“Янгиобод” янада обод бўлади

/
Амударё тумани маркази Манғит шаҳарчасининг “Янгиобод” маҳалласидаги 713 хонадонда жами 3598 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 2033 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Битта касб-ҳунар коллежи, битта академик лицей, 2 та умумтаълим мактаби, ҳаммаси бўлиб 28 та турли мақомдаги муассасалар, корхоналар, ташкилотлар жойлашган. Маҳаллада ўз ҳудудидаги 14 та кўча, боғ ва хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, йўллар, йўлакларни ораста асраш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолини аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесга кўмаклашишда ўзига хос тажриба мактаби яратилган.
Яқинда мазкур маҳаллада фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови уюшқоқлик билан ўтказилди. Сайлов тўлалигича қонун талаблари асосида ташкил этилди. Ишчи гуруҳи фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаб, бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилди, ҳовлилар, уйлар, кўчалар ҳамда шаҳарчалардаги, овуллардаги маҳаллалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини юксак савияда ўтказди, тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича таклифлар тайёрлади.
Фуқаролар вакиллари йиғилишида меҳнат фахрийси Б.Энаров сўзга чиқиб, маҳалла халқимизнинг ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик каби қадриятларини мустаҳкамлайдиган, уни энг эзгу ишларга руҳлантирадиган, ажойиб урф-одатларимиз ва анъаналаримизни ривожлантирадиган, энг муҳими, ҳудуд ободлиги, фаровонлигини таъминлайдиган муқаддас маскан эканини алоҳида таъкидлади.
– “Янгиобод” соат сайин яшнаб, яшариб бораётган Манғит шаҳарчамизнинг рамзий кўзгуси ҳисобланади, – деди Бобожон ота. – Бу ерда жуда кўп муассасалар жойлашган. Бошқача айтганда, бизнинг маҳалла ҳаёти орқали бутун туманнинг томир уришини ҳис қилиш мумкин. Қолаверса, туман марказига келган меҳмон, энг аввало, бизнинг маҳалла билан танишади. Шунга кўра унинг ривожини янада юксак поғонага кўтариш лозим. Мен маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига таклиф этилган барча номзодларнинг таржимаи ҳоллари, дастурлари билан танишдим ва Зебо Ражабова номзодини танладим. Нега? Авваломбор унинг ота-онаси ва келин бўлиб тушган хонадони соҳиблари элда катта обрў-эътиборга эга инсонлар. Турмуш ўртоғи тадбиркор. Фарзандларининг барчаси ўқимишли, эл юкини елкага олган азамат инсонлар. Ўзи университетни тугатган ўқитувчи. Туман газетасида, туман ҳокимлигида ишлади. Узоқ йиллардан буён мактабда ёш авлодга таълим бериб келади. Раис қилиб сайласак, қаерга борса ҳам маҳалла учун жон куйдира олади!
Меҳнат фахрийсининг жўяли таклифи барчага маъқул тушди. Бошқа сўзга чиққанлар ҳам номзоднинг намунали оилада камол топгани, илгаридан маҳалла фаолиятида жонбозлик кўрсатиб келаётгани, ҳудудда ўтказилаётган тадбирларда, ҳашар ва тантаналарни бамаслаҳат ўтказишда иштирок этаётгани, юксак маънавиятга эга инсон эканлигини таъкидладилар, барчани шу номзод учун овоз беришга чақирдилар. Кўпчилик овоз билан З.Ражабова Манғит шаҳарчасидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги раиси этиб сайланди.
– Бизда жами 1 шаҳарча, 16 овул ва 30 маҳалла фуқаролар йиғинлари бор, – дейди туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси аъзоси Б.Болтабоев. – Шу кунгача 17 та фуқаролар йиғинларида сайловлар муваффақиятли ўтказилди. Ушбу сайловларда муқобиллик асосида кўрсатилган номзодлар орасидан фуқаролар йиғинларининг 17 нафар раиси ва уларнинг 166 нафар маслаҳатчилари сайланди. Сайлов ўтказилган фуқаролар йиғинларидаги йиғин раисларининг 9 нафари янгидан сайланган бўлса, 8 нафари илгари шу лавозимда ишлаб келаётган номзодлардир. Айниқса, “Янгиобод”, “Қумёп”, “Бештом” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги сайловлар юксак даражада ўтди. Мазкур сайловлар чин маънодаги демократия дарсхонасига айланмоқда.
Ҳаётбек ҚЎЧҚОРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлигининг таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг талаб даражасида фаолият олиб боришига боғлиқ....
01 янв 1970
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади....
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" мажмуида IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Республикамизда 4 декабрда бўлажак сайлов бугунги кунда фуқароларимизнинг диққат марказида турган ҳаётий ва долзарб масала саналади....