Халқимиз қудрати акс этган қонун

/
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда Асосий қонунимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллик санасини кенг нишонлаш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 20 июнда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.
Ушбу фармойиш билан Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланиб, бир қатор самарали тадбирлар ўтказилиши белгилаб берилди.
Хусусан, Дастурда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилиши, Бош қомусимиз қабул қилинганининг йигирма беш йиллигига бағишланган почта маркасини чоп этиш каби тадбирларнинг назарда тутилганлиги бу йилги тадбир ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтишининг далолатидир.
Дастурда кўзи ожизлар учун брайль алифбосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини нашр этиш кўзда тутилгани ҳам эътиборга молик.
Бундан ташқари, Дастурда жойларда Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган спорт мусобақалари (марафон, енгил атлетика, волейбол, баскетбол, футбол бўйича) уюштириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортнинг оммалашувини таъминлаш мақсадида жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинлари ғолиблари, иштирокчилари билан учрашувлар ташкил этилиши назарда тутилганлигини ортиқча изоҳлашнинг ҳожати йўқ.
Шунингдек, Дастурда кенг аҳоли қатламига қулай ва тушунарли бўлиши учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига илмий-амалий шарҳ тайёрлаш ва нашр этиш назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Дастурда барча давлат идоралари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига Бош қомусимизнинг — халқимиз қудрати акс этган қонуннинг йигирма беш йиллигини муносиб нишонлаш хусусида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйган, эркин ва обод келажагимиз пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз ва ундаги нормаларни тарғиб қилиш борасида Адлия вазирлиги ҳам ҳамкор ташкилотлар билан бирга қатор вазифаларни амалга оширмоқда.
Хусусан, Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкамлиги, унинг халқаро талабларга ҳар томонлама мос келишини аҳолига, айниқса, ёшларга тушунтириш бўйича адлия органлари томонидан жами 1 272 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, 43 минг нафар аҳоли (26 минг нафар ёшлар) қамраб олинди.
Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида уч босқичли “Ҳуқуқ билимдонлари – 2017” республика танловининг туман (шаҳар), вилоят босқичлари ўтказилиб, унда 47 865 нафар 8-9-синф ўқувчилари қатнашди.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари учун эса “Сиз қонунни биласизми?” республика кўрик-танловининг 1-3 босқичлари ўтказилиб, ушбу тадбирларда 80 160 нафар ўқувчи иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида 10 та мавзу бўйича тарғибот материаллари тайёрланиб, тарғибот гуруҳларига етказилди.
Энг асосийси, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун конституциявий давлат тузумининг туб маъно-мазмуни, ноёб қирралари атрофлича, қизиқарли ва равон тилда очиб берилган “Ўзбекистон Конституциявий давлат сари” китоби 10 минг нусхада чоп этилиб, маҳаллаларга тарқатилди.
Ушбу китобдан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, халқ таълими муассасалари, вазирликлар, ташкилот
ва корхоналарнинг маънавият ва маърифат, ҳуқуқий тарғибот ишлари бўйича масъул ходимлари, ҳуқуқ ва маънавият тарғиботчилари фойдаланишлари мумкин.
Конституциянинг норма ва тамойиллари ҳаётга татбиқ этилишини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилаётган Асосий қонунимизнинг аҳамиятини ҳаётий мисоллар билан очиб беришга бағишланган туркум тадбирларни ташкил этиш ва бу борада амалга оширилаётган ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлашга қаратилган Адлия вазирлигининг тадбирлар дастури тасдиқланди ва ижрога қаратилди.
Адлия органлари бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда қутлуғ санага бағишлаб қуйидаги тадбирлар ўтказилишини режалаштириб олди:
биринчидан, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари” мавзусида 15 ноябрдан 15 декабрга қадар мамлакатимиз бўйлаб ҳуқуқий саводхонлик ойлигини ўтказиш;
иккинчидан, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ҳамда 300 нафар талабаларидан ташкил этилган 80 та тарғибот гуруҳи томонидан маҳаллалар, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш;
учинчидан, мактаб ўқувчилари ўртасида “Конституциямиз – бахтимиз пойдевори!” шиори остида кўрик танловнинг 3-босқичини ноябрь ойида ҳудудий, республика босқичини эса 10 декабрга қадар ўтказиш;
тўртинчидан, олий таълим муассасалари талабаларининг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Тафаккур синовлари” кўрик танловининг республика босқичини ноябрь ойида ўтказиш белгилаб олинди.
Хулоса ўрнида эътироф этиш ўринлики, халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси, Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни муносиб ўтказиш учун адлия органлари барча ташкилий чора-тадбирларни амалга оширади.
Жасур СИРОЖЕВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хонада учта одам – ота, она ва ўғил суҳбатлашмоқда.
01 янв 1970
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида солиқлар, аҳоли ҳамда корхоналарга кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Бугунги кунда одам савдоси жинояти дунё жамоатчилигини, ҳар бир давлатни ташвишлантириб келаётган муаммолардан бири саналади....
01 янв 1970
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга алоҳида эътибор ...