Тозариш юз берар кўнгил боғларида...

/
Наврўз эшик қоқмоқда. Фасли навбаҳор яқин, унинг тароватли эпкинлари эса бошлади. Фасллар алмашиниши, қиш бўйи мудраб ётган далаларга тафт кириб, сепилган уруғнинг ниш отиши, гуллаши, ҳосил тугиши, ризқ-насиба бўлиши ва яна уруққа айланиши табиатнинг азалий мувозанатига асосланади. Инсоннинг бутун онгли ҳаёти, келажаги, зурриётларининг тақдири шу буюк тенгликка боғлиқ. Наврўз тарози паллаларининг бошида туради, инсонни бу мувозанатнинг бузилмаслигидан огоҳ қилади.
Соҳиби қудрат томонидан яратилган жамики жонли ва жонсиз нарсалар ўз мақоми ва меъёрида сақланиши, келажак насллар учун асраб-авайланиши, бири иккинчисининг кушандасига айланмаслиги, бири иккинчисининг ҳисобига яшамаслигини ҳар баҳор уқтиради. Машҳур адиб Маркес бу ёруғ оламнинг инкор қилиб бўлмайдиган бир ҳақиқати хусусида “Вақт ўтмайди, у айланади” дейди ва буни айланувчан дунё мисолида, бадиий асарларида, қаҳрамонлари ҳаёти ва тақдирида ишонарли тарзда исботлаб беради.
Дарҳақиқат шундай, биз ҳаммамиз, одамзотдан тортиб то қурт-қумурсқаларгача, дарёлар, кўллар, тоғ-тошлар, барча яратилмишлар аслида бепоён коинотнинг улуғ бағрида, мурувватли қучоғида мангу сайёҳдек айланиб юрамиз. Қуёш ҳам, сайёралар, юлдузлар ҳам айланади. Демакки, инсон зоти ўзи мансуб бўлган мақомдан қанчалик узоқлашмасин, аслига яна қайтиб келади. Бошқа йўл, бошқа манзил йўқ. Бир обод бўлган жой яна обод бўлади. Томирларида буюк аждодларининг қони оқаётган, нияти пок, илдизлари соғлом ва бақувват халқнинг пешонасини саодат нурлари яна ёритади, омад қушлари ҳаёт боғларига қайтиб келади.
Наврўз — кўнгил ободлиги, уйғониш, тозариш, янгиланиш фасли. Бу айём кунларида қилинган дуолар, эзгу орзу-ниятлар ижобат бўлади, саховатли, мурувватли ишларимиз ризқ-рўз, файз-барака бўлиб ўзимизга қайтади. Шу боисдан ҳам, ҳар баҳорда ҳаётнинг абадийлиги, тун ва куннинг тенглиги рамзи бўлмиш бу фусункор дамни орзиқиб кутамиз. Кўнглимизда мунаввар ниятлар пайдо бўлади. Деҳқон мўл ҳосил умидида яхши ният билан даласига отланади. Она табиат ҳаракат қилган, ерга бир нима сочган, бир нима эккан одамнинг қўлини қуруқ қўймайди.
Инсоннинг энг буюк орзуси — тинч-тотув яшаш, роҳат-фароғатда хотиржам умргузаронлик қилиш, ўзидан яхши амаллар, солиҳ фарзандлар қолдириш. Бу орзу унга бир умр ҳамроҳ бўлади, шу орзулари рўёбга чиқиши учун интилади, меҳнат қилади, моддий бойликлар яратади, дунёни безайди, шу аснода ўзи ҳам безанади, янгиланади, ўзи яратган нарсалардан ўзи, болалари баҳраманд бўлади. Меҳнати натижаларидан мамнунлик туяди. Ҳаёт, табиийки, ҳамиша бир маромда кечмайди. Шу боис, гоҳ қувонади, гоҳ сабр-тоқат қилади. Табиат, турмуш машаққатлари уни турфа синовлардан ўтказади. Баҳор бир йили серёғин, серсув келса, бошқа бир йили бунинг акси бўлиши мумкин. Бундай пайтларда у йўл, ечим излайди, тадбиркорлик билан иш тутади. Муаммолар қаршисида бемажол туриб қолмайди. Аммо унинг бу интилишлари табиат мувозанатини бузишга қаратилмаслиги зарур, чунки ҳар қандай ноўрин, худбин манфаатларни кўзловчи хатти-ҳаракат, сув йўлларига қўйиладиган сунъий тўсиқлар, ҳаво оқимларини ифлослаш кейинчалик тузатиб, ўнглаб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқариши аниқ. Оққан дарё оқмай қолмас деганларидек, табиат барибир ўз ҳукмини ўтказади, йўлини йўқотмайди, мувозанатини тиклаб олади.
