ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН: Асосий мақсад — халқ фаровонлиги

/
Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимиз шимолида жойлашган, ёзи жазирама иссиқ, қиши ўта совуқ ушбу ҳудуд ўзига хос иқлим шароитига эга. Қолаверса, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик муаммолар кўзга ташланиб турадиган ушбу ўлкада бугун 1 миллион 800 мингдан ортиқ аҳоли истиқлол инъом қилган имкониятларни ишга солган ҳолда янгиланишлар жараёнларига ҳисса қўшишга интилиб, тинч-осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда.
Гўзал ва навқирон Нукус шаҳри ҳамда 14 та туман марказларида мустақиллик туфайли бошланган бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари қизғин тус олган. Жонажон пойтахтимиз — Нукус шаҳри йилдан-йилга мутлақо янги қиёфа касб этиб бормоқда.
Кейинги йилларда Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари ҳам жадал ривожланмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи, аввало, халқ билан мулоқотнинг яққол амалий ифодаси сифатида қорақалпоғистонликлар қалбини тоғдек кўтариб, эзгу ният билан қилаётган меҳнатлари, бунёдкорлик фаолиятига янада куч-ғайрат бағишлади. Бу йил охири ҳам қувончли келди. Президентимизнинг бу галги ташрифи берилган топшириқлар ижросини кўздан ўтказишга қаратилди ва пойтахт Нукус шаҳри қиёфасининг янада кўркамлашуви, янги лойиҳалар асосидаги турар жойлар, хизмат кўрсатиш бинолари кад кўтариши учун асос бўлиб хизмат қилди.
Нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун мамлакатимизнинг фахри бўлган, дунёда “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат қозонган И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейининг муҳташам иккинчи корпуси қурилиб, юксак халқаро стандартлар асосида жиҳозланди ва фойдаланишга топширилди. Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейи биноси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Амир Темур номидаги истироҳат боғи, замонавий имкониятларга эга бўлган йирик спорт мажмуаси каби қатор бинолар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун муносиб совға бўлди.
Бугун кекса авлод вакиллари Нукус шаҳридаги Имом Эшон Муҳаммад жоме масжидининг реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганлигидан, бу маскан янада файзли, обод гўшалардан бирига айланганидан жуда мамнун.
Аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш масаласи доимо давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиб келмоқда.
Мамлакатимизда замонавий ва миллий архитектура талаблари асосида барпо этилаётган турар жой бинолари шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, айниқса, ёш ва кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир.
Сўнгги икки йил мобайнида Нукус марказида қад кўтарган янги уйлар ҳам ўзининг ҳар томонлама қулайлиги билан шаҳар аҳлини янада хурсанд қилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 13 январдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистонда ҳам қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Нукус шаҳрида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган 42 оилага уй-жойлар калитининг бепул топширилиши мамлакатимизда одамларнинг ҳаётдан розилигини таъминлаш йўлидаги изланишларнинг, эҳтиёжманд инсонларга бўлган юксак меҳр ва эътиборнинг яққол тасдиғидир.
Бир пайтлар Нукус халқаро аэропортининг меҳмонхонаси ҳисобланган бино кўп йиллар давомида қаровсиз қолган бўлиб, иншоотда кенг кўламли қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши натижасида яшаш учун барча шароитлар яратилгандан сўнг, кам таъминланган, ногирон ёки боқувчисини йўқотган, уй-жойга эга бўлмаган фуқароларга ёрдам тариқасида бепул берилди.
— Кўп йиллардан буён икки фарзандим билан ижарада яшардим, — дейди янги уйга кўчиб ўтган Айгул Отепова. — Болалигимдан иккинчи гуруҳ ногирониман. Етишмовчилик шароитида яшаб, уй олишимни тасаввур ҳам қилолмасдим. Давлатимиз ғамхўрлик кўрсатиб, биздай эҳтиёжманд фуқароларга бепул уй-жой қилиб берди. Бундай эзгу ишлардан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бундай хайрли ишларга йўл очган, бизга қайғурган давлатимиз раҳбарига, муҳтож кишиларга атаб уй-жой қурган қурувчиларга чин дилдан раҳматлар айтамиз.
Албатта, мана шундай дил сўзлари ортида ҳаётдан розилик, давлат амалга ошираётган ислоҳотларга ишонч ва дахлдорлик ҳисси мужассамдир.
Яқиндагина Нукус шаҳридаги “Қумбуз овул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳар бири 45 та хонадондан иборат 10 та уй-жойнинг фойдаланишга топширилиши, ушбу уйларга кўчиб ўтган ҳар бир хонадон аъзоларини беҳад хурсанд қилиб, ушбу оилаларда камол топаётган болажонлар учун бир олам қувонч ҳадя этди.
Ушбу уйлардан олтитаси ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги бўлган шахсларга бошланғич тўловларсиз берилгани алоҳида эътиборга моликдир.
