КИТОБ ИЗЛАБ...

/
Очиғини айтсам, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биноси олдида турган китоб жавонини кўздан кечириб, ҳафсалам пир бўлди. Унча-мунча одам қўлига ҳам олиб кўрмайдиган майда брошюралар, кўпчилик ҳатто номини ҳам билмайдиган газета ва журналлар, айтайлик, 8-синф адабиёт дарслиги бу жойга ким томонидан, нима учун қўйилганини тушуниш қийин.
Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан “Китоб 24” номи остида фаолият кўрсатувчи бепул китоб алмашиш жавонлари Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг маънавий интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш мақсадида ташкил қилинган.
“Китоб 24” жавони ёнида алоҳида лавҳага қуйидаги сўзлар ёзиб қўйилибди:
Ҳурматли китобхон!
Ўзаро китоб алмашиш, ўзингизга манзур бўлган китобни бошқаларга ҳам улашиш мақсадида ушбу китоб жавони ташкил этилди.
Мазкур китоб жавонидан фойдаланиш тартиби:
1. Ўзингиз учун қизиқ китобни танланг.
2. Ўзингизда мавжуд китоб билан уни алмаштиринг.
3. Сизни қизиқтирган китоб топилмаса, у ҳақда ёзиб қолдиринг.
4. Келгусида ушбу китобни топишда тенгдошингиз ёрдам беради.
Мен шу сўзларни ёндафтаримга ёзиб олаётганимда бир йигит (ҳойнаҳой талаба бўлса керак, бўйнига ингичка галстук тақиб, қўлига сумка кўтариб олибди) китоб жавони ёнига келиб, унинг ичига қаради. Кўнгли тўлмади шекилли, биронта китобни варақлаб ҳам кўрмай кетиб қолди. Тўғриси, ўша йигит олдида китоб жавони номигагина қўйилгани, унда на ўзбек адабиётига, на жаҳон адабиётига тааллуқли ақалли бир дона асар йўқлигидан хижолат тортдим.
Тунов куни “Маданият ва маърифат” телеканалида айнан шу мавзуга бағишланган кўрсатувда Ёшлар иттифоқида ишлайдиган бир тили бурро қиз “Китоб 24” лойиҳасини роса мақтаганди. “Китоб жавони тепасига кузатув камераси ўрнатилган. Ҳеч ким қизиқарли китобни олиб, ўрнига биров ўқимайдиган китобни ташлаб кетмайди. Ҳар икки соатда назоратчи жавонни бориб кўради”, деганди. Кўрсатув давомида мактабларда ҳам “Китоб 24” доирасида ташкил этилаётган жавонлар намойиш қилиниб, ўқувчилар бундан мамнун эканини баён этилганди.
Ана шу кўрсатувдан сўнг оддий китобхон сифатида “Китоб 24” лойиҳасига қизиқиб қолдим. Сўраб-суриштирдим. Коллеж ва лицейларда, олий ўқув юртларида бундай китоб жавонлари қўйилганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Андижон вилоятларида ҳам китоб жавонлари ташкил этилгани ушбу хайрли янгилик оммалашиб бораётганидан далолат беради. “Ёшлар китоб ўқимай қўйди” деб писанда қилавермай, уларни китобга жалб этишнинг мана шундай йўлларини топса бўларкан-ку!
“Китоб 24” жавони 24 соат давомида фаолият юритади. Бу жавон ёшларга ўзларидаги китобларни бошқалар билан алмашиб ўқиш имконини беради. Албатта, китоб алмашишда “Ўзингга нимани раво кўрсанг, ўзгага ҳам шуни раво кўр” деган тамойилга амал қилиниши лозим. Хоҳ мактаб ўқувчиси, хоҳ институт талабаси бўлсин, буни қулоғига қуйиб олиши шарт.
Ёшлар иттифоқи биносига кириб, “Китоб 24”га масъул ходимлардан бири билан гаплашдим. Бино олдида турган китоб жавони нега бундай аҳволда эканини сўраганимда, у шундай жавоб берди:
— “Китоб 24” лойиҳасининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, биз энг сара асарлар билан жавонни тўлдириб қўямиз. Ундан фойдаланиш тартиби ҳақида эслатма ҳам бор. Аммо шунга қарамасдан, китоб алмаштираётганларнинг ҳаммасида китобхонлик маданияти етарли, деб бўлмайди. Қизиқарли китобларни олиб, номига бирон рисола ташлаб кетаётганларни назорат қилиш мушкул. Шу боис китоб алмашишда барчани виждонан ёндашишга чақирамиз.
Албатта, ҳар биримизнинг уйимизда озми-кўп китоб бор. Уларни қайта-қайта мутолаа қилганмиз. Бизга олам-олам завқ бағишлаган асарлар энди жавонда чанг босиб ётмай эркин ҳаракатланса, бу китобларни иложи борича кўп одам ўқиса... Нашрдан бош мақсад ҳам аслида шу эмас-ми?!
Одам ўзи ўқиган қизиқарли асарни яна бир ўқувчига етиб бориши учун махсус жойда қолдирса, иккинчи шахс ҳам бу ҳолатни такрорласа, шу тақлид жараён услуксиз давом этаверса, дурдона асарлар, сара китоблар қўлма-қўл бўлиб юрса, қандай ажойиб бўлади.
Дарвоқе, юқорида “Китоб 24” жавонида тилга олишга арзигулик китоб йўқлигини танқид қилгандик. Ёшлар иттифоқи бу камчиликни дарҳол бартараф этиб, жавонга 30 дона қизиқарли китоб қўйди. Демак, китоб алмашувчилар бу гал “Ўзингга нимани раво кўрсанг, ўзгага ҳам шуни раво кўр” тамойилига амал қилишади, деган умиддамиз.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотлари томонидан жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказилди....
01 янв 1970
Партиямизнинг иккала дастури лойиҳаларида ҳам айрим бандлар эътиборимни тортди....
01 янв 1970
Бугунги дунё — мураккаб ғоявий зиддиятлар дунёси, унда “мафкуравий полигонлар ядро полигонларига қараганда кучлироқ ва хавфлироқдир&rdq...
01 янв 1970
ЧИҚИНДИ МАСАЛАСИГАКЕЛГАНДА... БЕГОНА