Наврўз — яшариш, янгиланиш, тозариш фасли. Кўклам — дала ишлари бошланадиган, ризқ-рўзимизни яратиш учун завқли меҳнат бошланадиган, ерга ишлов бериладиган, ариқ-зовурлар тозаланиб, сув йўллари очиладиган баҳорий мавсум. Бугун она замин бағрига тушган бир дона уруғ кузда юз донага айланади, экилган, парваришланган бир дона кўчат ҳадемай мевага киради, дастурхонимиз файзига файз қўшади. Бугун атак-чечак қилаётган болакай эртага ёнимизга киради, кўчат эксак, ниҳолни ушлаб туради, тагига сув қуяди.
Наврўз инсоний меҳр-оқибат, самимий мурувват, саховатпешалик, бағрикенглик, кечиримлилик байрами ҳам. Шундай бўлсагина, дунё чинакам дунё бўлади, яшашнинг завқи ошади. Кўнгил ободлиги юрт ободлигига, кўнгил хотиржамлиги юрт, мамлакат осойишталигига айланади. Ҳаётда гоҳо бўй кўрсатиб қоладиган моддий, маънавий бўҳронларни шу бирлик, шу аҳил-иноқлик, сабр-бардош билан енгиш мумкин. Бу фазилатлар нажоткор, халоскор кучга айланади. Бугун дунёнинг тараққий топган кўплаб давлатлари ўзларининг ҳисоб-китобсиз, ўйловсиз, табиий мувозанатни бузувчи ҳатти-ҳаракатлари сабабли юзага келган иқтисодий таназзулдан азият чекмоқда. Иш ўринлари, ижтимоий ҳимоя дастурлари қисқариб, ишлаб чиқариш кўлами, ялпи миллий маҳсулот ҳажми пасайиб бормоқда. Бунинг оқибатида одамлар ҳаётида, турмуш тарзида, алалоқибат фикр-ўйида, ёшлар тарбиясида жиддий муаммолар юзага келаётир. Даромаднинг пасайиши харид қувватига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу муаммони норозилик намойишлари, иш ташлашлар билан эмас, бамаслаҳат, оқилона чора-тадбирлар, пухта ўйланган режалар билан ҳал қилиш мумкин.
Наврўз латиф баҳорий кайфият, куй-қўшиқ, тансиқ таомларгина эмас, у энг аввало, янги умид, янги режа, руҳиятимиздаги тозариш айёми ҳамдир. Наврўз ҳаёт чироғининг мангу шуъла сочишидан, она замин буюк само бағрида айланар экан, бобо Қуёш еру кўкка бир хилда нур сочишидан, авлодлар ворислигидан, инсон зоти зиммасига бу ёруғ оламни янада гўзал, бой ва мунаввар қилиш, яшнатиш, инсоний ҳузур-ҳаловат бешигига айлантириш масъулияти юкланганидан далолат. Буни тушунмоқ, англамоқ ва унга умр шомига қадар итоат этмоқ зарур. Шу боис, баҳор чор-атрофни латофат либосига буркаганида, бутоқлар ғунча очганида, қушлар чуғури ҳаёт гўзаллиги ҳақидаги симфонияга айланганида туйғуларимизда тиниқиш юз беради, кўчалар, ҳовлилар, боғ-роғлар чирой очади, кўкламойим ўз ўрнини эгаллайди. Наврўз шарофати билан биз бир-биримизга янада меҳрибон, дўст-қадрдонга саховатли бўлиб қоламиз, бир-биримизни самимий бағримизга босамиз. Гина-қудурат унутилади, қиш бўйи униққан хоналарнинг деразалари очилиб, мусаффо ҳаво вужудимизга сингади. Кўнгил кенгликларида, қалб боғларида ҳам тозариш юз беради. Кексалар қўлларини дуога очиб, эл-юртга, фарзандларига Яратган эгамдан омонлик сўрайдилар.
Халқимизда “Ниятинг йўлдошинг бўлсин” деган нақл бор. Йигирма олти йилдирки, шу қутлуғ кунлар умидида жонларини фидо қилган улуғ аждодларимиз руҳини шод қилиш, халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқариш, турмуш тарзимизни ўзгартириш, янги озод ва обод Ўзбекистонни бунёд этишдек эзгу мақсад йўлида бир тану бир жон бўлиб меҳнат қиламиз. Шу мақсадга эришиш учун куч-ғайратимизни сарфлаймиз. Халқимизга нима керак — тинчлик, тотувлик, яхши қўшничилик, эркин ва сермазмун ҳаёт керак. Нафақат Ўзбекистонимизда, бизга яқин ва узоқ барча давлатларда ҳам шундай бўлишини, одамлар бу беш кунлик дунёда бир-бирлари билан аҳил-иноқ, дўст-қадрдон бўлиб яшашларини истаймиз. Ҳеч кимнинг уйи бузилмасин, осмонини заҳарли бутутлар қопламасин, гўдаклар она алласига мириқиб, тўйиб улғайишсин, деймиз. Ҳар тонг дуога қўл очганимизда Оллоҳдан шуни сўраймиз. Яратганимизга шукурки, машаққатли йўлу йилларни, оғир синовларни ортда қолдириб, бугунгидек файзли, баракотли кунларга етиб келдик. Дунё минтақаларида уруш ҳаракатлари, қуролли можаролар авж олган, бор-будидан айрилган қочоқлар сони тобора ортиб бораётган бир пайтда юртимизда тинчлик, тотувлик сақланиб турибди, янги завод-фабрикалар ишга тушмоқда, бунёдкорлик мамлакат миқёсида давом этаётир. Қўшни мамлакатдан меҳмон бўлиб келган бир ҳамкасбимиз водийда, воҳада бўлиб, “Ўзбекистоннинг бир вилоятида бўлаётган қурилишлар кўлами биздаги жамики қурилишлардан ҳам кўп экан”, деган эътирофи бу кунларимизга дунёнинг ҳаваси эмасми?!
Бу йилги Наврўз ўлкамизга алоҳида шукуҳ-тароват билан кириб келмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарорига биноан, бу йилги байрам тадбирлари шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш руҳида, умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилади. Наврўзнинг руҳи ва фалсафасига мос бўлган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, табаррук ёшли инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муҳтожларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилади.
Наврўз шукуҳи юртимиз бўйлаб кезмоқда. Эл-юртда кўтаринки кайфият. Буларнинг ҳаммаси умримиз лаҳзаларини беҳуда ўтказмаслик, савоб ишларни янада кўпроқ қилиш, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиш зарурлигига ишора десак, муболаға бўлмайди.
Аҳмаджон Мелибоев

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мантиқан қараганда, ҳеч ким айнан асфальтда акс эттирилган одам оёғи изларидан қадамлаб юриб, дўкон, дорихона ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб...
01 янв 1970
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор...
01 янв 1970
Китоблар инсон тафаккурининг жавоҳирлари, аждодларнинг авлодлар учун қолдирган ўлмас мероси сифатида эъзозланади....
01 янв 1970
Очиғини айтсам, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биноси олдида турган китоб жавонини кўздан кечириб, ҳафсалам пир бўлди. ...