2017 йил охирида шаҳардаги “Гоне қала” МФЙ ҳудудида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд фуқароларга 44 та хонадон бепул топширилди.
— Мамлакатимизда сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар барчамизни қувонтирмоқда, — дейди янги уй соҳиби Наргиза Ҳикметуллаева. — I гуруҳ ногирониман, уй-жой муаммоси мени доим қийнаб келган. Янги йил арафасида янги уйга кўчиб ўтишим ҳаётимдаги унутилмас, бахтли дамларимдан бўлди. Нафақат уй-жойли, балки ишли ҳам бўлдим. “Ўзпахтасаноат” уюшмаси ҳомийлигида тикув машинаси олиб берилиб, фермер-деҳқонларимиз учун зарур бўлган фартук ва бошқа керакли буюмларни тикиш билан машғулман. Барча яхшиликлар учун давлатимиздан жуда миннатдорман.
— Узоқ йиллар давомида 3 нафар фарзандим билан ижарама-ижара кўчиб юриб, уйсизликнинг оғир заҳматини бошдан кечирдик. Мендай I гуруҳ ногиронлиги бўлган кишига ижарама-ижара кўчиб яшаш оғир эди, — дейди янги уй соҳибларидан яна бири Ережеп Хабипов. — Қийинчиликдан халос бўлишимизга кўмаклашиб, бепул уй-жой билан таъминлаган давлатимиз ва раҳбарларимиз дунё тургунча турсин, деб дуо қиламан.
Бугун Нукусда, нафақат Нукусда, балки Қорақалпоғистоннинг барча нуқталарида инсон омилига ана шундай эътибор қаратилмоқда, уларга доимий ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бир томондан, ана шундай ғамхўрлик учун кўнгил тоғдай кўтарилса, иккинчи томондан, Нукуснинг янгиланаётган қиёфасидан қалбда ажиб бир фахр уйғонади.
Рахмет ИБРАГИМОВ,
халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати

Мамлакатимиз Президентининг шу йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи, бу ўлкада амалга ошириладиган улуғвор ишлар кўламининг белгиланиши барча қорақалпоғистонликлар қалбида фахр-ифтихор ҳисси билан биргаликда уларнинг дилида яратувчилик, бунёдкорлик туйғуларини ҳам уйғотди. Қуйида улардан баъзиларининг дил изҳорларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
— “Қорақалпоғистон” шаҳарчаси нафақат Қорақалпоғистон Республикасининг, балки бутун мамлакатимизнинг энг шимолий нуқтасида жойлашган аҳоли маскани ҳисобланади. Бу ерда уч мингдан ортиқ одам яшайди. Шуларнинг 70 фоиздан ошиғини ёшлар ташкил этади, — дейди шаҳарчадаги 56-мактабнинг қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Зинаида Мирзаева. — Уларнинг тақдири, келажаги шу шаҳарча билан боғлиқ. Шаҳарчамиз бундан тўрт-беш ой илгари ниҳоятда кўримсиз аҳволда, ҳатто шаҳарча деб айтишга тил бормайдиган даражада эди. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида бу ерда шунчалик катта ишлар амалга оширилдики, у ҳақиқий шаҳарчага айланди. Кўз ўнгимизда 25 та уй тўла таъмирдан чиқарилди. 24 та янги арзон уй-жой барпо этилди. Шифохона, темир йўл вокзали, иккита мактаб, учта болалар боғчаси, деҳқон бозори, маданият саройи таъмирдан чиқарилди. Йўллар асфальтланди, турфа хил дарахтлар ўтказилди. Кўчалар тунда чароғон бўлди. Шаҳарча марказидаги замонавий бинода болалар ва ўсмирлар спорт мактаби иш бошлади. Буларнинг бари тасаввурга сиғмайди. Қисқа вақт ичида шаҳарча эртаклардагидек янгича безанди, янги қиёфа касб этди, унинг бағрига ҳаётбахш нур оқиб кирди.
Бизни қувонтирган нарсалардан яна бири, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳудудимиз ёшлари эндиликда олий ўқув юртларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинадиган бўлди. Буларнинг ҳаммаси ёшлар шаҳарчаси бўлмиш “Қорақалпоғистон”га, унинг аҳолисига чинакам ғамхўрлик ифодасидир. Бундай улуғвор ишларни амалга оширганлардан миннатдормиз.
***
— Ҳаётдаги ўсиш-ўзгаришларнинг асоси, тараққиётнинг юксалиши халққа нисбатан ғамхўрликда ва юртга нисбатан меҳр-муҳаббатда эканлигини мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида яна бир бор исботлади, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, тахтакўпирлик фермер Сарсенбой Сейтназаров. — Бу ерда қанча бунёдкорликларга, яратувчиликларга йўл очиб берди. Давлат ҳисобидан миллиард-миллиардлаб маблағлар ажратилди. Хорижий инвесторлар билан Қорақалпоғистонни боғлади, бошқачароқ айтганда, юртимизни дунё билан бўйлатди.
