Маъмун академияси мамлакат тараққиётига хизмат қилади

/
Мамлакатимиз Президентининг илм-фанни ривожлантириш, олимларнинг илмий фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитлар яратиш, фан ютуқларини соҳалар тараққиёти учун амалиётга татбиқ этиш борасидаги янги ташаббуслари барчамизни беҳад мамнун этмоқда.
Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи чоғида Хоразм Маъмун академияси фаолияти билан ҳам танишиб, бу илм марказида илмий йўналишларни кенгайтириш, тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, уларни амалиётга кенг жорий қилиш, моддий-техник таъминотни яхшилаш ҳақида алоҳида таъкидлагани ана шу юксак эътиборнинг яна бир исботидир. Мулоқот чоғида Маъмун академияси томонидан археология йўналишида эришилган муваффақиятлардан фойдаланиб, бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш, халқимиз тарихини чет эллик туристларга тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Маълумки, Хоразм Маъмун академияси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1997 йил 11 ноябрдаги фармонига мувофиқ қайта ташкил этилган эди. 2006 йили ЮНЕСКО шафелигида Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонланди. Бугунги кунда бу илм-фан даргоҳида 41 нафар илмий ходим, жумладан, 7 нафар нафар фан доктори, 19 нафар фан номзоди фаолият юритмоқда. Улар Хоразм давлатчилик тарихи, она юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг жаҳон фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, Хоразм меъморий ёдгорликларини биологик, физик ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, воҳа шароитига мос қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш, шўрланиш ва чўлланишнинг олдини олиш каби йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда. Маъмун академияси Хива шаҳрида жойлашганлиги бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш учун имкон яратади. Давлатимиз раҳбари Хивадаги Ичан қалъа мажмуасига ташрифи чоғида тарихий обидаларни реконструкция қилиш, туризм борасидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари томонидан академиямиз олимлари олдига қўйилган долзарб вазифаларни фаолиятимизга татбиқ этиш ҳақида фикрлашиб олдик ва амалий ишларга киришдик. Хусусан, жорий йилнинг апрель ойида генетик таҳлил лабораториясига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ФУЛБРАЙТ дастури орқали америкалик биотехнолог олимнинг ташрифи кўзда тутилган. Хорижлик етук олимдан Урганч давлат университети биология йўналиши талабалари 15 кун давомида биотехнологиянинг ютуқлари бўйича маъруза тинглайдилар. Хоразм Маъмун академияси генетик таҳлил лабораториясида иқтидорли талабалар билан амалий тадқиқотлар олиб борилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда академиямиз олимлари нафақат республикамизнинг Фанлар академияси илмий-текшириш институтлари билан, балки жаҳоннинг етакчи илмий марказлари ва олий таълим муассасалари, жумладан, Германия, Америка Табиат тарихи музейи, Флорида ва Калифорния университетлари, АҚШ қишлоқ хўжалиги департаментига қарашли “Термитларга қарши кураш” маркази, Германиянинг Бонн, Хорватиянинг Загреб, Москва давлат университетлари ва бошқа бир қатор илм даргоҳлари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар. Академиямиз лабораторияларида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали унга иқтидорли ёшларимизни жалб қилиш, илмий мактаб яратиш, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган тарихий меъморий обидаларни яхши ҳолатда сақлаб қолиш, янги инновацион ишланмаларни яратиш ва ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш ва шу каби бир қатор муҳим вазифаларни белгилаб олдик.
Авазяз ЖУМАНИЁЗОВ,
Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими,
биология фанлари номзоди, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўла ишга жойлаштириш муаммолигича қолмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишла...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бўстон замонавий шаҳарсозлик маданияти юксалаётган, илм-фан, санъат ва бошқа жабҳаларда гуллаб-яшнаётган шаҳарлардан бирига айла...
01 янв 1970
Ўтган ҳафтада вилоятимиз аҳли ҳаётида катта воқеа юз берди.