/
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга изчиллик билан ёндашилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда барча жабҳаларда тараққиёт илм-фан, технологик янгиликлар ва инновацион ғоялар асосида юзага келаётганини ҳаётнинг ўзи исботлаб бермоқда.
Шунинг учун, энг аввало, мамлакатимизда Фанлар академияси фаолияти такомиллаштирилди. Академия таркиби янги академиклар ҳисобига тўлдирилди. Жойларда унинг янги бўлимлари, илмий-тадқиқот институтлари, илмий марказлар ташкил этилди. Етук мутахассислар тайёрлаб берадиган янги олий ўқув юртлари ишга туширилди. Хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари иш бошлади. Касб-ҳунар ўқув масканларида таълим тизими такомиллаштирилди. Қолаверса, Фанлар академияси, унинг бўлимлари, илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртларининг моддий-техник базаси яхшиланди. Уларнинг аксарияти учун янги бинолар, иншоотлар қурилди, илмий лабораториялар барпо этилди. Бу лабораториялар турли зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бошқача айтганда, илм-фан соҳасини, олий таълим тизимини янада ривожлантириш учун барча имкониятлар, қулайликлар яратилди.
Лекин бу жараёнда ҳал қилиниши зарур бўлган яна бир жиддий масала — республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришни қайтадан кўриб чиқиш талаб этиларди. Бунинг сабаби бор эди. Негаки, мамлакатимизда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги илмий ва илмий-педагогик кадрларни тарбиялаб етиштириш салоҳияти бугунги кун талабларидан орқада қолган эди. Ёшлар орасида ҳам, илмий даражага эга бўлган олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар орасида ҳам илмий даражаларини оширишга интилиш сусайган эди. Бунинг асосида эса олимларнинг, профессор-ўқитувчиларнинг, илмий ходимларнинг ойлик иш ҳақларининг озлиги ва моддий манфаатдорлигининг камлиги каби масалалар ётарди. Моддий манфаатдорликнинг камлиги эса илмий ишларни тўла ва мукаммал равишда олиб боришга имкон бермасди. Шу билан бирга илмий-тадқиқот ва олий таълим даргоҳларида илмий унвонга эга ходимлар билан илмий унвонга эга бўлмаган ходимларга тўланадиган меҳнат ҳақининг фарқи 50 фоиздан ошмас эди. Масалан, илмий даргоҳда профессор-ўқитувчи 1,5 миллион сўм ойлик олса, стажёр 1 миллион сўм маошни қўлга киритарди. Бу эса моддий манфаатдорлик камлиги сабабли олимлар орасида ҳам, стажёрлар ўртасида ҳам илмий ишларни амалга оширишга рағбатни камайтирарди. Чунки профессор ойлиги камлиги сабабли илмий янгилик яратишга интилмаса, стажёр ойлиги унвонли олимдан кам бўлмаганлиги учун илмий янгилик яратишга қизиқмасди. Айни пайтда, бу жараён илмий ишларнинг савиясига ҳам жиддий таъсир кўрсатарди.
Ана шундай муаммоларни бартараф этиш, яъни илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг моддий манфаатдорлигини тубдан ошириш, айни пайтда, лавозимлар, илмий унвон ва даражалар ўртасидаги табақалашувни такомиллаштириш мақсадида мамлакатимиз Президенти шу йилнинг 5 апрелида “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини қабул қилди. Бу қарор ниҳоятда одиллик билан оқилона тарзда ишлаб чиқилган ҳужжат бўлди.
Қарорда иккита масалага алоҳида эътибор қаратилган. Биринчи масала асосида олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот муассасаларининг фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий техник дастурларини амалга ошириш ва инновация ишларида иштирок этаётган илмий ходимларнинг иш ҳақларини ўртача 25 фоизга ошириш масаласи кўзда тутилган. Расмий маълумотларга кўра, шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб мамлакатимиздаги 81 та олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимларининг базавий лавозим маошларининг ошиши белгиланган. Яъни таълим муассасаларининг 28100 та вакиллари, 8 мингта илмий тадқиқотчи ходимлар, 1900 та докторантлар, жами 38 мингдан ортиқ илм соҳасида фаолият юритаётганларнинг иш ҳақлари ошириладиган бўлди.
Қарор асосида олий таълим муассасаларидаги фан доктори бўлган профессорлар меҳнат ҳақи амалдаги 2,5 миллион сўм ўрнига 3,46 миллион сўмга етиши режалаштирилди. Илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори ёки профессор унвонига эга бош илмий ходимнинг меҳнат ҳақи 2,25 миллион сўм ўрнига 3,11 миллион сўм қилиб белгиланди. Бу, табиийки, олий таълим мутахассисларининг ҳам, тадқиқотчи олимларнинг ҳам илмий изланишларини кучайтиришга амалий ёрдам беради.
Қарорда кўзда тутилган иккинчи масала базавий лавозим маошларини табақалаштирилган ҳолда ошириб бориш билан боғлиқдир. Бунда табақалаштирилган базавий лавозим маошлари оширилиши олим ёки тадқиқотчи олимнинг эгаллаб турган лавозимидан, илмий унвон ёки даражаси борлигидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда стажёр билан профессор ўртасидаги базавий лавозим маошлари миқдори аввалги 50 фоиз ўрнига 100 фоизга, яъни икки бараварига оширилди. Ана шунда олий таълим тизимидаги стажёрнинг иш ҳақи 1,73 миллион сўмни, илмий-тадқиқот муассасасидаги стажёр-тадқиқотчининг маоши 1,55 миллион сўмни ташкил этади.
Булардан ташқари, қарорда олий таълимдан кейин ўқишни давом эттираётган тадқиқотчиларга ойлик иш ҳақи илмий унвони ёки даражаси бўлмаган кичик илмий ходимнинг базавий лавозим маош миқдорига тенг қилиб 1,76 миллион сўм, базавий докторантурада илмий тадқиқотларини давом эттираётганларга фан номзоди илмий даражаси ёки унвони бўлган етакчи илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорига тенг бўлган 2,2 миллион сўмлик стипендия тўлаш алоҳида кўрсатиб ўтилган. Умуман олганда, мамлакатимизда бу ишларнинг тўла амалга ошиши учун 73,8 миллиард сўм ажратилган.
Ушбу қарор республикамизнинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали таълим сифатини ва илмий фаолиятини ошириш, академик илм-фанни янада ривожлантириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ва натижадорлигини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчи олимларнинг ўз билимларини юксалтириб илмий янгиликларини яратиш, истеъдодли ёш олимлар, талабаларни илмий ишлар билан шуғулланишга жалб этиш борасида амалий ёрдам беради. Бошқача айтганда, юртимизда илм-фанни ривожлантиришда яна бир мустаҳкам замин яратилди.
Мирсодиқ ИСҲОҚОВ,
тарих фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб пухта ўйланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. ...
01 янв 1970
Аҳолига қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда....
01 янв 1970
Бирор воқеа ҳаётингизни тубдан ўзгартиришига, айниқса, ижобий томонга ўзгартиришига ишонсангиз, уни интизорлик билан кутасиз....
01 янв 1970
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади.