Таълимдаги инвестиция ва ижтимоий назорат МТМлар фаолияти ва улардаги шарт-шароитларни яхшилашга ундамоқда

/
Ўттиз олтита маҳаллани бирлаштирган ва юз минг нафардан ортиқ киши истиқомат қиладиган Каттақўрғон шаҳрида болалар тарбиясига ҳамма жойда бўлгани сингари чуқур масъулият ва манфаатдорлик ҳисси билан ёндашилмоқда. Чунки ҳар бир оила фарзанди соғлом, билимли ва келажакдаги орзу-умидларнинг рўёби бўлиб улғайишни истайди.
Шу боис ота-она оилада бошланган тарбияни мустаҳкамлаш мақсадида ўғил-қизини энг яхши тарбиячи ва устозлар қўлига топширишга ҳаракат қилади. Дилбанди, нуридийдаси боғчадан илк ҳарфни таниб ёки шеър ёдлаб қайтганида бир хурсанд бўлса, тартиб-интизомли бўлиб улғаяётганидан янада қувониб кўнгли таскин топади.
— Фаолиятимизга нисбатан қўйилаётган талаб шуниси билан масъулиятлики, биз жамиятнинг энг қимматли потенциали ҳисобланган бола онгида илк дунёқарашни шакллантиришимиз, кўпроқ ижобий кўникмаларни пайдо қилишимиз лозим, — дейди Каттақўрғон шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Ўткир Неъматов. — Бу борада ота-оналар, маҳалла ва қатор давлат, нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлигимиз МТМлардаги ижтимоий муҳитни, тарбияга оид шарт-шароитларни яхшилашга ҳамда мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олиш даражасини тинимсиз оширишга хизмат қилмоқда.
Дарвоқе, бугун шаҳарда 21 та МТМ фаолият юритмоқда. Уларда уч ёшдан етти ёшгача бўлган 2 минг 600 нафар бола тарбия топмоқда. Бу боғча ёшидаги жами кичкинтойларнинг салкам 40 фоизини ташкил этади. Ҳолбуки, 8 ой муқаддам, аниқроғи, мактабгача таълим мустақил тизим сифатида эндигина оёққа тураётган пайтда қамров кўрсаткичи 28 фоиздан ошмаган эди. Демак, ушбу шаҳарда яна бир неча юз оила фарзандини боғчага қўйиш имкониятига эга бўлганлигидан беҳад мамнун.
— Лекин гап фақат болаларни бир амаллаб боғчага жойлаштириш ҳақида эмас, таълимда янги сифат ва ёндашувларни юзага келтиришда, ҳар бир МТМда озиқ-овқат, маиший жиҳозлар таъминоти ва коммунал хизматлар масаласида эътирозга ўрин қолдирмайдиган шароитни таъминлашда, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, 23-МТМ мудири Дилафрўз Ҳасанова. — Шу боис партиямиз фаоллари мазкур соҳадаги ишлар аҳволини ўз назоратига олиб бошқарув идораларидан муаммолар вақтида ҳал этилишини талаб қилиб, зарур натижага эришаётганлиги айни муддао бўлмоқда.
Хўш, мактабгача таълим мустақил тизим сифатида шаклланганидан Каттақўрғон шаҳрида қандай ўзгаришларни пайқаш мумкин?
Аввало, мавжуд 21 та боғчанинг барчаси қайта таъмирдан чиқарилди. Сув, оқава ва иситиш тармоқлари созланди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ягона таомнома асосида махсус автомашиналарда марказлашган ҳолда етказиб бериладиган бўлди. Иккинчидан, МТМлардаги кадрлар таркиби қайтадан кўриб чиқилиб, олий маълумотли мутахассислар ҳисобига тўлдирилди. Келгусида олий маълумотли кадрлар билан ишлашни кенгайтириш мақсадида уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, МТМлар фаолияти устидан ижтимоий назорат ўрнатилди. Ота-оналар томонидан тушган ҳар битта шикоят ва эътироз бевосита улар иштирокида ўрганиб чиқиладиган ҳамда вақтида тегишли чоралар кўриладиган бўлди.
Муҳими, мактабгача таълим тизимида рақобатни шакллантиришга нодавлат хусусий МТМлар тармоғини очишга дадил киришилганида. Ҳозир шаҳарда барча шароитларни ўзида жамлайдиган 13 та хусусий боғча жадаллик билан барпо этилмоқда. Шу мақсадда 20 миллиард сўмликдан ортиқ сармоялар жалб этилган. Хусусан, шаҳарнинг “Оқ олтин” маҳалласида қурилаётган 235 ўринли (киритилган сармоя миқдори 7,5 миллиард сўм), “Кунжипай” маҳалласидаги 100 ўринли (сармоя миқдори салкам 3 миллиард сўм), шу билан бирга, Амир Темур маҳалласида 500 миллион сўмлик банк кредити ҳисобига қурилаётган 125 ўринни ташкил этадиган хусусий боғчалар шаҳар эҳтиёжига ҳар томонлама мос бўлиб тушмоқда. Мактабгача таълим муассасалари бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, улардан 7 та боғчани қайта қуриш ва таъмирлаш вазифаси режага киритилгани ҳам мақсадга мувофиқдир.
— Таълимдаги инвестиция энг жозибадор ва самарадорлиги кафолатланган сармоядир, — дея суҳбатни давом эттиради шаҳар мактабгача таълим бўлими раҳбари муовини Улуғбек Жалолов. — Чунки бу сармоя жамиятнинг ёш эгаларини улғайтиришга, уларнинг истеъдод сифатида шаклланишига кўмак беради. Шу боис мактабгача таълимнинг шаҳар бўлимига боғча очиш, сармоя киритиш таклифи билан мурожаат қилган маҳаллий тадбиркорлар ўз танловларидан ҳар қанча хурсанд бўлишса арзийди.
Шу жиҳатдан каттақўрғонлик тадбиркорлар — Меҳринисо Ражабова, Алишер Ҳасанов, Шаҳноза Қурбонова, Дилафрўз Кенжаева, Муҳаббат Нурматова ва бошқаларнинг мактабгача таълим бўлими билан ўзаро ҳамкорлиги, тизимда рақобатни шакллантиришга интилаётганликларини ижобий ҳолат деб баҳолаш лозим.
Демак, Каттақўрғонда болалар тарбиясига тадбиркор ҳам, ота-она, маҳалла, қурувчи, МТМ ва ниҳоят партия фаоллари ўзларини масъул деб билишмоқда. Бундай яқин ҳамкорлик, қўллаб-қувватлашлардан сўнг мактабгача таълим тизимида янги истиқболли ёндашувлар юзага келаверади, албатта.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat”мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. ...
01 янв 1970
Зиёлилар, олиму шоирлар вилоятимизнинг чекка ва чегарадош ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, кўп болали оилаларга маърифат туҳфалари билан кириб ...
01 янв 1970
Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда тараққиёт бардавом бўлади.
01 янв 1970
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун истеъмол тўловлари қимматлашиши жараёни тўхтатилди. ...