Президентнинг “Оролбўйида экологик вазият оғир. Биз Қорақалпоғистонни тиббий хизмат кўрсатиш бўйича намунага айлантирмоқчимиз. Бизнинг ишимиздан, аввало, одамлар рози бўлиши керак. Қачон рози бўлади? Соғлиғи мустаҳкам бўлса!”, деган сўзларини эсланг. Бундай сўзларни шу элга, юртга меҳр-муҳаббати бўлмаган одам айта оладими? Бу бизлар учун Ватанга, Элга садоқат бобида юксак ишонч ва ибрат намунаси! Президентимизнинг бу сўзлари амалий жиҳатдан ҳам ўз исботини топиши шубҳасиз.
Эътибор беринг, қувайтлик инвесторлар келгуси йилда Нукус шаҳрида меҳмонхона билан биргаликда Тахтакўпир туманида пансионат барпо этишни режалаштирганлар. Бу иш учун 20 миллион доллар сармоя киритмоқдалар. Ана шунда бу соғломлаштириш масканида ҳудуд аҳолиси ва меҳмонлар ер остидан чиқадиган шифобахш сув ёрдамида саломатликларини мустаҳкамлашига имкон туғилади. Бу қилинадиган ишларнинг биттаси, холос! Бундай ишлар эса келгусида ўнлаб, юзлаб амалга оширилади. Шундай пайтда ҳар қандай кўнгилдан “Раҳмат, умрингиздан барака топинг!”, деган сўз отилиб чиқиши, шубҳасиз!
***
— Инвестиция ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшувчи қудратли ислоҳотчи моторга ўхшайди. Бундай мотор бўлмаса, юқори тараққиётга эришиш қийин, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг инвестиция ва туризм масалалари бўйича ўринбосари Бахит Ҳабибуллаев. — Шунинг учун Президентимиз Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифида инвестиция соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Тасаввур қилинг, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019-2020 йиллар учун Қорақалпоғистонда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 1018 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу ишларни амалга ошириш учун 11 триллион сўм, жумладан, 895 миллион долларлик тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини киритиш мўлжалланган. Айтайлик, биргина Тахиатош шаҳарчасида 30 миллион долларлик инвестиция ҳисобига маккажўхоридан ярим тайёр фармацевтика маҳсулотлари ва қамишдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар тайёрланмоқда. Бундай улуғвор режалар асосида давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонни янада ривожлантириш, халқимизнинг ҳаётини фаровон қилиш билан боғлиқ мақсадлари ифодасини топган. Бу Оролбўйи элига чинакам ғамхўрлик ифодасидир.
***
— Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар бир келиши ушбу ўлкада катта бунёдкорликлар ва яратувчиликларга йўл очиб бермоқда. Шунинг учун халқимиз у кишининг ташрифини ҳамиша интиқлик билан кутади. Масалан, мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил бошидаги ташрифидан кейин биргина Тўрткўл туманида катта қурилишлар амалга оширилди, — дейди тўрткўллик тадбиркор Улуғбек Ҳусайний Боғибек ўғли. — Намунавий лойиҳалар асосида “Баҳор” аҳоли пунктида 110 та, “Уллибоғ” овул фуқаролар йиғинида 177 та, “Пахтачи” овул фуқаролар йиғинида 70 та, “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 107 та янги уйлар барпо этилди. Бу жойларнинг ҳаммаси ёш оилаларга берилди. Айни кунларда “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яна 186 та уй-жойлар қурилиши битай деб қолди. Буларнинг ҳаммаси биргина Тўрткўл туманида амалга оширилаётган ишлар. Ана энди шу жараённи бутун Қорақалпоғистон Республикаси доирасида бир тасаввур қилинг. Ана шунда ўлкадаги бунёдкорликлар кўламини янада яққол англайсиз. Ёхуд 2019 йилда Қорақалпоғистонда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 45 та қишлоқ ва 3 та маҳаллада бунёдкорлик, қурилиш ишлари олиб бориш режалаштирилган. Улар учун эса 746 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган. Бундай миқёсидаги ишлар кўламини хаёлга сиғдириш қийин. Ахир бир тасаввур қилинг, бу соҳага икки-уч йил илгари, умуман, маблағ ажратилмасди. Энди эса, ана шундай ишларни ҳам амалга оширса бўларкан-ку, деймиз. Халқ учун, юрт учун ҳурмат-эҳтиром, унга хизмат қилиш бундан ортиқ бўлмас!
К. АБДУАЗИЗОВ тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Амударё туманидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгашида тузилган ишчи гуру...
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги олдидан
01 янв 1970
Ўттиз олтита маҳаллани бирлаштирган ва юз минг нафардан ортиқ киши истиқомат қиладиган Каттақўрғон шаҳрида болалар тарбиясига ҳамма жойда бўлгани с...
01 янв 1970
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўт...